Қаршидаги янги корхона 6 ойда 70 мингдан ортиқ кийим-кечак экспорт қилди

13:50 17 Октябр 2024 Иқтисодиёт
319 0

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ/«Халқ сўзи». Сўнгги йилларда Қашқадарё вилояти ҳокимлиги, шаҳар, туман ҳокимликлари делегацияларининг турли хорижий давлатларга тез-тез амалий ташриф билан бориб, у ердаги тадбиркорлар билан икки томонлама учрашувлар ўтказиши, бизнес ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича мулоқотлар олиб бориши анъана тусини олмоқда.

Ана шундай ташрифларнинг бирида Россиянинг йирик тадбиркорлик субъектларидан бири – «Твой» компанияси вакиллари билан ҳам музокаралар ўтказилган эди.

Маълумот ўрнида айтиб ўтиш жоиз, «Твой» компанияси Россиянинг йирик компаниялар тармоғи бўлиб, РФР ва бошқа давлатларда тикув-трикотаж, тўқимачилик, матони бўяш, мато принти каби ишлаб чиқарувчи кўплаб фабрикалар тармоғи ҳамда 350 дан ортиқ йирик савдо мажмуаларига эга.

Музокараларда компания таъсисчилари Қарши шаҳрида ҳам текстиль маҳсулотлари ишлаб чиқарадиган яна бир корхонасини ташкил этишга қизиқиш билдирди. Натижада жорий йилнинг февраль ойида маҳаллий тадбиркорлар билан ҳамкорликда "Осмон гули" МЧЖ шаклидаги хорижий корхонани таъсис этишиб, Қарши шаҳрининг Батош маҳалласи ҳудудида ўзларининг ишлаб чиқариш мажмуаларини қуришга киришди. Қисқа муддат ичида энг замонавий технологиялар билан жиҳозланган корхона барпо этилиб, шу йилнинг март ойи охирида фойдаланишга топширилган эди.

– Айни вақтда корхонамизда 100 дан ошиқ турдаги кийим-кечаклар, турли текстиль маҳсулотлари ишлаб чиқарилмоқда, – дейди корхона раҳбари Елена Щугарева. – Маҳсулотимизнинг асосий қисми хорижга экспорт қилиниши кўзда тутилган. Шунга мувофиқ, айни вақтга қадар 71 минг 653 дона, умумий нархи 2 миллиард 683 миллион сўмлик тайёр маҳсулотни хорижга экспорт қилишни уддаладик. Жорий йилда янги иш бошлаганимиз ва ҳали тажриба тўплаётганимизни ҳисобга олсак, бу ёмон натижа эмас. Келгусида ишлаб чиқариш салоҳиятимиз ҳам, экспорт кўрсаткичларимиз ҳам янада ошиб бораверади.

Корхона масъулларининг маълумот беришича, айни вақтга қадар корхонада 200 нафар киши доимий иш билан банд этилган. Уларнинг асосий қисмини ишсиз ва аввал уйда ўтирган хотин-қизлар ташкил этади. Шунингдек, корхонада яна 300 га яқин ишчи кучига эҳтиёж мавжуд.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер