Қарши шаҳрида замонавий энергия тежамкор қозонхоналардан фойдаланилмоқда

14:18 07 Ноябрь 2023 Жамият
158 0

Фото: “Халқ сўзи”

Қарши шаҳридаги марказлашган ҳолда иссиқлик манбаи етказиб беришга мўлжалланган эски қозонхоналарнинг аксарияти аллақачон ишдан чиққан ва натижада вилоят марказидаги аксарият кўп қаватли уйлар марказлашган иссиқлик тармоғидан узилиб қолган эди.

Албатта, бугун хонадонларни индивидуал тарзда иситишга мўлжалланган воситалар бисёр. Уларнинг аксарияти электр энергияси ёрдамида ишлайди. Ҳар бир хонадонда икки-учталаб бундай қурилмалардан фойдаланилиши эса айни совуқ кунларда электр энергиясига бўлган талабнинг ошиб кетиши ва натижада тармоқларда узилиш пайдо бўлишига олиб келаётгани ҳам бор гап. Шундай экан, муаммони бартараф этишнинг энг яхши йўли аҳоли хонадонларига марказлашган иссиқлик манбаи етказиб бериш ҳисобланади. Бунинг учун эса замонавий, тежамкор қозонхоналарни кўпайтириш керак.

Ана шундай қозонхоналардан бири Қарши шаҳрининг Наво маҳалласида бунёд этилди.

Тегишли инвестиция дастури асосида 29,8 миллиард сўм маблағ эвазига барпо қилинган ушбу 4-марказий қозонхона Туркия ва Италия технологияси асосида жиҳозланган.

— Бу қозонхонанинг энг асосий қулайликларидан бири ниҳоятда тежамкорлиги ҳисобланади, дейди 4-марказий қозонхона раҳбари ўринбосари Абдуғани Бозоров. — Масалан, худди шу қувватдаги эски қозонхоналар соатига 900-1000 куб газ сарфини талаб қилса, бунинг бир соатлик газ сарфи 380 кубдан ошмайди. Барча тизимлар тўлиқ компьютерлаштирилган ҳолда бошқарилади. Иссиқликни аввалдан белгиланган даражада ушлаб туриш имкони мавжуд. Яна бир ўзига хос жиҳати, фойдаланилган иссиқ сув совий бошлагач яна қозонхонанинг ўзига қайтиб келади ва қайта фойдаланилади. Ҳеч қандай канализация чиқиндилари юзага келмайди ва сув исрофига йўл қўйилмайди.

Абдуғани Бозоровнинг қўшимча қилишича, айни пайтда ҳудуддаги 38 та кўп қаватли уйда жойлашган 1520 та хонадон билан шартнома тузилиб, барча тармоқлар иссиқлик манбаи етказиб беришга шай ҳолга келтирилган. Яқин кунлар ичида тизим ишга туширилади.

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер