Қарнабота ғорида қандай синоат яширинган?

14:56 18 Февраль 2025 Жамият
564 0

Абдулазиз ЙЎЛДОШEВ/«Халқ сўзи». Зиёвуддин тоғларининг жанубий ёнбағрида яшовчи аҳоли орасида меваларнинг тошга айланиб қолганлиги ҳақида афсона бор. Улар Гунжак ғоридаги (бу ғор Қарнабнинг шимоли жойлашган) сталактитларни айни афсонанинг сақланиб қолган ёдгорлиги деб ҳисоблашади. Унга кўра, Шаддод исмли подшоҳ ўз гуноҳларини ювиш учун шу ерда сунъий боғ яратган. Гўёки боғнинг дарахтлари, барглари, гуллари ва мевалари чақнаб турадиган ва рангли тошлардан қилинган. Эски вақтда ясалган қимматбаҳо тошларни маҳаллий заргарлар «Шаддод боғи»нинг қолдиқлари деб ҳисоблайди...

Қарнабота манзили тарихий ҳужжатлар, илмий мақолаларда кўп маротаба тилга олинган. Лекин уларнинг асосий қисми ҳудуддаги қазилма бойликлар ва тарихий ёдгорликлардан иборат.

— Қишлоғимиз 3 минг йиллик тарихга эга, — дейди Қарнабота маҳалласи раиси Учқун Бегматов. — Қишлоқнинг ўртасида Қўрғонтепа ёдгорлиги жойлашган. Уни ўрганган олимларнинг айтишича, қадимда ота-боболаримиз кундузи чорвачилигу деҳқончилик қилиб, кеч тушганда шу қўрғонга кирган. Душманлар, босқинчилардан ҳимояланган. Ўрта Осиёдаги энг биринчи масжид ҳам шу ерда қурилган. Мазкур масжид ёдгорлигини ўрганиш бўйича ишлар бошланиш арафасида. Ҳудудимизда бошқа тарихий-маданий ёдгорликлар ҳам кўп.

Дарҳақиқат, Қарнаб қишлоғи жуда қадимий, табиати оғир манзиллардан бири. Қишлоқ Бухоро амирлиги даврида Кармана беклиги таркибига киргани ҳақида илмий далиллар етарли. Қишлоқнинг асл номи Қарноб бўлиб, аҳолиси қарнобий (қарноблик) деб юритилган. Кейинчалик сўз шакли бироз ўзгариб, манзил «Қарнаб» шаклида қўлланган.

Қадимда бу қишлоқ савдогар ва аскарлар учун муҳим қўналға вазифасини ўтаган. Қарнаб нафақат ўтмиши, балки ҳудудидаги табиий бойликлари билан ҳам эътиборли. Қарнаб атрофлари ўтган асрнинг 1945 йилидан бошлаб аввал геология ва минералогия йўналишида ўрганилган. 1957 йилда Қарнаб руда конлари ишга тушган, чўл зонасида 100 дан ортиқ қазилма бойликлари захиралари борлиги аниқланган. Руда конларидаги қазишмаларда кварц материаллари, қора кулранг кварц билан бирга сфалерит топилган.

Бугун Қарнабота қишлоғида 5600 нафардан ортиқ аҳоли истиқомат қилади. Қишлоқ врачлик пунктидан ташқари ўз кичик шифохонаси, 3 та мактабгача таълим ташкилоти, мактаби ва ҳатто, мусиқа мактаби бор. Ҳудудда савдо ва бошқа хизмат кўрсатиш соҳалари ривожланган.

Қарнабота қишлоғидан 10 километр узоқликдаги Тўритоғ бағрида Қарнабота ғори жойлашган. Турли манбаларда уни Гунжак, Ғори Ошиқон, Қарнаб Ато сингари номлар билан аташади. У билан боғлиқ афсонаю ривоятлар талайгина. Ғор хусусида кўпроқ ана шу афсонаю ривоятлар орқали маълумот олиш мумкин. Айрим манбаларда у Амир Темур номи билан боғланса, бошқалари ундан ҳам қадимги воқеаларни ҳикоя қилади.

Жумладан, Низомуддин Ибн Садриддин Бухорийнинг тарих фанлари доктори Маҳмуд Ҳасаний томонидан таржима қилинган «Қарнаб ото ғори» рисоласида бй жой Ғори Ошиқон ва Мақоми Маъсума дейилиши ҳазрати Мусо алайҳиссаломнинг умматларидан бири Хожа Ҳумой Ғорийнинг манзили эканлиги билан боғланади. Унга кўра Мусо алайҳиссалом айнан шу ерда Аллоҳнинг жамолини кўрган.

Одатда, ғорлар оғзи ёнга қараган бўлиб, уларга кириш нисбатан қулай бўлади. Бироқ бу ғорга ўз вақтида фақат тепадан, тоғ устидаги туйнукдан, арқон ёрдамида тушилган. Ўша туйнукни ҳам маҳаллий чўпонлардан бошқа одамнинг топиши амримаҳол. Ҳозирги ён томондан кириш жойи кейинчалик сунъий ҳосил қилинган. Бир неча юз метрли ушбу туйнукни очиш осон бўлмаган. Чунки ундан ўтиб борар экансиз, йўл тошни йўниш орқали очилганига гувоҳ бўласиз. Бу иш қачон ва нега қилингани ҳақида ҳам маълумот йўқ.

Ғорнинг ичи анча кенг. Тепадаги ғира-шира ёруғлик ўтказадиган туйнукдан оқиб тушган сув асрлар давомида деворларда ўзига хос нақшлар чизган. Томчилар йиғилишидан юзага келган сув йўлаги ғорнинг зулмат қоплаган бағрига қараб кетади. Қарноблик кексаларнинг айтишича, ғор тубидаги бу ариқчадан илгари қишин-ёзин сув оқиб турган.

Ғоп шифтида осилган сумалаксимон оҳаклар ўзига хос бир жозиба кашф этган. Табиатнинг бу ғаройиб мўъжизасини кузатиб, зулмат қаърида булутлар сузиб юргандек туюлади. Ҳар бир тош ёруғлик шуълалари остида турлича жилоланади. Тилларанг деворлар бу манзарага улуғлик бахш этади.

— Ғордаги кенг майдон бир вақтнинг ўзида юзлаб одамни сиғдириши мумкин, — дейди бу ерга ижодий сафар қилган журналист Анвар Мустафоқулов. Уни ўрганаётиб, пастга қараб кетган яна бир йўлакка кўзимиз тушди. Бироз юриб билдикки, ғорнинг асосий қисмидан 30 метрлар пастда яна бир ўтиш жойи бор. Бу биз учун ҳам янгилик бўлди. Сабаби манбаларда ғорнинг давоми борлиги ҳақида айтилмаган. Одатда ғорлар қаердадир тугайди. Яхши ўрганилмаган ва охирига борилмаган бу каби ғорлар эса саноқли. Қашқадарёдаги Тарағай ғорига уюштирган экспедициямизда ҳам шундай ҳолатга дуч келгандик. Афсуски, ғор ичига қараб юришни шу жойда тўхтатишга мажбур бўлдик. У ёғи ҳаракатланиш учун хавфли. Ғордалигимизда бир қизиқ ҳолатни пайқадик. Ташқари салқин бўлса, ғор ичига кириб боришимиз баробарида ҳаво ҳарорати ҳам кўтарилиб борди. Ҳароратдаги бу ўзгариш биз олдин борган ғорлардагидан анча юқори. Катта эҳтимол билан жараён ғор тубида яширинган синоат билан боғлиқ. Буёғи олимлар эътиборига ҳавола.

Қарнабота ғори ҳали ҳам ўз сир-синоатини ҳеч кимга тўлалигича очмаган. Ўйлаймизки, вақти келиб у яна ҳам чуқур ўрганилади. Халқимизнинг тарихи яна бир саҳифа билан тўлдирилади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?