Қарийб 950 ёшли Сайроб чинорлари
Фарҳод ЭСОНОВ/«Халқ сўзи». Сурхондарё хушманзара манзилларга бой. Бойсун туманидаги Сайроб қишлоғи ҳақида гап кетганда, аввало кўз ўнгимизда ёши салкам минг йиллик икки туп чинор гавдаланади.
Кўҳна чинорлар танасида катта ковак бўлсада, улар қарийб 950 йилдан буён яшнаб туради. Чинор коваги ўтган аср бошларида бир муддат аскарлар қароргоҳи, 1920 йилда қишлоқ кенгаши идораси, 1932-1934 йилларда кутубхона фаолият олиб борган. Кейинчалик қишлоқ савдо дўкони, мактаб, чойхона, сартарошхона сифатида ҳам фойдаланилган. Сайроб чинорлари табиий ёдгорлик сифатида муҳофазага олинган. Ҳозирда чинорлар ковагида мўъжазгина музей ташкил этилган.
У ердаги балиқлар ҳам машҳур. Ушбу манзил маҳаллий ва хорижлик сайёҳларнинг севимли масканларидан. Сайёҳларга қулайлик яратиш мақсадида узоқ йиллик тарихга, ўзига хос туристик аҳамиятга эга. Масканда санитария-гигиена шохобчаси, кўчма савдо дўконлари қурилган. Ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари олиб борилган.
Бу қишлоқда яна бир синоат бор. 3 мингга яқин аҳоли истиқомат қилувчи қишлоқда на илгари, на ҳозир бирорта ҳам қандли диабет касаллигига чалинган киши учрамайди. Бунинг сири, булоқ ва балиқлар билан боғлиқ.

— Бу булоқ қишлоғимизнинг асосий ичимлик сув манбаи, — дейди меҳнат фахрийси Жўрабек Ҳасанов. — Деярли барча ташиб ичади, аҳоли доимий истеъмол қилади. Ёшим 70 га яқинлашяпти. Шу пайтгача ҳудудимизда бирорта одам «сахар» бўлмаган. Илгари ҳеч ким, ҳатто биз ҳам бундан хабардор эмасдик. Бугун чашма сувини ҳатто қўшни вилоятлардан ҳам келиб олиб кетишади. Беморлар бунинг фойдасини сезаётганини ўзларидан ҳам эшитяпмиз. Қани, олимларимиз сувни текширса, ўрганишса. Бундаги сир-синоатларни илмий исботлашса. Қишлоғимиз тоғнинг шундоққина тагида жойлашган. Булоқ суви ҳам тоғ тагидан келяпти. Одамлар сувни тоғ бағридан келади, деб ўйлайди. Лекин бу тоғ сувсиз, номи ҳам «сувсиз тоғ». Қор ҳам эрта баҳордан эриб кетади. Асрлар оша бир хил маромда оқиб турувчи чашма суви бу тоғда йиғилмаслиги аниқ. Сув жуда узоқлардан оқиб келади. Чашмадаги балиқлар бир хил турда, бошқачаси учрамайди. Улар гоҳ кўпайиб, баъзида сийраклашиб туради. Балиқларни ҳеч ким овламайди. Бу балиқни еган одам бир балога учрайди ёки териси «пес» бўлади, деб болалигимиздан уқтиришган. «Сариқ» касаллик билан оғриганлар шу булоқдаги балиқларга соатлаб тикилиб турса, унинг терисидаги сариқлик кетишини ҳам маҳаллий аҳоли ўз тажрибасида исботлаган.
Қишлоқ оқсоқоли Жўрабек отанинг мулоҳазаларини тинглаб, Навоий вилояти Нурота шаҳар «Чашма» тарихий-меъморий мажмуидаги Чашма булоқ ҳовузи ёдимизга тушади. Булоқдаги балиқлар Сайроб чашмаси балиқлари билан бир хил турда. У балиқлар ҳам овланмайди. Сувлар таъми ҳам бир-биридан деярли фарқ қилмайди. Балки бу икки булоқ ва балиқларнинг боғлиқлиги бордир?! Ҳудудлар жойлашувидан келиб чиқсак, Сайроб булоғи юзлаб чақирим йўл босиб Нурота чашмасидан келаётгандир деган эҳтимол ҳам бор.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- 21 октябрь – Ўзбек тили байрами куни
- Ўз халқини Сиз каби чин дилдан севадиган давлат раҳбарини учратмадим – «ACWA Power» компанияси бошқаруви раиси Муҳаммад Абунайян
- Ўзбекистон тасвирий санъат галереясида Самарқанд мактабининг янги нафаси
- Иш билан боғлиқ бахтсиз ҳодисалар ва касбга оид касалликлар ҳақидаги маълумотларнинг яхлит тизими йўқлиги кўрсатиб ўтилди
- Ҳар бир ҳудудда “Касаба уюшмалари боғлари” ташкил этилади
- Тошкентда дипломатик ваколатхоналар ва халқаро ташкилотлар ўртасида ХІХ халқаро мини-футбол турнири ташкил этилди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг