Қардош турк халқига зарур бўлган буюмлар тўплаш давом этяпти
Туркиянинг жануби-шарқий қисмидаги вилоятларда 6 февраль куни юз берган кучли зилзила оқибатида қурбон бўлган ва жабрланганлар сони, афсуски, соат сайин кўпайиб бормоқда.
Туркиядаги бугунги синовли кунларда Ўзбекистон халқи ҳам ёрдамдан четдан тургани йўқ. Айни пайтда юртимизда Туркия халқига ёрдам бериш учун хайрия акциялари ўтказилмоқда.
Бундай савобли ишда самарқандликлар ҳам фаоллик кўрсатмоқда. Жумладан, Самарқанд халқаро аэропортида ва Самарқанд шаҳрининг Сўғдиёна массивидаги Янгиобод масжиди автотураргоҳида Туркияда содир бўлган зилзила оқибатида жабр кўрган қардош халқ вакилларига юбориш учун қишки кийимлар, озиқ-овқат маҳсулотлари, кўрпа-тўшак, қўл фонари ва шунга ўхшаш кундалик эҳтиёж учун зарур бўлган буюмлар тўпланмоқда.
Самарқанд шаҳрида гуманитар ёрдам жўнатиш учун аҳолидан буюм ва маҳсулотлар қабул қилиш кечадан бошланди. Шу пайтгача юзлаб инсонлар бу хайрия ишига ўз ҳиссасини қўшиб улгурди. Ёрдам қилиш истагида бўлган инсонлар оқими тўхтамаяпти.
Кўнгилли-ташкилотчиларнинг айтишича, турли ёшдаги ҳамюртларимиз олиб келаётган нарсаларни контейнерларга жойлашда қўл қўлга тегмаяпти. Буюм ва озиқ-овқат маҳсулотлари махсус қутиларга солиниб, безарар манзилга етказиш чоралари кўрилмоқда.
Турк халқи билан кўп асрлик дўстмиз, илдизимиз бир. Буни чуқур ҳис қилган халқимиз хайрли ташаббусни чин юракдан қўллаб-қувватлаяпти. Бунга бош қўшаётган юртдошларимиз сони кундан-кунга ошаётгани эътиборга молик, албатта.
Абдулазиз Йўлдошев, «Халқ сўзи».
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Шавкат Мирзиёев аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартиришга оид муҳим қарорни имзолади
- Ўзбекистонда 2025 йил 1 апрелдан электр энергияси ва газ нархлари оширилади
- “Энг яхши мақолалар” танлови ғолиблари аниқланди
- Ҳарбий хизматни ўташ билан боғлиқ тартиблар янгиланади
- Вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизими такомиллаштирилмоқда
- Наманганда 3 та йирик институт битта университетга бирлаштирилади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг