Қаловини топса қор ёнади
Истам ИБРОҲИМОВ/«Халқ сўзи». Қодир Рўзиев 77 ёшда. Аммо қўни-қўшнилар уни ҳалигача чойхонада оёқ узатиб ўтирганини кўришганича йўқ. Суҳбатлашганда ҳам гапни қисқа қилади. Бекорчи одамни жини суймайди. Айниқса, ҳовлисини гулдек яшнатмаган, нуқул туриш-турмушдан нолиган кишиларни кўриб қолса ўзини қўярга жой тополмайди. Шундайларга танбеҳ берган пайтлари ҳам бўлган. Отахоннинг томорқага меҳр баланд. Суяги далада қотган бу инсоннинг она-табиатга меҳру муҳаббати ҳам бўлакча.
— Иқлим ўзгариши ортидан экологик муаммолар кўпаймоқда, — дейди Олот туманидаги «Денов» маҳалласида яшовчи Қодир ота. — Ҳар бир дарахт, ҳар бир бутанинг қадру қиммати билинаяпти. Томорқамизда манзарали дарахт кўчатлари етиштиришни йўлга қўйдим. «Ҳайт деган туяга мадад», деганларидек юртимиз бўйлаб кенг қулоч ёйган «Яшил макон» дастури ижросига ҳарна бўлсада ҳиссам қўшилсин, деяпман...
Жорий мавсумда отахон 20 минг тупдан зиёд Калифорния тераги, 200 – 300 туп атрофида қора қарағай, арча кўчатларини етиштирди. Томорқада шунингдек, тоғолди ҳудудлардан келтирилган камёб арча кўчатларини ҳам кўриш мумкин. Қодир ота шу иш ортидан тузуккина даромад топаяпти.

— Дарахт ҳаводаги карбонат ангидридни ютади, — давом этади у. – Кислород ишлаб чиқаради. Тупроқни мустаҳкам ушлайди. Бизнинг маҳаллий шароитда бу жуда муҳим. Дарахт сояси саратонда жоннинг роҳати. Шу боисдан ҳам уйи олдидаги ариқ бўйига, бўш ётган бир парча ерга мевали ёки манзарали дарахт кўчати ўтқазмаган айрим боқибеғамларни кўрганимда хуноб бўламан.
Кузатишлар кўрсатаяптики, моддий кўмак сўраб маҳалла остонасини босиб ўтганлар орасида томорқасидан тузук фойдаланмаётган, «Олма пиш, оғзимга туш» қабилида яшаётганлар ҳам оз эмас. Боқимондаликнинг турган-битгани оилага, жамиятга зиён. Бундайлар нафақат Қодир ота, балки Вобкент туманининг Чангарон қишлоғида яшовчи Жўрабек Ҳайитовдан ҳам ибрат олса арзийди.
— Дастлаб кичик бир иссиқхона барпо этиб, қишда сабзавот маҳсулотлари етиштиришни йўлга қўйдим, — дейди ёш оила соҳиби. — Шу ишнинг ҳадисини олгач, иссиқхонани яна биттага кўпайтирдим. Цитрус мевалар, жумладан лимон етиштиришга ҳам киришдим.
Жўрабек ҳам Қодир ака каби ерга меҳр қўйган. Унинг ҳар қаричини қадрлайди. Экин экиш олдидан чувалчанглар воситасида биогумус ҳосил қилиб, тупроқ ҳосилдорлигини оширишга замин ҳозирлайди. 6 сотихли иссиқхонасида 2 минг туп булғор қалампирининг сара нави кўчатидан ўтқазганди. Бозорга чиқарилса харидор кўзини ҳам, кўнглини ҳам уза олмайдиган қалампир шунақанги ҳосил бердики, асти қўясиз.

Айтмоқчи, Жўрабекнинг бозорга тушишига ҳожат йўқ. Тайёр ҳосилни иссиқхонанинг ўзидан кўтарасига олиб кетишяпти. Биргина қалампирнинг ўзи оилага 25 миллион сўм даромад келтирмоқда. Шиғил ҳосил тугадиган 30 туп лимон, иккинчи иссиқхонада етиштирилаётган эртанги картошка ҳосилини ҳам пулга чақсангиз, миришкор ёш деҳқонга «Отангга балли» дейишингиз тайин.
— Давлатимизга раҳмат, — дейди Ж. Ҳайитов. — Ер билан тиллашиб ишлаш мақсадини ўз олдига қўйган киши борки, қўллаб-қувватланмоқда. «Маҳалла еттилиги» ўй-ташвишларимизни енгиллаштиряпти. Турли имтиёзлар берилмоқда. Эҳтиёжмандларга экин ерлари ажратиляпти. Бу имкониятлардан оқилона фойдаланган киши бирор бир нарсага зориқиб қолмайди.
Ҳақ гап. Биргина Вобкент мисолида олиб қаралса, тумандаги 22 та маҳаллада мавжуд томорқа хўжалиги у ёки бу маҳсулот етиштиришга ихтисослаштирилмоқда. «Бир маҳалла – бир маҳсулот» тамойили асосида амалга оширилаётган бу иш натижасида сабзавотчилик, картошкачилик, полизчилик ва ҳатто анору анжирчилик йўналишларида ишлаб бозорни тўкин этаётган деҳқону боғбонлар сулоласи шаклланяпти. Ҳақиқий хазина саналган ерни қаровсиз қолдирмаслик, томорқани қишин-ёзин «ишлатиш» чекка қишлоқлардаги камбағаллик деган дардга энг яхши малҳамдир.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистонда Касбий таълим агентлиги ташкил этилади
- Рўзиқул Бердиевнинг матбуот анжуманидаги фикрлари юзасидан суриштирув ўтказилади
- АҚШ Россияга босим ўтказишнинг муқобил усулларини ўрганмоқда
- Трамп Корея яриморолидаги можарога якун ясашга ваъда берди
- Ўзбекистоннинг янги траекторияси: Асосий хорижий трансферлар харитаси
- Ҳиндистонда «Монтта» циклони сабабли қарийб 90 минг киши эвакуация қилинди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг