Қалб зиёси

19:19 01 Апрель 2022 Маданият
2343 0

Фото: Иллюстратив фото

2 апрель — Халқаро болалар китоби куни

Машҳур эртак-ёзувчи Ҳанс Христиан Андерсенни танимаган, билмаган бола бўлмаса керак. Чунки унинг эртакларни ўқиган ёки бўлмаса унинг асарлари асосида яратилган мультфильмларни кўрганликларига шубҳа йўқ. Ҳар йили машҳур ҳикоянавис адиб Ҳанс Кристиан Андерсеннинг туғилган куни – 2 апрелда Халқаро болалар китоби куни дунё бўйлаб нишонланади. Ушбу байрам 1967 йилда Ёшлар китоблари халқаро кенгаши (IBBY) ташаббуси ва қарори билан жорий этилган. Кенгаш ушбу кун орқали болаларнинг китоб ўқишга бўлган қизиқишини яхшилаш, янги авлод маънавий ва интеллектуал қиёфасини шакллантиришда болалар китобининг ролини оширишни тарғиб қилади. Шунингдек, байрамнинг мақсадларидан бири болалар адабиёти, китоб санъати ва маданиятини ривожлантириш ҳамда болалар китобхонлиги борасидаги мавжуд муаммоларга дунё ҳамжамияти эътиборини қаратишдан иборат.

Болалар адабиётининг пайдо бўлиши ва ривожланиши нисбатан яқин ўтмишга эга. XVII асрнинг ўрталарига қадар болаларга эртаклар асосан оғзаки айтилган ва улар ота-оналар орқали етказилган. XVIII асрда болалар Д.Дефонинг «Робинзон Крузо» ва Ж.Свифтнинг «Гулливернинг саёҳатлари» сингари машҳур асарлари билан танишдилар. XIX асрга келиб ака-ука Гримм ва Ҳанс Андерсенлар болаларга эртаклар тақдим қила бошладилар.

Ҳозирги кунда болалар адабиёти алоҳида бадиий йўналиш ҳисобланади. Ҳар йили дунёнинг турли ҳудудларида жойлашган Ёшлар китоблари халқаро кенгашининг филиаллари ушбу ажойиб байрам – Халқаро болалар китоби кунини халқаро миқёсда нишонлаш бўйича ҳомийлик қилади.

Ҳар икки йилда бир марта ўтказиладиган Болалар китоблари куни фестивалида болалар ёзувчилари ва рассомлари ушбу адабий соҳадаги асосий мукофот – Ҳанс Кристиан Андерсен номидаги Халқаро мукофотга сазовор бўладилар. Андерсен олтин медали «Кичик Нобел мукофоти» ҳам деб аталади. Олтин медаль болалар китоблари бўйича халқаро кенгашнинг навбатдаги конгрессида номзодларга топширилади, шунингдек болалар китобларининг дунё тилларига қилинган энг яхши таржималар учун ҳам фахрий ёрлиқ берилади.

Болалар китоблари куни муносабати билан турли мамлакатларда энг яхши бадиий асарларга бағишланган кўргазмалар, танловлар, конференциялар ва фестиваллар ўтказилади. Тадбирларга замонавий болалар ёзувчилари ва шоирлари таклиф қилиниб болалар ва ўсмирлар билан мулоқот қиладилар ҳамда ушбу ҳафталик давомида асарлар мутолаа қилинади.

Француз адиби Дени Дидронинг «Одамлар китоб ўқишдан тўхтасалар, фикрлашдан ҳам тўхтайдилар» деган гапи бор. Ҳақ гап! Эътибор беринг, биз эндиликда дунёда тараққиёт, тамаддун кучайган, маънавият юксалган бир пайтда яшаяпмиз. Бунинг асосида эса инсон ақл-заковати, тафаккури ўсиши, илм-фаннинг ривожланиши, янги илмий ишланмалар, кашфиётларнинг ҳаётга татбиқ этилиши каби жараёнлар ётади. Шунинг учун ҳам Президентимиз илк раҳбарлик фаолиятидан бошлаб мамлакатимизда илм-фанни ривожлантиришга, илм-фан аҳлининг, айниқса, истеъдодли ёшларнинг илмий фаолиятини рағбатлантиришга алоҳида эътибор қаратди. Мамлакатимиз Президентининг китоблар нашр этишни кучайтириш, унинг тарғиботини яхшилаш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш борасидаги қарорлари, дастурлари эълон қилинди. Булар ижтимоий ҳаётимизга катта таъсир кўрсатиши шубҳасиз.

Негаки, яхши китоблар нашр этишни йўлга қўймасдан, китобхонликни кучайтирмасдан туриб илм-фанда юксак натижага эришиб бўлмайди. Шу билан бирга, китоб ва китобхонликни ривожлантирмасдан туриб, юксак маънавиятга эришиш қийин. Шунинг учун давлатимиз раҳбари маърузаларидан бирида «Китобсиз тараққиётга, юксак маънавиятга эришиб бўлмайди. Китоб ўқимаган одамнинг ҳам, миллатнинг ҳам келажаги йўқ», деб таъкидлаган эди. Бугун юртимизда китоб нашр қилиш ва китобхонлик давлат сиёсати даражасида эътироф этилмоқда. Яхши китобларни нашр қилаётганлар ҳам, кўп китоб ўқиётганлар ҳам тақдирланмоқда. Президентимизнинг «Буюк алломалар, адиб ва мутафаккирларимиз ижодий меросини кенг ўрганиш ва тарғиб қилиш мақсадида ёшлар ўртасида китобхонлик танловларини ташкил этиш тўғрисида»ги қарори бу соҳадаги ишларнинг яна бир амалий натижаси бўлди.

Шу ўринда яна бир нарсани айтиш зарур. Халқимиз, миллатимиз илм-фанни, китобни, китобхонликни азал-азалдан қадрлаб келган. Аждодларимизнинг қадим даврларда академиялар, илмий мажлислар, илмий анжуманлар, байтул ҳикмалар ташкил этганлари, навоийхонлик, ҳофизхонлик, бедилхонлик, машрабхонлик, қиссагўйлик ўқишлари ўтказганлари, «Гўрўғли», «Алпомиш», «Кунтуғмиш» сингари достонлар асосида бахшилар, оқинларнинг айтишувларини уюштирганлари тарихдан маълум. Буларнинг ҳаммаси халқимиз маънавиятини юксалтиришга хизмат қилган.

Не бахтки, бугунги кунда аждодларимиздан мерос бу анъаналар яна қайтадан ҳаётимизга янгича асосларда татбиқ этилмоқда. Ҳаётимизни маърифат нури улашувчи китобларсиз тасаввур қилиш қийин. Токчаларда илгаригидек китоблар маҳтал бўлиб тургани йўқ. Чунки халқимиз китоб мутолаасига иштиёқ билан кираётир. Айниқса, ўсиб келаётган баркамол авлод қалбида китобга бўлган меҳрни уйғотиш давлат сиёсати даражасига кўтарилди.

Болаларга сифатли китоблар етказиб бериш учун ижтимоий аҳамиятга молик лойиҳалар амалга оширилмоқда. Оқибатда, болалар кўнглига тез ва осон кириб борадиган китоблар дунё юзини кўраётир. Ақлли ва билимли инсон ҳамиша ўзини балолардан ҳимоя қила олади, дунё илмларини тўлиқ эгаллаган инсон эса қудратли шахсга айланади.

Аслида миллатимиз фарзандларининг ҳаммаси табиатан қизиқувчан, интилувчан, истеъдодли. Уларни тўғри йўлга йўналтириш эса биз катталарнинг бурчимиздир. Ёшлигидан донишмандларнинг сўзлари битилган асарларни ўқиш асносида болаларимиз тарбияланади, қолаверса, ўзларига керакли бўлган ҳаёт таълимини эгаллайди. Меҳрни қаҳрдан, яхшиликни ёвузликдан ажрата олишга ҳаракат қилади. Эртакларни ўқиб эзгулик ҳар доим ғалаба қозонишини ёвузликнинг умри қисқа эканини тушуниб етади.

Китобларни қўлдан қўймасдан уни ўқишга вақт топаётган болалар тарбияланган саналади. Тарбияланган болаларни шакллантириш ўз қўлимизда эканини англаб етган ҳолда ота-оналарга ҳам бурчларини тушунтириш ва дунёда китобдан қимматбаҳо нарса йўқлигини, у асосий тарбияловчи восита эканини англатмоғимиз керак, назаримда. Китобдан донишмандликни элга тарқатувчи қурол сифатида фойдаланилади. Ҳар куни донишмандларнинг сўзларидан баҳра олиб яшаб, маънавий озуқага эга бўлиш мумкин.

Қодиржон МАМАРАСУЛОВ,

Қибрай туманидаги 5-умумтаълим мактабининг

ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчиси

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер