Қайтим учун нега танга ўрнига гугурт, қурут, сақич берилмоқда?

17:52 21 Июль 2023 Жамият
873 0

Фото: “Халқ сўзи”

Аҳоли билан мулоқотлар жараёнида нақд пулли ҳисоб-китобларни олиб борувчи хўжалик юритувчи субъектларда савдо ёки хизмат кўрсатиш амалиётлари амалга оширилганда нега сотувчи харидордан сўрамай, қўлига қайтимни тутқазиб қўя қолмайди, деган фикрга кўп гувоҳ бўламиз.

Бу муаммога ечим топиш мақсадида мустақил равишда тадқиқотлар ҳам ўтказдим. Дастлаб банкларда етарли миқдорда майда пуллар (тангалар) етарли миқдорда мавжуд эмасдир, деган шубҳа уйғонганди. Аммо тадқиқотлар натижасида тижорат банкларида майда пуллар (тангалар) етарли миқдорда бор, лекин сотувчилар уларни олиб, кундалик олди-сотди амалиётларида фойдаланишдан манфаатдор эмас, деган хулосага келинди.

Агар қайтим беришни бошласа, улгуржи нархи 100 сўмдан оладиган гугуртнинг бир қутисини 500 сўмдан, арзимаган пулга оладиган қурутни 250-500 сўмдан (биров астойдил бўлиб харид қилмайдиган турли сақичларнику умуман гапирмасаям бўлади) харидорга ўтказиб, юқори даражадаги фойда кўролмай қоладида. Шу ўринда, аҳоли орасида ҳам “тангани йўқотиб қўяман, қайтимга бирор нарса берақол”, дейдиганлар ҳам учраб туради.

Шу каби хулосаларни умумлаштирган ҳолда, танга пулларни иқтисодиёт тармоқларида айланишини таъминлаш учун қуйидаги таклифларимни билдирмоқчиман:

Биринчидан, иқтисодиёт тармоқларида оддий ҳолга айланган товар, иш, хизматлар калькуляциясини ишлаб чиқиш жараёнида нархлар (тарифлар)ни яхлитлаш амалиётини бекор қилиш керак. Анъанага кўра, 50 сўмгача бўлса, истеъмолчи фойдаси томонга камайтирилиб, 51 сўмдан бошлаб хўжалик юритувчи субъект фойдаси кўпайтириб яхлитлаш, деган ҳолат бор. Лекин бугунги кунда ушбу яхлитлаш 100 сўмгача эмас, балки 500 сўмгача ва 500 сўмдан ортиқ даражасида ҳисобланмоқда. Йўл ҳақи ошди дейилганда, транспорт корхонасининг йўл кирани белгилашига эътибор қаратилса, уларнинг фикри фақатгина қайтим қайтаришга қулай бўлиши ёки умуман қайтарилмаслигига мосланишида бўлади, назаримда. Оқибатда 2-3 км жойга қатнайдиган “Дамас” ҳайдовчиси йўл кирани 1000 сўмдан 1500 сўмга эмас, балки тўғридан-тўғри 2000 сўм қилиб белгилаб қўя қолади.

Айтайлик, ҳозир энг кичик майда пул 50 сўм бўлса, ўшандан ортиқ яхлитлашга йўл қўйилмаслиги лозим. Бу эса тангани муомалага кириб келишига, уни кунлик айланмада қатнашишига шароит яратади.

Иккинчидан, танловлар ўтказиш. Масалан, ушбу танловлар ОАВ вакиллари — журналистлар ўртасида бўлиши мумкин. Танловда миллий пул бирлигимиз, унга ҳурмат билан муносабат, ҳар бир тийинига эътибор каби масалалардаги мақолалар қатнашиши мумкин бўлади.

Учинчидан, имтиёзлар, товар (иш, хизматлар) учун нақд пулда тўланганда муайян сумманинг маълум қисмини (айтайлик 10 фоизини) танга пулда тўланганда, чегирма берилиши варианти. Масалан, бугунги кунда жарималарни 15 кун ичида тўланганда қоидабузарга катта миқдорда чегирма берилмоқда. Шунга ўхшаш механизм ўйлаб топилиши мумкин.

Тўртинчидан, дам олиш ва кўнгилочар жойлардаги автоматларни банкнотага (қоғоз пулга) эмас, балки танга пулга ишлайдиган қилиб созланиши одамларни ёнида танга пул олиб юришга ўргатиб, яхши натижа берар эди.

Агар юқоридаги каби таклифлар амалиётга жорий қилинса ёки шунга ҳаракат қилиб кўрилса, балки одамларимизда танга пулга бўлган ҳурмат бироз ошиб, уларни яна ҳамёнларида олиб юришга одатланар ва бу билан тангаларни “иш билан таъминлаган” ҳамда уларни иқтисодиёт тармоқларида кенг айланишига шароит яратган бўлар эдик, назаримда.

Таъкидлаш керакки, бозор иқтисодиёти шароитида тадбиркорлик субъектининг нарх белгилашдаги эркинлигини инобатга олиб, юқоридаги таклифларни асосан давлат хизматлари, давлат идоралари томонидан нарх (тариф) белгилаш билан боғлиқ ҳолатлар, давлатга қарашли ёки унинг улуши мавжуд бўлган савдо ва хизмат кўрсатиш объектларида қўллашдан бошлаш керак. Бу ташаббус яхши самара бериши эса тадбиркорлик субъектлари томонидан бундай маркетинг усулларини тез ўзлаштириб олиб, ўз бизнесларига жорий қилишларига сабаб бўлади.

Ғайрат МАМАТҚУЛОВ,

Ўзбекистон Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари Федерацияси Фарғона вилоят ҳудудий бирлашмаси сектор бошлиғи.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?