Қадриятларга ҳамоҳанг айём
Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ/«Халқ сўзи». Қашқадарё вилоятининг барча шаҳару қишлоқларида Наврўз байрами «Қадриятларининг боқий бўлсин, Наврўз!» деган бош ғоя асосида, умумхалқ сайллари сифатида кенг нишонланмоқда. Вилоятнинг асосий байрам тантаналари Қарши шаҳридаги Алишер Навоий номли истироҳат боғида ташкил этилди.
Таъкидлаш жоиз, Наврўз байрамининг замирида халқимизнинг улкан тарихи, миллий қадриятлари, урф-одатлари, маросимлари, удум ва анъаналари мужассам. Қарийб 30 гектарлик боғда ташкил этилган байрам сайлида ҳам бу жиҳатлар ўз аксини топди.

Унда вилоятнинг барча шаҳар ва туманлари, маҳаллалар, миллий маданий марказлар, фольклор-этнографик дасталари, ҳунармандлар, касб-ҳунар, ижод мактаблари, спорт муассасалари ўзларининг миллий удум ва анъаналари, миллий либослари, таомлари, ёшларнинг ижод ва спортда қўлга киритаётган ютуқлари кўргазмасини ташкил этишди.
Шу билан бир қаторда, сайилгоҳда ташкил этилган миллий ўйинлар, фольклор санъатининг ноёб намуналари, кексаю ёш қалбидан чуқур жой олган қадимий урф-одатлар, эзгу инсоний туйғулар тараннум этилган куй-қўшиқлар, ўлан, лапар ва достонлар ижроси барчага янада ўзгача хушнудлик бағишлади.

Байрамнинг расмий қисми истироҳат боғи ҳудудидаги амфитеатрда бўлиб ўтди. Уни вилоят ҳокими Муротжон Азимов табрик сўзи билан очиб берди.
Вилоят ҳокими қашқадарёликлар бу йилги Наврўз шодиёналарига ўзига хос тайёргарлик билан келишганини алоҳида қайд этиб, барча соҳа ва тармоқлар кесимида сифат кўрсаткичи таъминланаётганини аниқ мисоллар, факт ва рақамлар асосида кўрсатиб берди.
— Жумладан, вилоятда юқори иқтисодий ўсишни таъминлаш, тадбиркорликни фаол қўллаб-қувватлаш ҳисобига бу йил олти юз мингта янги иш ўрни яратилади, — дейди Муротжон Азимов. — «Камбағалликдан фаровонлик сари» дастури асосида юз минг нафар аҳоли камбағалликдан чиқарилади. Шунингдек, вилоятда саккиз минг хонадонли кўп қаватли уйлар қурилиши режалаштирилган. Ичимлик суви билан таъминлаш даражаси 65 фоизга етказилади. Вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази, Қарши тумани тиббиёт бирлашмаси қайтадан қурилиб, энг илғор ускуналар билан жиҳозланади. Деҳқонобод тиббиёт бирлашмаси мукаммал таъмирланади.

Вилоят ҳокими шунингдек, таълим, туризм, қишлоқ хўжалиги соҳаларида амалга оширилаётган ишлар, кутилаётган натижалар ҳақида тўхталиб, буларнинг барчаси Президентимиз томонидан аҳолининг фаровон турмуш тарзини таъминлаш бўйича олиб борилаётган сиёсатнинг яна бир намунаси эканлигини таъкидлаб ўтди.
Санъаткорлар ижросидаги дилбар наволар, жозибали рақслар, бадиий саҳна чиқишлари барчага хуш кайфият, шодонлик улашди.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўрта Осиёдаги энг баланд янги йил арчаси — Наманганда
- Ўзбекистонда ЯТТ ва ўзини ўзи банд қилган шахслар QR-кодсиз фаолият юритса жаримага тортилади
- Муҳаммад Ризо Огаҳий номидаги халқаро мукофот совриндорлари маълум бўлди
- Хонанда Раҳматилло Юсупов 44 ёшда вафот этди
- Ҳоким ёрдамчиси кимга ёрдамчи?
- Сизни ажаблантирадиган анъаналар. Дунё бўйлаб янги йил қандай нишонланади?
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг