«Пума»дан «мисли кўрилмаган» чўкиш: компания аксиялари кескин арзонлади. Немис компанияси футболчимиз Абдуқодир Ҳусанов билан ҳамкорлик қилади

10:39 24 Январь 2025 Иқтисодиёт
238 0

Германиянинг йирик спорт кийимлари ишлаб чиқарувчиси «Пума» ширкати кескин 16% га пасайди. Компаниянинг тўртинчи чорак савдолари кутилганидан пастроқ бўлгани ва йиллик фойда камайгани ушбу йўқотишга сабаб бўлди. Бу ҳақда «JPMorgan» таҳлилчилари хабар берди.

Пайшанба кунги ҳолатига кўра, «Пума» акциялари 16,5% га пасайиб, биржа савдоларида 34,90 еврогача тушди. Бу сўнгги беш ойдаги энг паст кўрсаткич бўлиб, компания тарихидаги энг ёмон кунлардан бирига айланди.

Компаниянинг тўртинчи чоракдаги савдолари валюта курсига мослаштирилган ҳолда 9,8% га ўсди, лекин бу таҳлилчилар кутилган 12% кўрсаткичдан паст бўлди. Йиллик соф фойда эса 282 миллион еврогача камайгани айтилмоқда. Бу энг кам даромад олинган йил, 2022 йилдагиданда (305 миллион евро) пастроқдир.

«Пума» бозорда ўз ўрнини мустаҳкамлаш учун янги маҳсулотларни, жумладан, «Speedcat» номли мотор спортидан илҳомланган пойабзалларни тақдим этди. Шунга қарамасдан, рақобатбардош бозор шароитида «Speedcat» «Адидас»нинг ретро услубдаги «Samba» футбол пойабзали савдосидан ортда қолиб кетди.

Компания ўзининг кутилганидан паст савдолари ҳақида изоҳ бермади. «Пума» бош директори Арне Фреундт ўтган ноябрь ойида йил охиридаги харид мавсумига талаб юқори бўлишидан умидвор эканини билдирган эди. Аммо якуний натижалар унинг бу тахминларига мос келмади.

«Пума» 2027 йилгача ЭБИТ маржасини 8,5% га етказишни мақсад қилиб қўйган. Бу натижага харажатларни қисқартириш дастури орқали эришиш режалаштирилган бўлиб, компаниянинг 2024 йилда 7,1% даромад маржасига эришиши кутилмоқда.

Сўнгги натижалар «Пума» сармоядорлари учун қониқарли бўлмади. Компания қийин шароитларда бозорда ўз ўрнини мустаҳкамлаш ва харажатларни қисқартириш ўртасида мувозанат топиши лозим.

Қайд этиш керакки, мазкур немис компанияси ҳамюртимиз, «Манчестер Сити» ҳимоячиси Абдуқодир Ҳусанов билан ҳамкорлик қилади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер