Пропан нархи оширилиши бўйича Рақобат қўмитаси изоҳ берди

12:09 11 Январь 2026 Жамият
386 0

Рақобат қўмитаси ички бозорда суюлтирилган газ (пропан) маҳсулоти реализацияси билан боғлиқ ҳолат юзасидан маълумот берди. Қўмитага кўра, сўнгги ойларда импорт маҳсулот улушининг ошиши биржа савдоларида ўртача нархнинг кўтарилишига сабаб бўлмоқда.

Маълум қилинишича, 2025 йил давомида биржа савдолари орқали жами 358 минг тонна суюлтирилган газ сотилган. Унинг 61 фоизи (219 минг тонна) маҳаллий ишлаб чиқариш ҳиссасига, 39 фоизи эса импорт маҳсулотга тўғри келган.

Шу билан бирга, йил давомида маҳаллий маҳсулот улуши кескин камайган. Агар январь–июль ойларида маҳаллий газнинг бозордаги ҳиссаси ўртача 80 фоизни ташкил этган бўлса, август ойидан бошлаб бу кўрсаткич пасайиб борган. Хусусан, 2025 йил декабрь ойида 35 фоизга, 2026 йил январь ойининг ўтган даврида эса 10 фоизгача тушиб кетган.

Қўмита бу ҳолатни маҳаллий маҳсулотнинг аҳоли ва ижтимоий соҳа объектларига устувор равишда йўналтирилаётгани билан изоҳламоқда.

Маълум қилинишича, маҳаллий суюлтирилган газнинг бошланғич нархи ўтган йил давомида деярли ошмаган. Шунингдек, Қўмита томонидан бошланғич нархга 20 фоизлик спред ва бир савдо сессиясида 5 тонна харид лимити жорий этилган. Натижада маҳаллий маҳсулотнинг сотилиш нархи бир тонна учун 7 млн сўмдан ошмаган. Айни пайтда импорт газ нархи 8 млн сўмгача шаклланган.

Қайд этилишича, маҳаллий ва импорт маҳсулотнинг бошланғич ҳамда якуний сотилиш нархи ўртасида 40 фоизгача тафовут мавжуд. Сўнгги ойларда импорт маҳсулотга талаб ошгани сабабли биржадаги ўртача нарх айнан импорт ҳисобига шаклланмоқда.

Ҳозирги кунда тадбиркорлар томонидан импорт газнинг бошланғич нархи оширилиши ортидан бир тонна суюлтирилган газнинг ўртача нархи 9,5 млн сўмгача етган. Бу кўрсаткич декабрь ойига нисбатан 20 фоизга юқори.

Қўмита маълумотларига кўра, республикада суюлтирилган газда ҳаракатланувчи автомобиллар улуши 11 фоизни ташкил этади. Шу билан бирга, автомобиллар учун сотилган ёқилғи маҳсулотлари умумий ҳажмининг атиги 5 фоизи пропан ҳиссасига тўғри келади.

Қўмита ички бозорда нархларни барқарорлаштириш мақсадида тезкор чора-тадбирлар кўраётганини маълум қилди. Ёқилғи қуйиш шохобчаларидаги нархлар доимий мониторинг қилиб борилмоқда.

Расмийлар огоҳлантиришича, чакана нархлар ҳақида асоссиз маълумотлар тарқатилиши ёки нарх ошиши бўйича хабарлар ички бозорда ягона нарх шаклланишига ва бозор тамойилларининг бузилишига олиб келиши мумкин.

Қўмита ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларини нархлар ошишига туртки бўлиши мумкин бўлган ахборотларни тарқатмасликка чақирди. Кўрилаётган чора-тадбирлар ҳақида қўшимча маълумот бериб борилиши айтилди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер