Профессионал таълим ташкилотларининг бир қатор соҳаларида фаолият юритаётганларга имтиёзли субсидиялар ажратилади

04:31 15 Апрель 2023 Ҳужжатлар
1499 0

Фото: Архив сурат

Президентнинг 2023-йил 13-апрелдаги «2023-йилда бозор тамойилларига асосланган ипотека кредитлари орқали аҳолини уй-жой билан таъминлаш дастурини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ–51-сон фармони қабул қилинди.

Унга кўра, бозор тамойилларига асосланган ипотека кредитлари орқали аҳолини уй-жой билан таъминлашнинг амалдаги тартибига жорий йил 1-майдан қуйидаги ўзгартиришлар киритилади:

— банкларга расмий даромадга эга бўлмаган шахсларга ипотека кредитини ажратишда уларнинг тўлов қобилиятини аниқлашнинг муқобил усулларидан фойдаланишга, шу жумладан қарз олувчиларнинг банк картаси айланмаси, ижара, коммунал ва қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа харажатларини инобатга олувчи скоринг тизими жорий қилинади;

— банкларга қарз олувчи томонидан тўланган дастлабки бадал миқдори, имтиёзли давр муддати ва бошқа кўрсаткичлардан келиб чиқиб, субсидиясиз ажратиладиган ипотека кредитлари бўйича табақалаштирилган фоиз ставкаларини ўрнатиш ҳуқуқи берилади;

— профессионал таълим ташкилотларининг муҳандислик, ишлов бериш ва қурилиш соҳаларидаги махсус фанлар бўйича дарс бераётган ёки ўқув амалиётини ўтказаётган ўқитувчилари ва ишлаб чиқариш таълим усталарига имтиёзли шартларда субсидия хабарномаларини бериш тартиби жорий этилади;

— уй-жой сотиб олиш ёки якка тартибдаги уй-жойларни қуриш ва реконструкция қилиш учун олинадиган ипотека кредитлари бўйича берилган субсидия тақдим этиш тўғрисидаги хабарномаларнинг амал қилиш муддати 4 ой этиб белгиланади;

— 2023-йил учун ипотека кредитлари бўйича субсидиялар ажратишга доир аризалар тасдиқланган параметрлар доирасида 2023-йил 1-майдан 2023-йил 1-декабргача қабул қилинади;

— Иқтисодиёт ва молия вазирлигига “Халқпарвар” комиссияларининг ахборотига асосан хато ажратилган деб топилган субсидия хабарномаларини дастурий таъминотдан тўғридан тўғри бекор қилиш ва тўловларни тўхтатиш ҳуқуқи берилади.

Шунингдек, 2023-йилда:

— квартиралар сотиб олиш ва якка тартибдаги уй-жойлар қуриш ҳамда реконструкция қилиш учун республика бўйича жами 44 690 та ипотека кредитлари ажратилади.

Мазкур кредитларнинг камида 30 фоизи хотин-қизларга ажратилиши белгиланган.

— ипотека кредитлари бўйича 30 минг нафар шахсга субсидиялар ажратилади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер