Принстон олимлари яратган «метабот»лар нималарга қодир?

16:16 22 Май 2025 Илм-фан
183 0

АҚШдаги Принстон университети муҳандислари мотор ёки ички механизмларсиз ҳаракатлана оладиган ва шаклини ўзгартирувчи ноёб материал – «метабот»ни яратди. У масофадан туриб электромагнит майдон орқали бошқарилади ва худди роботга ўхшаб ҳаракатлана олади.

«Ташқи магнит майдон билан бошқарилувчи ушбу қурилмадан материал ёки робот сифатида фойдаланиш мумкин», — дейди Принстон университетининг муҳандислик бўйича профессори Глаучио Паулино.

Кашфиёт ҳақида мақола чоп этилган «Nature» журналида ёзилишича, ушбу илмий ёндашув оригами – қоғоз буклаш санъатидан илҳомланган бўлиб, муҳандислар материалга ҳаракат ва шаклни ўзгартириш хусусиятини бериш учун махсус пластмасса ва магнитли композитлардан фойдаланган. Ихтирога «метабот» — яъни ҳаракатлана оладиган ва шаклини ўзгарта оладиган метаматериал деб ном берилган.

«Электромагнит майдонлар бир вақтнинг ўзида ҳам энергия, ҳам сигнал узата олади. Бир нечта оддий ҳаракатларни бирлаштириш натижасида мураккаб тузилишли ҳаракат ҳосил қилиш мумкин. Ушбу тадқиқот электр кучини масофадан туриб аниқ ва тез узатиш орқали мураккаб робот ҳаракатларини юзага келтириш мумкинлигини исботлаб берди», — дейди электр ва компютер муҳандислиги профессори Минжие Чен.

«Метабот» кўплаб қайта шакллантирилиши мумкин бўлган блоклардан ташкил топган бўлиб, ҳар бир блок ўзининг акс нусхаси ҳисобланади. Бу хусусият «chirality» деб аталади ва мураккаб ҳаракатларни амалга ошириш имконини беради.

Италиянинг Тренто университети профессори Давид Бигони тадқиқотни робототехника, аерокосмик муҳандислик, энергия ютилиши ва ўз-ўзини терморегуляция қилиш каби кўплаб соҳаларда катта ўзгаришларга олиб келиши мумкинлигини таъкидлади.

Тадқиқотчиларнинг билдиришича, ихтиро келажакда компютернинг транзисторлар асосида ишловчи мантиқий ҳаракатларига тақлид қилувчи физик структуралар яратишда ҳам қўлланилиши мумкин.

Анора Алимқулова,

ЎзЖОКУ

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?