Президент юксак унвон, орден ва медалларни ўз эгаларига топширди

Фото: Президент матбуот хизмати
Президент Шавкат Мирзиёев Ўқитувчи ва мураббийлар куни арафасида соҳа ходимлари билан мулоқот ўтказмоқда. Тадбирга барча ҳудудлардан 40 мингдан зиёд педагоглар уланган.
Сўзининг аввалида давлатимиз раҳбари ўз ҳаётини ёш авлодга таълим ва тарбия беришдек дунёдаги энг улуғ ишга бағишлаб келаётган барча муаллим, профессор ва ўқитувчиларни – бир миллионлик педагоглар жамоасини ана шу қутлуғ байрам билан самимий муборакбод этди.
Ўтган ҳафта жонкуяр ўқитувчи ва мураббийлар, таълим ва илм-фан фидойиларининг бир гуруҳини давлатимизнинг юксак мукофотлари билан тақдирлаш ҳақида Президент фармони имзоланди.
Улар орасида соҳа ходимлари билан бир қаторда ўз маблағи ҳисобидан таълим масканлари қурган, таъмирлаган саховатпеша тадбиркорлар, таълимдаги илғор ютуқларни жорий қилишга кўмаклашаётган хорижий ҳамкорларимиз, ҳудудида таълим ривожи учун зарур шароит яратиб бераётган ҳокимлар ҳам бор.
Давлатимиз раҳбари юксак унвон, орден ва медалларни ўз эгаларига топширди.
Сўнгги саккиз йилда таълим ва тарбия соҳасида ҳам ўн йилларга тенг келадиган ишлар амалга оширилиб, улкан натижа ва ютуқларга эришилгани таъкидланди.
Ўтган даврда мамлакатимиз иқтисодиёти 2 карра ўсди, йил якуни билан жон бошига даромад 3,5 минг долларга етади. Ялпи ички маҳсулот ҳажми ҳам йил охиригача 130 миллиард доллар бўлади.
Барча тармоқларга замонавий технологиялар ва инновациялар кириб келаётгани ҳисобига бу йил экспорт 25 миллиард долларга олиб чиқилади. Ўтган 8 йилда эса мамлакатимизга 130 миллиард доллар хорижий сармоя киритилди.
Эътиборлиси, илгари инвестиция асосан хомашё ресурсларига киритилган бўлса, ҳозир ҳар бир соҳада янги маҳсулотларни ишлаб чиқариш, инфратузилмани яхшилашга йўналтириляпти.
“Мен бу иқтисодий кўрсаткичларга нима учун кўп тўхталяпман? Чунки иқтисодиёт қанчалик мустаҳкам бўлса, таълим ривожланади. Таълим сифати юқори бўлган мамлакатда эса иқтисодиёт барқарор ўсади. Бу – ҳаёт қонуни!”, деди давлатимиз раҳбари.
Ўтган саккиз йилда таълим ва илм-фанга харажатлар 6 карра оширилиб, 378 триллион сўм маблағ ажратилди. Олтин-валюта захираларимиз Ўзбекистон тарихида илк бор 50 миллиард долларлик маррадан ошди.
“Иқтисодиётимиз барқарор ўсяпти, ресурс ва захираларимиз ҳам етарли.
Бу – боғча, мактаб, техникум ва олийгоҳлар қуриш, таълим ва илм даргоҳларини замонавий жиҳозлаш, устоз ва мураббийларнинг моддий манфаатдорлигини мунтазам ошириб боришнинг кафолати эмасми?!
Бир сўз билан айтганда, таълим сифатини ошириш ҳамда устоз ва мураббийларнинг меҳнат ва яшаш шароитини яхшилаш ислоҳотларимизнинг энг устувор йўналиши бўлиб қолади.
Зеро, Янги Ўзбекистонда энг муҳим соҳа – таълим, энг ҳурматли инсонлар – ўқитувчи ва мураббийлардир!”, деди Президент.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- «Бунёдкор» мураббийи Сергей Арсланов вафот этди
- Ўзбекистонда доллар курси пастлади
- Қондаги глюкозани пасайтириш учун кечки овқатланишнинг идеал вақти маълум бўлди
- Сардобанинг сири нимада?
- Камчатка соҳилларидаги кучли зилзиладан сўнг Ўзбекистон Консуллиги ватандошларимизга мурожаат қилди
- Бухоролик докторант ниманинг эвазига Президент совғаси – автомобилга эга бўлди?
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг