Президент ташриф буюрган Технопарк бошқаларидан нимаси билан ажралиб туради?
Шу йилнинг 20 ноябрь куни Президент Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳридаги бунёдкорлик ишлари ва саноат корхоналари фаолияти билан танишиш жараёнида Яшнобод туманида жойлашган Технопаркка ҳам ташриф буюрди. Ушбу замонавий мажмуани кўздан кечирган давлат раҳбари ишлаб чиқариш соҳасидаги ислоҳотлар борасида ўз фикрларини билдирди.
Куни кеча Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан Технопаркда амалга оширилаётган лойиҳалар билан яқиндан танишиш мақсадида оммавий ахборот воситалари ходимлари учун медиа-тур ташкил қилинди.
Ушбу инновация технопарки 2019 йил 1 майдаги “Саноат кооперациясини янада ривожлантириш ва талаб юқори бўлган маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарори асосида ташкил этилган.
Ўтган қисқа вақтда бу ерда замонавий индустрия йўлга қўйилди. Хусусан, икки йирик инвестициявий лойиҳа — электрон газ ҳисоблагич ва маиший совуткичлар ишлаб чиқариш лойиҳаси рўёбга чиқарилди. Бугунги кунга келиб, яна тўртта лойиҳа — лифт ва эскалатор, форма ва қолиплар, сув насослари, саноат кондиционерлари ҳамда совутиш тармоқлари ишлаб чиқариш йўлга қўйилмокда.
Бунёдкорлик жараёни янги маҳсулотларга талабни оширмокда
Мамлакатимизда барпо этилаётган янги кўп қаватли уйлар ва бошқа турдаги иншоотлар сони тобора ошиб бораётгани ҳамда аввалдан мавжуд биноларнинг замон талабларига мувофиқ тарзда реконструкция қилиниши натижасида лифт ва эскалаторларга бўлган талаб ва эҳтиёж ортмоқда.
“Texnopark” МЧЖ ушбу эҳтиёжни қондириш мақсадида умумий қиймати 12,2 миллион АҚШ доллари бўлган, йиллик ишлаб чиқариш қуввати 2 минг донани ташкил этувчи лифт ва эскалаторлар ишлаб чиқариш лойиҳасини ишга туширмоқда. Лойиҳа мазкур соҳада жаҳондаги йирик ишлаб чиқарувчи компаниялардан бири бўлмиш “Shanghai Mitsubishi” билан ҳамкорликда амалга ошириляпти. Корхонада йўловчи ва юк ташувчи, панорамали ҳамда шифохоналар учун мўлжалланган лифтлар ишлаб чиқаришдан ташқари, буюртмачи талабларига асосан ҳам маҳсулот тайёрлаб бериш имконияти мавжуд.
Жаҳон андозалари асосида ишлаб чиқариладиган маҳсулотларнинг бир қатор афзалликлари мавжуд. Хусусан, янги дизайн, танлов имконияти кенглиги ҳамда индивидуал буюртмалар асосида ишлаш йўлга қўйилган.
— Лифтларимиз ARD тизими, авариявий ҳолларда қўшимча электр таъминоти қурилмаси билан жиҳозланади, — дейди “Texnopark” МЧЖ лифт ва эскалатор ишлаб чиқариш заводи директори Рустам Давлатхўжаев. — Унинг вазифаси электр таъминотида нуқсонлар юзага келган ёки тўсатдан электр токи ўчиб қолган ҳолатда энг яқин бекатгача электр энергиясини таъминлашдан иборат. Дейлик, 3- ва 4-қаватлар орасида лифт ҳаракатланаётганда электр таъминотида узилиш бўлса, лифт бир поғона, яъни 3-қаватга тушади ҳамда эшиклар автоматик тарзда очилади. Бундан ташқари, лифтлар INFRA-нурлик ҳимоя сенсорли эшиклар (лифтдан фойдаланиш жараёнида эшикнинг тўсатдан мижозни қисиб қолиши оқибатида вужудга келиши мумкин бўлган жароҳатланиш ҳолатларининг олдини олишга хизмат қилади) билан ҳам таъминланган.
Шунингдек, лойиҳанинг хавфсизлик ва сифат кўрсаткичларига тўлиқ жавоб беришини текширувчи баландлиги 60 метрлик синов минораси ҳам ташкил қилинган бўлиб, у Марказий Осиёда ягона ҳисобланади.
7,7 миллионлик яна бир лойиҳа
Умумий қиймати 7,7 миллион долларни ташкил этувчи навбатдаги лойиҳа Япониянинг “Sodick”, Туркиянинг “Istanbul Makinа” ва Германиянинг “Wilhelm Oberste-Beulmann GmbH & Co.KG” компаниялари билан ҳамкорликда амалга ошириляпти.
Йиллик ишлаб чиқариш қуввати 200 донани ташкил этувчи лойиҳа доирасида буюртманинг хусусиятидан келиб чиқиб совитилган ҳолда штамплаш йўли билан металлга шакл берувчи қолиплар ва қуйиш йўли билан пластик маҳсулотларга шакл берувчи пресс формалар ишлаб чиқарилади.
— Корхонамизда прогрессив қолиплар ишлаб чиқариш йўлга қўйилди, — дейди пресс форма ва қолип ишлаб чиқариш корхонаси раҳбарининг ўринбосари Ҳабиб Мирзакаримов. — Яъни шу турдаги бошқа пресс форма ускуналари бир дақиқада 5 та детал ишлаб чиқарса, биз фойдаланадиган ускуналар бир дақиқада 20-25 та детални ишлаб чиқаради. Натижада иш унумдорлиги ҳам ўз-ўзидан ошади.
Бундан ташқари, бизда Италиядан келтирилган дастгоҳ мавжуд бўлиб, у ишлаб чиқариладиган детални сканерлайди ва унинг 3D тасвирини, прототипини яратади. Биз эса шу орқали буюртмачига зарур маҳсулотнинг кутилаётган кўринишини тақдим этамиз. Мижозимиз бу чизмани тасдиқласа, модел конструктор буйруғига берилади.
Қишлоқ хўжалиги учун зарур маҳсулот
Умумий қиймати 8,7 миллион долларлик ушбу лойиҳанинг йиллик ишлаб чиқариш қуввати 550 минг донани ташкил этиб, у айни соҳанинг етакчи ишлаб чиқарувчиларидан бўлган “LEO” компаниялар гуруҳи ҳамда “Atlas Copco” компанияси билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда.
Лойиҳа доирасида тўрт турда 10 хил моделдаги — циркуляцион, центрафугали, сув остида фойдаланишга мўлжалланган сув насослари ишлаб чиқарилади. Ушбу маҳсулотлар, асосан, уй ва қишлоқ ҳўжалиги, томчилаб суғориш ва иссиқхона комплекслари, шунингдек, маиший сув иситиш тизимларида фойдаланишга мўлжалланган бўлиб, истеъмолчиларга сув босимини ошириш имкониятини беради.
Йиллик ишлаб чиқариш қуввати 80 минг донани ташкил этган ушбу лойиҳа доирасида тайёрланган маҳсулотлар ижтимоий соҳа объектлари ва қишлоқ хўжалиги учун нихоятда муҳим. Яьни у туфайли шу пайтгача фақат хориждан импорт килинган совутиш тизимлари ўрнини локализациялаш даражаси юқори бўлган маҳаллий маҳсулотлар ҳисобига қоплаш имконияти яратилади.
Бундан ташқари, бошқа лойиҳаларда бўлгани сингари саноат кондиционерлари ва совутиш тармоқлари ишлаб чиқаришда ҳам илмий-синов лабораторияси ва сервис марказлари ташкил қилинган бўлиб, харидорларга юртимизнинг барча ҳудуди бўйлаб узлуксиз ва сифатли сервис хизматлари кўрсатилади.
Технопарк 2021 йил сўнгигача импорт ўрнини босувчи ва экспортга мўлжалланган маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва сифатли хизмат кўрсатишни ташкил этишга қаратилган яна 11 та йирик сармоявий лойиҳани ишга туширишни режалаштирган. Бунинг натижасида 7 мингга яқин кишининг бандлиги таьминланади.
Дилруҳ ИСОМИДДИНОВА
(“Халқ сўзи”).
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Тинчлик сулҳи шартлари бажарилмоқда: Ғазо 3 нафар, Исроил 90 нафар маҳбусни ватанига қайтарди
- Шавкат Мирзиёев аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартиришга оид муҳим қарорни имзолади
- “Энг яхши мақолалар” танлови ғолиблари аниқланди
- Ўзбекистонда 2025 йил 1 апрелдан электр энергияси ва газ нархлари оширилади
- Ҳарбий хизматни ўташ билан боғлиқ тартиблар янгиланади
- Вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизими такомиллаштирилмоқда
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг