Президент Шавкат Мирзиёев Тиббиёт ходимлари куни муносабати билан мукофотланган соҳа вакилларидан бир гуруҳига давлатимизнинг фахрий унвон, орден ва медалларини тантанали равишда топширди

18:32 10 Ноябрь 2025 Сиёсат
110 0

Кеча, 9 ноябрь куни, Президент Шавкат Мирзиёев Тиббиёт ходимлари куни муносабати билан соҳа ходимларидан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисидаги фармонни имзолади.

Бугун Тошкент давлат тиббиёт университетида давлатимизнинг юксак унвон, орден ва медалларига сазовор бўлган соҳа вакилларига мукофотларни топшириш маросими бўлиб ўтди.

Улар орасида дунёнинг нуфузли олийгоҳларида таълим ва тажриба олиб, юртимизга қайтиб ишлаётган, юқори технологик муолажаларни амалга ошираётган ёш шифокорлар, аҳолимиз саломатлигини сақлашда яқиндан кўмак бераётган хорижий ҳамкорлар ҳам бор.

Давлатимиз раҳбари мамлакатимизда иқтисодиётни барқарор ривожлантириш, одамларни ишли ва даромадли қилиш, ёшларга замонавий билим ва тарбия бериш, халқимиз саломатлигини мустаҳкамлаш бўйича ислоҳотлар жадал олиб борилаётганини таъкидлади.

Натижада бирламчи тиббиёт муассасаларининг қуввати 60 фоизга ошиб, тиббий хизмат аҳолига анча яқинлашди. Илгари асосан пойтахтда бажарилган юқори технологик ва диагностика-даволаш усулларининг 400 дан ортиғи ҳудудларда амалга оширилмоқда. Юзлаб мураккаб амалиётлар вилоят марказларига, кам инвазив операциялар эса туман даражасига туширилди.

– Биринчи марта 45 та туманда буйрак кўчириб ўтказиш амалиёти йўлга қўйилгани инсон саломатлиги борасидаги ишларимизнинг яққол амалий тасдиғидир, – деди Президентимиз. – Юртимизда ўртача умр давомийлиги эркаклар ўртасида 71 дан 73 ёшга, хотин-қизлар орасида эса 76 дан 77,5 ёшга узайгани сизлар билан эришган катта ютуғимиз, десам тўғри бўлади. Албатта, машаққатли меҳнат маҳсули бўлган бундай эзгу ишларда 600 мингдан зиёд жонкуяр тиббиёт ходимларининг муносиб ҳиссасини эътироф этиб, ҳар қанча раҳмат айтсак, арзийди.

Президентимиз давлат мукофотларини тантанали равишда топшириб, тақдирланганларни бутун халқимиз номидан табриклади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?