Президент ички бозорда талабни рағбатлантириш масаласига тўхталди

13:00 26 Декабрь 2025 Сиёсат
137 0

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномасида кўрилган чора-тадбирлар натижасида кузатилмайдиган иқтисодиёт улушини 45-50 фоиздан 28 фоизга пасайтиришга эришилгани, лекин бу ҳали дастлабки қадамлар эканини таъкидлади.

Бу борадаги ишларни кучайтириш учун 2026 йилда барча давлат хизматлари ва коммунал тўловлар, ёқилғи, алкоголь ва тамаки маҳсулотлари, автомобиль ва кўчмас мулк савдолари нақдсиз тўлов шаклига ўтказилади.

Солиқ, божхона, санэпидемназорат, стандарт, карантин, қурилиш назорати инспекцияси, ёнғин хавфсизлиги каби 17 турдаги текширувларда ёнкамерадан фойдаланиш мажбурий бўлади.

«Соя»даги иқтисодиётдан ихтиёрий равишда шаффофликка чиқмоқчи бўлган тадбиркорлар бухгалтерия, статистика, солиқ ҳисоботларини юритиш бўйича бепул ўқитилади.

«Айрим юртдошларимизда топган даромадини иқтисодиётга йўналтириш, банк депозитига жойлаштириш, активларини ўз номига расмийлаштириш билан боғлиқ хавотирлар бор.

Шу боис, депутатларимиз ва Марказий банк халқаро ташкилотлар билан маслаҳатлашган ҳолда, фуқароларимиз юртимизда ёки чет элда шу пайтгача олган даромад ва активларидан эмин-эркин фойдаланишига шароит яратиш бўйича таклифлар тайёрласа, ўйлайманки, тўғри бўлади», деди Президентимиз.

Президентимиз учинчи устувор йўналиш – ички бозорда талабни рағбатлантириш масаласига тўхталди.

Бозорларимиздаги тўкинлик, нарх-наво барқарорлиги, аҳолининг истеъмол талаби ортиб бораётгани – турмуш сифати яхшиланаётганини кўрсатадиган энг асосий омил.

Ички талабни рағбатлантирадиган муҳим факторлардан бири, бу инфляция даражасидир.

Тўққиз йилда қулай бизнес муҳити яратилиб, товар ва хизматлар ҳажми ва тури кўпайтирилгани, кам даромадли оилалар учун йилига камида 1 миллиард доллар арзон кредит берилаётгани, инфляция даражаси «бир хонали» рақамга туширилгани натижасида аҳолининг харид қобилияти 2 карра ўсди.

Ўтказилган сўровлар ҳам, халқаро экспертлар таҳлиллари ҳам 75 фоиз аҳолининг молиявий ҳолати кескин яхшиланганини тасдиқламоқда.

«Албатта, бу натижалар билан чекланиб қолмасдан, халқимизнинг даромади ва харид қобилиятини ошириш бўйича ишларни изчил давом эттирамиз», деди Президентимиз.

Аҳоли эҳтиёжидан келиб чиқиб, иқтисодиётда энг катта талаб яратадиган уй-жой ипотекасига 2026 йилда 23 триллион сўм ресурс ажратилади.

Уй-жой сотиб олишда бошланғич тўлов ва фоиз тўловларининг бир қисмини қоплаш учун 2 триллион 700 миллиард сўм субсидия берилади.

Шунингдек, битта квартира учун ажратиладиган имтиёзли ипотека кредитининг миқдори 15 фоизга оширилади.

Келгуси йилда 140 мингта квартирали кўп қаватли уй-жой барпо этилиши рўзғор учун зарур истеъмол товарларига талабни ошириши табиий, албатта. Бу талабни молиявий манбалар билан таъминлаш мақсадида 2026 йилда 125 триллион сўмлик истеъмол кредити ажратилади.

Умуман, 2026 йилда қурилиш ишлари ҳажмини 11 фоизга кўпайтириб, 30 миллиард долларга етказиш режа қилинган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер