Президент ҳузузрида қишлоқ хўжалигини молиялаштириш ва аграр соҳани субсидиялаш режалари кўриб чиқилди
Фото: Президент матбуот хизмати
Президент Шавкат Мирзиёевга пахтачилик ва ғаллачиликни молиялаштиришни самарали ташкил этиш ҳамда аграр соҳада субсидиялар ажратиш янги тизими юзасидан тақдимот билан танишди.
Тақдимот аввалида жорий йилда соҳага йўналтирилган молиявий ресурслар ва уларнинг натижалари ҳақида ахборот берилди.
Қайд этилганидек, пахтачилик ва ғаллачиликни молиялаштириш, қишлоқ хўжалиги техникалари билан таъминлаш ва сув тежовчи технологияларни жорий этишга жами 29 триллион сўм ажратилди. Соҳага 2,35 триллион сўм субсидиялар йўналтирилди.
Ўз маблағидан пахта етиштирган хўжаликларга пахта қийматининг 10 фоизи миқдорида субсидия ажратилиши натижасида 3 430 фермер ва кластерлар 151 минг гектар майдонда ўз маблағи ҳисобидан пахта етиштирди ва 1,9 триллион сўм ресурс тежалди.
Ёки, пахта етиштиришга олинган кредитни жорий йил якунига қадар тўлиқ қайтарган фермерларга фоиз тўловининг 4 фоиз бандини қайтариб бериш имконияти туфайли 9 002 та фермер 2,5 триллион сўм имтиёзли кредитларни муддатидан олдин қайтарди.
Келгуси йилда пахта ва ғалла ҳосили, субсидия ва бошқа харажатларга жами 34,2 триллион сўм ажратиш режалаштирилгани, қўшимча 200 миллион доллар маблағ жалб қилиб, 800 та пахта териш машинаси харид қилиниши маълум қилинди. Бу борада жорий қилиниши таклиф этилаётгани янги қўллаб-қувватлаш механизмлари кўриб чиқилди.
Жумладан, 2026 йилда агротехник тадбирлар, шу жумладан пленка ва эгилувчан қувурлар учун қўшимча 5 триллион сўм ажратиш таклиф қилинди. Ҳосил етиштиришда кредит лимитининг 50 фоизигача фойдаланганда, сотилган пахта қийматининг 5 фоизи миқдорида субсидия ажратилса, ўз маблағи ва қисман кредит ҳисобидан ҳосил етиштирадиган фермерлар сони 4-4,5 мингга етиши ва уларнинг 2,5-3 триллион сўм маблағи иқтисод бўлиши таъкидланди.
Ҳозирда фермерларга кредит ажратишда молиявий барқарор хўжаликларга ҳам, тўлов интизомига риоя этмаётганларига ҳам бир хил фоиз ставкаси қўлланмоқда. Шу муносабат билан, фермерлар орасида “интизомли бўлиш – арзон кредит” моделини шакллантириш учун “А” кредит рейтингига эга хўжаликларга 2 фоизга, “B” тоифадагиларга 1 фоизга пасайтирилган ставкада кредит ажратиш ва шу орқали интизомли фермерларнинг кредит юкини камайтириш таклиф қилинди.
Шунингдек, ўз маблағи ҳисобидан буғдой етиштирган фермерларга 10 фоиз субсидия ажратиш ташаббуси билдирилди.
Ўзбекистон Президентининг жорий йил 22 ноябрдаги “Аграр соҳани давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонига мувофиқ аграр соҳада давлат томонидан қўллаб-қувватлаш механизмларини такомиллаштириш мақсадида Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузурида Аграр соҳада тўловлар агентлиги ташкил этилди.
Тақдимотда агентликка юклатилган вазифалар ижроси қандай ташкил этилиши кўриб чиқилди.
Ҳозирги вақтда қишлоқ хўжалигида 52 турдаги субсидия ажратилмоқда. Янги тизимда ушбу жараён тубдан соддалаштирилиб, инсон омили тубдан қисқартирилиб, бюрократия камайтирилади, аризаларни кўриб чиқиш тўлиқ рақамлаштирилади ва барча жараёнлар “Агропортал” орқали амалга оширилади.
Бунинг учун, “Агросубсидия” ахборот тизимига 10 дан ортиқ вазирлик ва идораларнинг ахборот тизимлари интеграция қилинади.
Жумладан, 2026 йил учун мўлжалланган 1,3 триллион сўмлик субсидияларни талабгорлар иштироки зарур бўлмаган ҳолда давлат идоралари томонидан проактив тарзда, қолган субсидиялар айрим келишиш, хулоса олиш ва ҳужжатларни расмийлаштириш босқичларини чиқариб ташлаган ҳолда соддалаштирилган тартибда, ортиқча оворагарчиликсиз берилади. Натижада субсидия ажратиш муддатлари кескин қисқаради.
Давлатимиз раҳбари молиялаштириш механизмларини янада такомиллаштириш, субсидияларнинг манзиллилиги ва тезкорлигини таъминлаш, барча жараёнларни рақамлаштириш ва фермерлар учун қулай шароит яратиш юзасидан мутасаддиларга аниқ топшириқлар берди.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Саккизта гол урилган ўйинда “Барселона” ғалаба қозонди
- “Башакшеҳир” Туркиянинг гранд клуби билан дуранг ўйнади
- Ўзбекистон миллий терма жамоаси учун Жаҳон чемпионати қуръаси омадли ўтдими?
- Ўзбекистон терма жамоасининг Жаҳон чемпионатидаги ўйин саналари эълон қилинди
- АҚШ Европадан НАТО мажбуриятларининг асосий қисмини ўз зиммасига олишни талаб қилди
- “Матонатли Марям” фильми кенг жамоатчиликка тақдим этилди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг