Шавкат Мирзиёев: Эзгулик, билим ва маърифатни қурол қилиб, жаҳолат ва ёвузлик йўлини тўсайлик!
Фото: Президент матбуот хизмати
Президент юртимиздаги барча ота-оналар, устоз ва мураббийларга мурожаат қилди:
“Бизнинг дунёдаги энг азиз ва мўътабар хазинамиз – бу умримиз гули ва меваси бўлган фарзанд ва набираларимиздир.
Ҳеч шубҳасиз, барчамиз уларнинг келажакда бахтли ва саодатли инсонлар бўлиб яшашини истаймиз. Лекин бунга эришиш осон эмас.
Айниқса, бугунги таҳликали даврда эзгу мақсадларга етиш учун инсонга ҳушёрлик ва огоҳлик, қатъий ирода, юксак билим ва кенг дунёқараш, замонавий касб-ҳунарлар ҳар қачонгидан ҳам зарур.
Таълим ва тарбия – бутун жамиятнинг муқаддас ишидир! Барчамиздан доимо ҳамжиҳатлик, фаоллик ва фидойиликни талаб этадиган ҳаёт-мамот масаласидир.
Эзгулик, билим ва маърифатни қурол қилиб, жаҳолат ва ёвузлик йўлини тўсайлик!
Фарзандларимизнинг бахти, ёруғ келажаги учун, жонажон Ватанимиз истиқболи учун мустаҳкам пойдевор яратайлик!”
Ёшлар қалбида ватанпарварлик туйғусини кучайтиришда спортчи мураббийларимиз ва ҳарбийларимиз ҳам фаол бўлишлари зарурлиги таъкидланди.
Бугун замоннинг ўзи ҳар биримиздан она юрт ҳимоячиси, ватанпарвар бўлишни талаб этмоқда.
Бунда айниқса мард ва жасур сержант ва офицерлар, ҳарбий чақириққа тайёрлаш фани ўқитувчилари ўрнак бўлишлари керак.
Ҳозир мактабларда қарийб 10 минг нафар ана шундай ўқитувчилар фаолият кўрсатмоқда. Афсуски, уларнинг аксариятида ҳарбий соҳадаги замонавий билим ва кўникмалар, улар учун иш шароити талаб даражасида эмаслиги қайд этилди.
Энди мана шу ўқитувчилар Мудофаа вазири томонидан захирадаги ҳарбий хизматчилар таркиби орасидан тайинланиши белгиланди.
“Шу борада, бир фикрни барчамиз чуқур тушуниб олишимиз керак. Ватанпарварлик тарбияси – бу фақат ҳарбий ёки таълим соҳаси ходимларининг иши эмас. Бу – бутун жамиятнинг иши.
Бу ишга бутун жамоатчиликни фаол жалб этмас эканмиз, кутилган натижага эришиш қийин бўлади.
Албатта, ёшларимиз яхши шифокор, истеъдодли олим, моҳир IT билимдони, зўр тадбиркор бўлиши мумкин.
Лекин, улар чинакам ватанпарвар инсонлар бўлиб вояга етмаса, ўзингиз айтинг, халқимиз, Ватанимизнинг тақдири ва келажаги учун эртага ким масъул бўлади?
Шу боис, маҳалла, нуронийлар, хотин-қизлар, ёшлар ташкилотлари бу масалада ўз фаолият дастурига эга бўлиши зарур.
Ёшларимиз онгига барчамиз биргаликда “Мен ҳақиқий ватанпарвар бўламан” деган ғояни чуқур сингдиришимиз керак”, деди Президент.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Жиззах арчазорлари сайёҳларни мафтун этмоқда
- NAUKA 0+ халқаро фестивали 2 ва 3-ноябр кунлари Тошкентда ўтказилади
- Самарқандда эркак ўзини юк машинаси остига ташлаб, жонига қасд қилди
- Зиёратгоҳдан таралган зиё
- Ҳамон ёдимдасиз
- “Олмалиқ кон-металлургия комбинати” АЖ ташкил топганининг 75 йиллиги бўлиб ўтди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг