«Постда – На посту» газетасининг 95 йиллигига бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди

20:10 15 Май 2025 Жамият
175 0

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги маданият саройида «Постда – На посту» газетасининг 95 йиллигига бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди. Ушбу маросимда турли вазирлик ва идоралар, ҳуқуқ-тартибот органлари, журналистика соҳаси ва жамоат ташкилотлари вакиллари иштирок этди. Тадбирда Ички ишлар вазири ўринбосари, генерал-маёр Даврон Назармуҳамедов газетанинг давр билан ҳамнафасликда юртимизда олиб борилаётган ислоҳотларни ёритишдаги хизматларини алоҳида таъкидлаб ўтди.

Назармуҳамедов Шавкат Мирзиёевнинг матбуот вакилларига берган эътиборини тилга олиб, «Постда – На посту» газетаси ижодий жамоасининг фидойилиги ва касбига садоқатини юқори баҳолади.

«Постда – На посту» нашри нафақат ички ишлар тизими фаолиятини, балки жамият ҳаётининг барча соҳаларидаги ўзгаришларни мунтазам ёритиб келмоқда. Таҳририят томонидан тайёрланган материаллар кўплаб миллий ва халқаро танловларда ғолиб деб топилган. Газета кейинги йилларда ёшлар тарбияси, маънавий қадриятларни юксалтириш ва китобхонлик маданиятини ошириш бўйича ҳам фаол иш олиб бормоқда.

Тадбир давомида газетанинг тарихига бағишланган видеофилм намойиш қилинди. Фахрий журналистлар ва фаол ижодкорлар Ички ишлар вазирлигининг фахрий ёрлиқлари ва эсдалик совғалари билан тақдирланди. «Постда – На посту» – менинг тақдиримда” номли мақолалар танлови ҳамда «Постда – На посту – оилавий газетамиз» видео-танлови ғолиблари ҳам эътироф этилди.

Тадбирда генерал-полковник Зокиржон Алматов, профессор Шерзодхон Қудратхўжа, сенатор Ҳусан Эрматов, халқ артисти Ёдгор Саъдиев, журналистлар уюшмаси вакили Холмурод Салимов ва бошқалар сўзга чиқиб, газетанинг бугунги медиа макондаги ўрнини, унинг ватанпарварлик, адолат ва ҳақиқат йўлидаги фаолиятини юқори баҳолашди. Улар ушбу нашрни ёш ижодкорлар учун мактаб деб атаб, унинг халқимиз ҳаётига яқин, долзарб ва ҳаётий материаллар билан бойиб бораётганини таъкидлашди.

«Постда – На посту» газетасининг бош муҳаррири Бернора Содиқова келгусида ҳам халқ орасига кириб бориш, муштарийлар учун таъсирли ва долзарб материаллар тайёрлашда куч-ғайратларини аямаслигини билдирди. Тадбир сўнгида Ўзбекистон мустақиллиги, тинчлиги ва тараққиётини мадҳ этувчи бадиий-мусиқий дастур намойиш этилди. Маънавий кеча илиқ ва самимий муҳитда якунланди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер