Пойтахтимизда VIII Бутунжаҳон пахта тадқиқот конференцияси иш бошлади
Фото: Юнус Бўриев / «Халқ сўзи»
Мамлакатимизда пахта етиштириш ва уни қайта ишлашда кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Хусусан, соҳани эркин рақобатни таъминловчи бозор тамойиллари асосида ривожлантириш, қўшилган қиймат занжирини яратиш мақсадида кластер тизими жорий этилди ва пахта етиштиришда давлат буюртмаси бекор қилиниб, эркин бозор тамойилларига ўтилди. Бунинг самараси ўлароқ юртимизда пахта йиғим теримида болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатга чек қўйилди. Натижасида 2021 йилда “Cotton Campaign” коалицияси томонидан Ўзбекистон пахтасига бойкот бекор қилинди.
Бугун пойтахтимизда илк бор ўз ишини бошлаган VIII Бутунжаҳон пахта тадқиқот конференцияси ва унинг доирасида ўтказиладиган тадбирлар ҳам мана шу ҳаётбахш ислоҳотларнинг амалдаги тасдиғидир. Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, 2022 йилда Мисрда ўтказилган VII Бутунжаҳон пахта тадқиқот (WCRC-7) конференцияси якунида ушбу нуфузли анжуманнинг навбатдагисини 2024 йилда Ўзбекистонда ўтказиш ташаббуси халқаро нуфузли компания ва етакчи экспертлар томонидан бир овоздан қўллаб-қувватланган эди.

Ана шу ташаббус ва 7 октябрь — Бутунжаҳон пахта куни олдидан ўтказилаётган ва кеча иш бошлаган мазкур VIII Бутунжаҳон пахта тадқиқот конференцияси (WCRC-8) жорий йилнинг 7 октябрига қадар давом этади. Бу анжуман пахта тадқиқотчилари уюшмаси (ICRA), Халқаро пахта бўйича маслаҳат қўмитаси (ICAC) ва Халқаро пахта геноми ташаббуси (ICGI) ташкилотлари билан биргаликда ташкил этилмоқда. Унда ғўза тадқиқотлари соҳасидаги 430 нафардан ортиқ халқаро олимлар ҳамда 200 нафарга яқин маҳаллий олимлар, шунингдек, 177 та пахта-тўқимачилик кластерлари ва корхоналари раҳбарлари қатнашмоқда.
Анжуманнинг расмий очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари — Ўзбекистон Республикаси иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров иштирок этди ва бугунги глобал иқлим ўзгариши, сув танқислиги шароитида пахтачилик соҳасидаги дунё олимларининг Тошкентда йиғилиши муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидлаб ўтди. Шунингдек, тадбирда хорижлик пахтачилик соҳаси олимлари, етук эксперт ҳамда компания раҳбарлари сўзга чиқиб, иқлим ўзгаришига қарши курашда пахта генетикаси, геномикаси ва уруғчилик соҳасидаги сўнгги ютуқлар ҳақида фикр юритишди.

—Янги Ўзбекистон тарихида илк бор хориждан, хусусан, Хитой, Туркия, Ҳиндистон, АҚШ, Испания, Тожикистон ва Қирғизистондан 2,5 минг тонна юқори ҳосилдор, қурғоқчиликка ва шўрга чидамли, ҳосилдорлиги гектарига 60-70 центнер, тола чиқими 42 фоиздан юқори бўлган 18 та ғўза навлари карантин талаблари асосида олиб келинди ва 100 минг гектар майдонга экилди,— деди Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмонов. — Замонавий ва хорижий агротехнологияларни жорий этиш мақсадида Хитойдан 50 нафар консультант ва селекционер-агротехнолог олимлар жалб қилинди. Шунингдек, 12 минг гектар майдонда Хитой агротехнологияси жорий этилди. Энг муҳими, Ўзбекистонда яратилаётган истиқболли ғўза навлари бугунги ўзгарувчан иқлим шароитига бардошли ва серҳосилдир.
Тадбирда иштирокчилар пахта етиштирувчи давлатларда пахтачилик ва тўқимачилик саноати соҳасидаги тадқиқотларда эришилаётган сўнгги ютуқлар билан танишишди, ғўза етиштиришда глобал иқлим ўзгариши ҳамда минтақавий муаммолар муҳокамаси ўтказилиб, ечимлари бўйича аниқ таклифлар ишлаб чиқилди. Шунингдек, пахтачилик соҳасида жаҳонда қўлга киритилган сўнгги ютуқлар, соҳада жорий этилаётган илғор технологиялар олимлар томонидан тақдимотлар орқали халқаро пахтачилик ҳамжамиятига таништирилди.

—Дунёдаги нуфузли халқаро пахтачилик ташкилотларининг Тошкентдаги учрашуви соҳани барқарор ривожлантиришда муҳим аҳамият эга,— деди Покистон Мултон пахтачилик институти директори Ғулом Сарвар. —Бугун биз олимлар зиммасида глобал иқлим ўзгаришлари, қурғоқчилик, шур ва иссиққа чидамли ғўза навларини яратишдек масъулиятли вазифа турибди. Бу анжуманнинг Ўзбекистонда ўтказилаётганининг боиси эса мамлакатда шундай қурғоқчиликка чидамли навлар яратилмоқда ва биз бу навларни ўрганишимиз керак. Пахтачиликдаги дунё олимларининг бу ҳамкорлиги тўқимачилик саноатини сифатли хомашё билан таъминлаш имкониятини яратади.











Фахриддин БОЗОРОВ,
“Халқ сўзи”
Фото: Юнус Бўриев / «Халқ сўзи»
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Нега биз ҳалигача ўзга сайёраликлар билан учрашмаганмиз?
- Аҳоли ва қишлоқ хўжалигини онлайн рўйхатга олиш бошланишига 3 кун қолди
- 16 январь куни баъзи жойларда қор ёғади
- Рақамли Ўзбeкистон учун кибeр-ҳуқуқшунослар: Прeзидeнт Фармони юридик таълимнинг янги даврини очади
- Кўрфаз араб давлатлари бозорига божсиз кириш имкони яратилади
- Ўзбекистон Республикасининг хориждаги дипломатларидан иборат делегация аъзолари Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди (+фоторепортаж)
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг