Подполковник Икромжон Турсунов Бухоро вилояти ИИБ бошлиғи этиб тайинланди

10:46 10 Май 2024 Жамият
147 0

Ички ишлар вазири Пўлат Бобожоновнинг буйруғи билан Турсунов Икромжон Нормуродович Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи лавозимига тайинланди.

Ички ишлар вазири генерал-лейтенант Пўлат Бобожонов иштирокида Бухоро вилоятида жамоат хавфсизлигини ҳамда криминоген вазиятни барқарорлигини таъминлаш масалаларига оид тезкор йиғилиш ўтказилди. Бу ҳақда ИИВ Ахборот хизмати хабар берди.

Тадбирда Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зарипов, Ички ишлар вазирлиги соҳавий хизмат раҳбарлари, вилоят сектор мутасаддилари ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларининг масъул ходимлари иштирок этдилар.

Йиғилишда, Давлат раҳбарининг маҳаллаларда жиноятчиликни жиловлаш, ҳудудларда жамоат хавфсизлиги ва фуқаролар осойишталигини таъминлаш, жиноятчиликни олдини олишда «маҳаллабай» ва «фуқаробай» иш ташкил этиш борасидаги топшириқлари, ички ишлар органлари фаолиятининг ҳисобот давридаги кўрсаткичи ҳамда келгусида тизим фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича белгиланган вазифаларнинг ижроси атрофлича муҳокама қилинди.

Тадбир жараёнида Бухоро вилоятида оила-турмуш муносабатлари доирасида, шунингдек, ёшлар, аёллар томонидан ҳамда ишсизлик оқибатида содир этилиши мумкин бўлган жиноятларнинг олдини олиш ҳамда бу борада маҳаллаларда шакллантирилган еттиликнинг ҳамкорлик масалалари танқид қилинди, ҳудуддаги ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан оғир маҳаллаларда сектор раҳбарлари, маҳалла раислари, маҳалладаги ҳоким ёрдамчилари, ёшлар етакчилари ва хотин-қизлар фаоллари томонидан фуқароларни қабул қилиш ва уларнинг муаммоларини ҳал этиш вазифаларга жиддий эътибор қаратиш зарурлиги тушунтирилди.

Шунингдек, йиғилишда Бухоро вилоятида жорий йилнинг ҳисобот даврида жиноятчиликка қарши кураш масалалари, жамоат хавфсизлиги концепциясида белгиланган вазифаларнинг ижроси, ҳуқуқбузарликларни барвақт олдини олиш, хизмат интизоми ва қонунийликка риоя этилиши ҳамда бошқа йўналишларда амалга оширилган ишлар танқидий кўриб чиқилиб, аниқланган муаммоларни бартараф этиш юзасидан аниқ вазифалар белгиланди.

Йиғилишда ташкилий масала кўрилди. Ички ишлар вазирининг буйруғи билан Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи лавозимига подполковник Турсунов Икромжон Нормуродович тайинланди. Тайинловга қадар у Сурхондарё вилояти ИИБ бошлиғининг биринчи ўринбосари лавозимида хизмат қилган.

Тадбирда кўтарилган муаммолар ва ечимини кутаётган масалалар бўйича соҳа мутасаддиларининг таклиф ва мулоҳазалари тингланиб, янги тайинланган вилоят ИИБ раҳбарига тегишли топшириқлар берилди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?