Почта хизматида ягона давлат сиёсатини юритувчи махсус ваколатли орган белгиланмоқда

17:40 21 Апрель 2022 Жамият
686 0

Фото: Ҳасан Пайдоев/"Халқ сўзи"

Жорий йил 21 апрель куни Сенатнинг Ахборот сиёсати ва давлат органларида очиқликни таъминлаш масалалари қўмитаси мажлиси бўлиб ўтди. Унда Қўмита аъзолари, экспертлар, тегишли вазирлик, идоралар раҳбар ва мутахассислари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди. Мажлисда Сенатнинг йигирма бешинчи ялпи мажлисида кўриб чиқилиши режалаштирилган масалалар дастлабки тарзда муҳокама қилинди.

Хусусан, сенаторлар янги таҳрирдаги “Почта алоқаси тўғрисида”ги Қонунга эътиборини қаратдилар. Таъкидланганидек, республикадаги почта алоқаси хизматлари бозорининг ривожланиш даражаси ва жаҳон почта алоқаси хизматлари бозори ривожланишининг замонавий тенденциялари ушбу соҳадаги қонунчилик базасини қайта кўриб чиқиш ва такомиллаштиришни тақозо этмоқда.

Фото: Ҳасан Пайдоев/"Халқ сўзи"

“Почта алоқаси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни 7 боб ва 41 моддадан иборат. Қонунни ишлаб чиқиш жараёнида хорижий давлатларнинг почта алоқасини тартибга солиш борасидаги тажрибаларидан фойдаланилган. Жумладан, Озарбайжон, Швейцария, Россия, Қозоғистон, Қирғизистон ва бошқа давлатларнинг қонунчилик ҳужжатлари ҳамда Умумжаҳон почта иттифоқи актлари ўрганилган.

Почта алоқаси соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга оширадиган махсус ваколатли орган сифатида Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги этиб белгиланмоқда.

Шунингдек, мазкур қонун билан почта алоқаси соҳасида қонунчиликка риоя этилиши устидан давлат назоратини Ўзбекистон Республикаси Ахборотлаштириш ва телекоммуникациялар соҳасида назорат бўйича давлат инспекцияси (“Ўзкомназорат”) амалга ошириши кўзда тутилган. Хавфли почта ва курьерлик жўнатмаларини жўнатиш xавфини камайтириш, почта ва курьерлик жўнатмаларининг бутлигини таъминлаш билан боғлиқ xавф даражасини камайтириш мақсадида почта хавфсизлигини таъминлаш чоралари юзасидан алоҳида нормалар қўшилмоқда.

Шу билан бирга, абонент почта жавонлари кўп квартирали уйларнинг биринчи қаватларига бу уйлар қурилаётган пайтда қурилиш ташкилотлари томонидан ўрнатилиши, умумжаҳон почта иттифоқи ҳужжатларига мувофиқ белиланган мажбуриятларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудида бажариш учун почта алоқаси миллий операторининг мақоми, мутлақ ҳуқуқлари ва функциялари аниқ белгилаб берилмоқда.

Фото: Ҳасан Пайдоев/"Халқ сўзи"

Сенаторлар муҳокама жараёнида Қонунда баён этилган айрим моддаларнинг амалиётга татбиқ этилиши билан боғлиқ ҳолатларга ҳам эътибор қаратди.

Мажлисда, “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили”да амалга оширишга оид давлат дастурининг 2022 йил I чораги ижроси якунлари бўйича Вазирлар Маҳкамасининг ҳисоботи эшитилди.

Давлат дастури 7 та устувор йўналиш бўйича 100 та мақсад ва 398 та банддан иборат бўлиб, уларда белгиланган чора-тадбирларни амалга ошириш мақсадида 318 та қонун, фармон ва қарорлар ишлаб чиқиш кўзда тутилган. Ҳисобот даврида, дастур ижросини таъминлаш мақсадида 59 та норматив-ҳуқуқий ва бошқа ҳужжатлар қабул қилинган бўлиб, шундан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 12 та ҳужжатлари, Вазирлар Маҳкамасининг 7 та қарорлари, 4 та идоравий ҳужжатлар ва 36 та бошқа ҳужжатлар ташкил этади.

Мажлисда кун тартибидаги масалалар юзасидан қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер