Парламентлараро Иттифоқ бош котиби Мартин Чунгонг “Инсон ҳуқуқлари ҳимояси учун” кўкрак нишони билан тақдирланди

19:02 15 Декабрь 2023 Сиёсат
571 0

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ директори Акмал Саидов бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси 75 йиллиги тантаналарига бағишланган расмий-маданий тадбирларда иштирок этиш учун Швейцарияга ташрифи доирасида Парламентлараро Иттифоқ бош котиби Мартин Чунгонг билан учрашув ўтказди.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ ахборот хизмати маълумотига кўра, Парламентлараро Иттифоқ бош котиби Мартин Чунгонг – 2023 йилда “Инсон ҳуқуқлари ҳимояси учун” кўкрак нишони билан тақдирланган эди. Ўзбекистоннинг дўсти ва яқин ҳамкори ушбу мукофотга инсон ҳуқуқлари соҳасида халқаро ҳамкорликни ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун сазовор бўлди.

Ўзаро мулоқот асносида делегация раҳбари – Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ директори Акмал Саидов ушбу мукофотни эгасига тантанали равишда топширди.

Мартин Чунгонг ўзи раҳбарлик қилаётган халқаро ташкилот фаолиятида, шунингдек, парламентлараро ҳамкорликни ривожлантириш ва қўшма тадбирларни муваффақиятли амалга ошириш борасида Ўзбекистон парламентининг ўрни алоҳида эканини таъкидлади. Шу муносабат билан парламентлараро ҳамкорликни кучайтиришга қўшган улкан ҳиссаси учун Президент Шавкат Мирзиёевга ўз миннатдорчилигини изҳор этди.

Мулоқот давомида БМТ Бош Ассамблеяси 2022 йил 14 декабрда қабул қилган “Барқарор ривожланиш мақсадларини амалга оширишда парламентларнинг ролини кучайтириш тўғрисида”ги резолюция ҳам айнан Ўзбекистон ташаббуси самараси экани яна бир бор эътироф этилди. Парламентлараро Иттифоқ бош котибининг айтишича, Ўзбекистон ижтимоий ҳимоя ва гендер тенгликни таъминлаш, тиббий хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаш, аҳолининг таълим даражасини ошириш ҳамда ёшлар билан ишлаш соҳаларида беқиёс тажрибага эга.

Суҳбат якунида Мартин Чунгонг Парламентлараро Иттифоқнинг 2025 йилга белгиланган 150-Ассамблеясини Ўзбекистонда ўтказишга тайёрлигини маълум қилгани учун мамлакатимиз парламентига миннатдорлик билдирди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?