Парламент палаталари фаолиятларини тартибга солувчи қонунлар янги таҳрирдаги Конституцияга мувофиқлаштирилмоқда

16:21 14 Декабрь 2023 Жамият
179 0

Жорий йилнинг 14 декабрь куни Сенатнинг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси мажлиси бўлиб ўтди.

Унда мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга қаратилган бир қатор муҳим қонунлар муҳокама қилинди.

Дастлаб “Давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Қонун муҳокама этилди.

Таъкидланганидек, мазкур Қонун билан мамлакатимиз фуқароларининг конституциявий нормалар билан мустаҳкамланган малакали юридик ёрдам олиш ҳуқуқидан фойдаланиш механизми такомиллаштирилмоқда.

Эндиликда, жиноят ишлари билан бир қаторда фуқаролик ва маъмурий ишларда ҳам фуқароларга давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатилиши ҳамда давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатадиган адвокатларни инсон омили аралашувисиз “Юридик ёрдам” ахборот тизими орқали автоматик танланиши белгиланмоқда.

Шунингдек, суриштирувчи, терговчи, прокурорнинг давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги қарори ёки суднинг ажрими асосида ишда ҳимоячи (адвокат) иштирокини таъминлаш шартлиги кўрсатиб ўтилмоқда.

Бундан ташқари, давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатадиган адвокатни жалб қилишда адвокатнинг ишда иштирок этиши тасдиқланган пайтдан эътиборан унга ишга киришиш учун камида тўрт соат вақт берилиши белгиланмоқда.

Шу билан бирга, маҳкумларнинг ҳам давлат ҳисобидан юридик ёрдам олиш ҳуқуқи янада мустаҳкамланади.

Сенаторларнинг фикрича, ушбу Қонун фуқароларнинг одил судловга эришиш даражасини янада ошириш ва малакали юридик ёрдам олишга бўлган кафолатларни кучайтиришга, унинг ҳаётимизга татбиқ этишга ҳамда унинг амалдаги ижросини таъминлашга хизмат қилади.

Шунингдек, қўмита мажлисда “Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг фаолиятини такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун ҳам кўриб чиқилди.

Муҳокама қилинаётган қонун билан парламент палаталари фаолиятларини тартибга солувчи қонунлар янги таҳрирдаги Конституцияга мувофиқлаштирилмоқда. Хусусан, парламент палаталарининг фаолиятидаги бир-бирини такрорловчи ваколатлари аниқлаштирилмоқда. Сенат аъзолари жами 65 нафар, шундан ҳар бир маъмурий-ҳудудий бирликдан 4 нафардан сайланиши, 9 нафари Президент томонидан тайинланиши белгиланмоқда. Қонунчилик палатаси ва Сенатнинг ўзини ўзи тарқатиб юбориш ваколати киритилмоқда. 100 минг нафардан кам бўлмаган фуқаролар, Сенат, Омбудсман ва Марказий сайлов комиссияси қонунчилик таклифларини Қонунчилик палатасига киритиш мумкинлиги қайд этилмоқда. Парламент текширувини ўтказиш Олий Мажлис палаталари аъзолари орасидан тенглик асосида тузиладиган биргаликдаги махсус комиссияси томонидан ўтказиши белгиланмоқда.

Сенаторлар томонидан Давлат бюджетининг, давлат мақсадли жамғармалари бюджетларнинг жами даромадлари ҳамда харажатлари, қонун доирасида кўзда тутилган тадбирлар, уларни молиялаштириш манбаларига оид маълумотлар таҳлил қилинганда, айрим соҳаларда очиқлик ва шаффофлик етарлича таъминланмаётганлиги танқид қилинди. Жумладан, аҳолини давлат тиббий суғуртаси бўйича ажратиладиган маблағларнинг сарфланиши ҳақида етарли маълумотга эга эмаслиги қайд этилди.

Шунингдек, яширин иқтисодиётни қисқартириш, бюджет даромадларини ошириш, ортиқча солиқ имтиёзларни бекор қилиш, бюджет маблағларидан самарали ва мақсадли фойдаланиш юзасидан сенаторларнинг тегишли тавсиялари берилди.

Муҳокама якунида Қўмитанинг тегишли қарорлари қабул қилинди ҳамда мазкур қонунларни Сенатнинг ялпи мажлиси муҳокамасига киритиш таклиф этилди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер