«Пахтакор-79» фожиасига 46 йил тўлди

15:30 11 Август 2025 Спорт
307 0

Бугун, 11 август — ўзбек футболи тарихидаги энг аламли кун. 1979 йилнинг айнан шу куни «Пахтакор» жамоаси аъзолари Днепродзержинск осмонида авиаҳалокатга учраган эди.

Ўша куни Тошкент–Гурев–Донеск–Минск йўналишида парвоз қилаётган ТУ-134 самолёти Челябинск–Кишинёв рейсини амалга ошираётган шу русумдаги бошқа бир лайнер билан 8400 метр баландликда тўқнашди.

Тўқнашув натижасида икки самолётдаги 178 киши ҳалок бўлди. Улар орасида «Пахтакор»нинг 17 футболчиси ҳам бор эди.

Тергов натижасига кўра, икки авиадиспетчер — Николай Жуковский ва Владимир Сумской хатоси ҳалокатга сабаб бўлган. Улар 15 йилга озодликдан маҳрум этилди.

Фожиа пайтида «Пахтакор» СССР Олий лигасида яхши ўйин кўрсатаётган, ҳатто Европа мусобақаларига чиқиш имконияти ҳақида ҳам гаплар юрарди. Аммо бир авлод футболчилар бир зумда йўқолиб, ўзбек футболи ривожига катта зарба берилди.

Ҳалокатда ҳаётдан кўз юмган «Пахтакор» футболчилари:

1. Михаил Ан – ярим ҳимоячи

2. Равил Ағишев – ҳимоячи

3. Виктор Чуркин – ҳужумчи

4. Владимир Фёдоров – ҳужумчи

5. Олим Аширов – ҳимоячи

6. Сирожиддин Базаров – ҳужумчи

7. Сергей Покатилов – дарвозабон

8. Владимир Собиров – ҳужумчи

9. Константин Баканов – ярим ҳимоячи

10. Юрий Загуменных – ҳимоячи

11. Шўҳрат Эшбўтаев – ҳужумчи

12. Рустам Дурмонов – ярим ҳимоячи

13. Александр Корчёнов – ҳужумчи

14. Геннадий Круглов – ҳимоячи

15. Евгений Зиновев – дарвозабон

16. Николай Куликов – ҳимоячи

17. Владимир Макаров – ярим ҳимоячи

Сўзимизни устоз журналист Хайрулла Ҳамидовнинг «Пахтакор» жамоасига атаб ёзилган ушбу шеър билан якунлаймиз:

Парвоз қани? Қани қанот оққушлар,

Мовийликда булут бўлиб оқишлар.

Қирқ йил бўлди, юракларим эзилар,

Кўкка учиб қайтмай кетган оққушлар.

 

Тинглади дил чин айрилиқ куйини,

Кўрмадилар, футболимиз тўйини.

Дилни тирнар бугунгилар ўйини,

Кўкка учиб қайтмай кетган оққушлар.

 

Ер билан ҳар айлабон ҳар учтасин,

Тирнар гўё одам қалби каштасин.

Узиб, янчиб мустаҳкам дил риштасин,

Кўкка учиб қайтмай кетган оққушлар.

 

Демасман, Баджо ё Канни соғиндим,

Балким вужудан бир танни соғиндим.

Ўзбек бўлиб кетган Анни соғиндим,

Кўкка учиб қайтмай кетган оққушлар.

 

Тўпни тамом ўз онига ағдариб,

Киевнинг тўрига голлар ёғдириб,

Блахимни ҳўп йиғлатган Фёдоров,

Кўкка учиб қайтмай кетган оққушлар.

 

Футбол надир, бу миллатга алам эй,

Йиғла халқим, йиғла, сенга ҳўп кам эй,

Мендан кичик Сирожиддин ака‌м эй,

Кўкка учиб қайтмай кетган оққушлар.

 

Кўкка учиб қайтмай кетган оққушлар,

Қайга кетди, бизга кулиб боқишар.

Мустақил юрт либосида тўп суриб,

Мадҳияни айтмай кетган оққушлар.

Муҳаммадамин Зуҳриддинов тайёрлади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?