"Ўзтрансгаз" АЖ масъуллари иштирокида "Куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишларининг бориши" мавзусида матбуот анжумани бўлиб ўтди

14:37 18 Июль 2023 Иқтисодиёт
5508 0

Фото: Юнус Бўриев / “Халқ сўзи”

“Ўзтрансгаз” акциядорлик жамиятида куз-қиш мавсумига тайёргарлик тадбирлари доирасида амалга оширилган ишларга бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди. Анжуманда Бошқарув раисининг ўринбосари – Хайриддин Хамидов, Бошқарув раиси маслаҳатчиси – Тўхтамурод Исмоилов, Магистрал газ қувурларини эксплуатация қилиш департаменти бошлиғи – Жавлон Юсупов, Компрессор станцияларини эксплуатация қилиш департаменти бўлим бошлиғи – Фозилжон Маҳмудов ва бошқа масъуллар иштирок этди.

Давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 15 июндаги “Табиий газ бозорини ислоҳ қилишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан АЖ фаолиятида янги саҳифа бошланди. Эндиликда “Ўзтрансгаз” АЖ табиий газни ташиш, сақлаш ва транзит қилишга ихтисослашган ягона магистрал газ узатиш тизими операторига айланди. Дарҳақиқат эндиликда бизнинг олий мақсадимиз - газ транспорт тизимининг ишончли ва хавфсиз ишлашини таъминлаш, табиий газни магистрал газ қувурлари орқали ташишдаги йўқотишларни минималлаштиришдан иборат. Бугунги кунда жамият томонидан турли диаметрдаги 14 минг километрга яқин юқори босимли магистрал газ қувурлари (МГҚ) тармоғига хизмат кўрсатилади. Акциядорлик жамиятида 14 та ҳудудий ва тизим ташкилотлари бўлиб, уларда 8 мингдан ортиқ ишчи-ходим меҳнат қилмоқда. Жорий йилнинг олти ойи давомида республика истеъмолчиларига қарийб 21 миллиард куб метр табиий газ етказиб берилди.

Ёз фасли - газ тизими ходимлари учун масъулиятли давр. Шу паллада тизим куз-қиш мавсумига тайёрланади, кенг кўламдаги капитал қурилиш, капитал таъмирлаш, модернизация, реконструкция тадбирлари амалга оширилади. Жорий йилнинг 28 апрелида Жамият Бошқарув раисининг “2023/24-йиллар куз-қиш даврида магистрал газ қувурлари ва иншоотларидан самарали ҳамда ишончли фойдаланишга тайёрлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги буйруғи қабул қилинди. Буйруқ билан йўналишлар бўйича 14 банддан иборат чора-тадбирлар режаси тасдиқланиб, шу асосда ишлар олиб борилмоқда. Ўтган ярим йилликда қарийб 83 км янги магистрал газ қувурлари қурилди. Жумладан, Республика истеъмолчиларининг аксариятини ташкил этувчи Фарғона водийсини табиий газ билан таъминлашда муҳим тармоқ саналган “Фарғона-Риштон” МГҚнинг 39 км узунликдаги 2-тармоғи, шунингдек газ транспорт тизимининг модернизация дастури бўйича 38 км, Сирдарё вилоятида қурилаётган қуввати 1500 МВтга тенг иссиқлик электр станциясини табиий газ билан таъминлаш учун 3,4 км магистрал газ қувури, “Янги Андижон” ГТС ҳамда унга келтирувчи 2,2 км газ қувури қурилди. Жорий йил сўнгига қадар 117 км магистрал газ қувурларини қуриш ҳамда 47 км капитал таъмирлаш ишларини бажариш режалаштирилган.

1 октябрдан шимолдан Республика ҳудудига импорт бўладиган табиий газ ҳажмини ўлчаш мақсадида “Хива-Бейнеу” магистрал газ қувурининг 307-километрида газ ўлчов станцияси қуриш режалаштирилган. Шу кунларда лойиҳалаштириш ишлари амалга оширилмоқда.

“Ўзтрансгаз” АЖ томонидан газ транспорт тизимининг ишончли ва хавфсиз ишлашини таъминлаш мақсадида ўтган даврда магистрал газ қувурларини текшириш ва диагностика натижасида аниқланган 16,4 км нуқсонли қисмлар алмаштирилди. Таъмирланган участкаларда ишчи босим кўрсаткичлари 30 кгс/см2 босимдан 45 кгс/см2 босимга оширилади. Мазкур ишларни амалга оширишда 10,4 млн м3 табиий газ иқтисод қилинди. Шунингдек магистрал газ қувурида қувур ички юзасини тозалаш, қувурда диагностика ишлари бажарилди.

2023 йил 10 июль ҳолатига газ тақсимлаш станциялар 426 та, тармоқлар сони 1 137 тани ташкил этади. Куз-қиш мавсумига тайёрлаш режасига асосан станцияларда чиқиш қувурлари изоляцияси, тозалаш фильтрини текшириш, одорантлаш блоки тафтиш қилиш каби тадбирлар бажарилди.

"Ўзтрансгаз" АЖ таркибида 22 та компрессор станцияси бўлиб, уларда 43 та компрессор цехи ва 232 та газ ҳайдаш агрегати мавжуд. 12 та агрегат мукаммал, 16 таси ўрта ва 22 таси жорий таъмирланди. 2023 йилда газ ҳайдаш агрегатларини оптимал режимда ишлатиш натижасида 26 млрд. сўм иқтисод қилинди.

Акциядорлик жамияти таркибий тизимида 2 та газни ер остида сақлаш иншооти мавжуд бўлиб, улар “Хўжаобод” ва Газли ГЕОСИдир. Мазкур иншоотлар ёз мавсумида табиий газни ҳайдаш йўли билан тўлдирилади ҳамда табиий газга эҳтиёж ортган куз-қиш мавсумида газ қайта қазиб олиниб, Республика эҳтиёжларига ишлатилади.

Ҳозирги кунда Газли ГЕОСИда қўшимча қудуқларни бурғулаш ва сиқув станциясини янгилаш орқали иншоoтни кенгайтириш ишлари амалга оширилмоқда.

“Хўжаобод” газни ер ости сақлаш иншооти актив газини сақлаш ҳажмини 900 дан 1 050 млн. куб метргача ошириш” лойиҳаси доирасида ҳозирги кунда 10 та қудуқдан 4 тасининг бурғулаш ишлари амалга оширилган ва 2 таси бурғуланмоқда.

Ер усти технологик ускуналарни сотиб олиш ва қурилиш монтаж ишларини амалга ошириш мақсадида ўрнатилган тартибда “Наклгазмахсускурилиш” АЖ билан шартнома расмийлаштирилган.
Жамиятда энергия ресурсларини тежаш йўналиши доирасида ўтган даврида электр қурилмаларида ўтказилган тафтиш ва профилактик синовдан ўтказиш, режим созлаш шунингдек таъмирлаш ишлари натижасида тизимда ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 38 млн.кВт.соат электр энергия кам истеъмол қилинган.

Фото: Юнус Бўриев / “Халқ сўзи”

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?