Озода Нурсаидованинг клипидаги фожиа. ИИББ 4 ойдан сўнг расмий маълумот берди

12:49 12 Март 2025 Жамият
270 0

Видеодан кадр

Кеча, 11 март куни кўплаб ОАВлар Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Озода Нурсаидованинг қўшиғи учун клип суратга олиш жараёнида актриса Сабрина Жабборовани автомобиль босиб кетгани ҳақида ёзди. Тошкент шаҳар ИИББ бундан роппа-роса 4 ой муқаддам — 2024 йилнинг 7 ноябрида содир бўлган йўл-транспорт ҳодисаси ҳақида негадир кеча расмий маълумот берди.

Билдирилишича, ҳодиса ўтган йилнинг 7 ноябрь куни соат тахминан 13:00 ларда Мирзо Улуғбек тумани Янги Ўзбекистон кўчасида жойлашган автотураргоҳларнинг бирида содир бўлган. Вояга етмаган ҳайдовчи — 2008 йилда туғилган С.П. «Mercedes-Benz» русумли автомашинада ҳаракатланиб, 2 нафар пиёдани (2003 йилда туғилган Ж.С. ва 2006 йилда туғилган Ш.Э.) уриб юборган.

Жабрланувчилар шифохонага олиб борилган. Судга оид тиббий экспертизанинг хулосасига кўра, фуқаро Ш.Э.нинг ҳолати оғирлик даражаси бўйича енгил тан жароҳати, фуқаро Ж.С. эса «оғир» тан жароҳати деб баҳоланган.

Қайд этилишича, мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 266-моддаси 1-қисми («Транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш») билан жиноят иши қўзғатилган.

«Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари тамомланиб, тегишли тартибда судга юбориш чораси кўрилмоқда», дейилади хабарда.

Мазкур ЙТҲда ўта оғир тан жароҳати олиб, ногиронлар аравачасига михланиб қолган актриса Сабрина Жабборова Instagram саҳифасида ёрдам сўраб, мурожаат йўллади.

Актрисанинг ёзишича, клипда суратга тушаётган бошқа бир вояга етмаган қиз режиссёрнинг кўрсатмаси билан Mercedes-Benz автомобилини ҳайдаб, бошқарувини йўқотган. Оқибатда Сабрина машина ғилдираклари остида қолиб, оғир даражадаги тан жароҳатлари олган.

Жабрланувчига биринчи ёрдам вақтида кўрсатилмагани оқибатида у кўп қон йўқотган. Кейин уни 4-сонли касалхонага олиб боришган, 9 соатлик операциядан сўнг беморнинг ҳаёти сақлаб қолинган. Бироқ, жарроҳлик амалиёти нотўғри бажарилгани туфайли қизнинг чап оёғи ўнгидан 7 см узунроқ бўлиб, ногирон бўлиб қолган.

Билдирилишича, айни вақтда шифокорлар қизнинг саломатлигини тиклаш учун унинг тос суягини синдириб, суякларни тўғрилаш кераклиги, бундай операциялар камдан кам ҳолатларда муваффақиятли ўтишини айтган.

Шунингдек, мурожаатда келтирилишича, суратга олиш ташкилотчилари ва бошқа айбдор шахслар жабрланувчига етарлича ёрдам кўрсатмаган. Фақатгина 4 ой давомида «фильмни суратга олишда техник қоидаларни бузганлиги» учун жарима сифатида 500 доллар тўлаб турган.

Маълум бўлишича, ушбу ҳодиса бўйича иш судга оширилган, лекин ҳали суд жараёни ҳали бошланмаган. Сабрина терговчи унга иш материалларини тақдим қилмаганини айтган.

Мурожаатда актриса нормал юриш қобилиятини тиклаш учун чет элда такрорий операция ўтказиши кераклигини айтган ва жамоатчиликдан ёрдам сўраган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?