ЎзЛиДеП депутатлари ва фаоллари иштирокида Самарқандда учрашувлар ташкил этилмоқда

Фото: "Халқ сўзи"
Абдулазиз ЙЎЛДОШEВ/«Халқ сўзи». Олий Мажлис Қонунчилик Палатаси депутати Наврўз Ризаев, ЎзЛиДеП Самарқанд вилоят Кенгаши раҳбари Илҳом Ботиров ва бошқа фаоллар иштирокида Самарқанд агроинновациялар ва тадқиқотлар институтида давра суҳбати бўлиб ўтди.
Тадбирда ЎзЛиДеП партиясининг сиёсий платформаси ва келгуси режалари ҳақида кенг маълумот бериш билан бир қаторда, Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йилида амалга оширилаётган чора-тадбирлар ҳақида сўз юритилиб, юртимизда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, яратилаётган шарт-шароитлар, қонунчиликдаги янгиликлар ҳақида батафсил тўхталиб ўтилди. Хусусан, ҳуқуқий асосларни мустаҳкамлашга мақсадида 2023 йилда Қонунчилик палатаси томонидан 100 та қонун қабул қилингани ва Сенатга юборилгани, 20 марта ҳукумат аъзолари ва давлат органлари раҳбарларининг ахбороти эшитилгани, мансабдор шахсларга 15 та парламент сўрови, 134 та депутат сўрови юборилгани таъкидланди.
Мулоқотда бугунги кунда мамлакатимизда тадбиркор ва хусусий сектор вакиллари томонидан ташкил этилаётган олийгоҳлар сони кўпаяётгани қайд этилди. Мисол учун, бундан олти йил аввал юртимизда 60 га яқин ОТМ фаолият кўрсатган бўлса, Президент Шавкат Мирзиёевнинг сиёсий иродаси билан бу рақам хусусий сектор мисолида кўпайиб, 200 дан ошди. Бу ҳам ЎзЛиДеПнинг сиёсий ҳаракатлар дастуридан кенг ўрин олганлиги билан аҳамиятлидир.
Самарқанд агроинновациялар ва тадқиқотлар институтида 15 та йўналишда аграр соҳа учун замонавий мутахассислар тайёрланмоқда. Йил якунига қадар институтнинг 200 дан ортиқ талабалари ҳамда улар билан бирга тютор вазифасини бажариш учун 5 нафар ёш ўқитувчиларни ҳақ тўланадиган хорижий амалиётларга ва стажировкаларга юбориш режалаштирилган. Институтда Япония Халқаро Ҳамкорлик Агентлиги (JICA) томонидан молиялаштирилаётган қиймати 100 минг АҚШ доллар бўлган ҳамда Жанубий Кореянинг қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат ва қишлоқ ҳудудларини ривожлантириш вазирлиги (MAFRA)нинг маблағлари ҳисобидан қиймати 4,3 млн. АҚШ доллари бўлган лойиҳалар доирасида In-vitro лабораторияси ва иссиқхоналар қурилиши ишлари амалга оширилмоқда.
Талабалар учун ўқув аудиториялар сиғимини ошириш учун институтнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан бўш турган томат цехи биносининг бир қисмида жами сиғими 160 ўринли 4 та ўқув аудиторияси ҳамда 2 та ўқитувчилар хонасини таъмирлаш ишлари якунланди.
Тадбирда институт ўқитувчи ва талабалари томонидан ЎзЛиДеП сафига кириш таклифлари билдирилди, иштирокчиларнинг таклиф ва мулоҳазалари эшитилди.
Олий Мажлис депутати Наврўз Ризаев ва ЎзЛиДеП масъуллари «Сувчилар мактаби» фаолияти билан танишди. Хабарингиз бор, 2023 йил 18 апрель куни муҳтарам Президентимиз ҳузурида сув хўжалиги соҳасини ислоҳ қилиш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида «Сувчилар мактаби» ташкил этиш бўйича топшириқ берилган эди. Мазкур топшириқ ижроси доирасида Сув хўжалиги вазирлиги, Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти, Миллий Тадқиқот Университети ҳамда «Агробанк» ОАЖ ҳамкорлигида «Сувчилар мактаби» ташкил этилди.
2023 йилда биринчи босқич ўқувлари ташкил қилиниб, беш ой мобайнида яъни май октябрь ойлари давомида республика бўйича 155 та туманда 61 мингдан ортиқ фермер хўжаликлари раҳбар ва ходимлари қисқа муддатли курсларда ўқитилди.
Мактабни ташкил этишда Туркия, Испания, Хитой давлатларининг тажрибалари ўрганилди ҳамда ушбу давлатлардан хорижий мутахассислар жалб қилиниб, ўқув дастурлари ишлаб чиқилди. Ўқув жараёнига 50 нафардан ортиқ илмий ходимлар, 20 нафар Туркия, Испания, Хитой давлатлари экспертлари жалб қилинди.
Ўқувларда иштирок этган тингловчиларнинг таклиф, фикр мулоҳазалари инобатга олинган ҳолда узоқ муддатли дастур ишлаб чиқилди ҳамда «Сувчилар мактаби»ни иккинчи босқичига старт берилди. Бу босқичда 60 минг нафар фермер хўжаликлари раҳбарларини чуқурлаштирилган ҳолда ўқитишга мўлжалланган. Шунингдек, мактабда «Лойиҳачи» ҳамда «Ташкилотчи» ўқув курслари ҳам ташкил этилмоқда.
Олий Мажлис депутати ҳамда ЎзЛиДеП масъуллари шунингдек, Оқдарё тумандаги иқтисодиёт сектори вакиллари, банк ходимлари, тадбиркор ва фермерлар билан учрашди, уларга кўрсатилаётган хизматлар билан яқиндан танишишди.
Учрашувда мамлакатимизда давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан молия идораларида рўй бераётган янгиланишлар, банкларнинг очиқ ва шаффоф, шунинг баробарида мижоз учун кафолатли ва хавфсиз хизмат кўрсатиб келаётгани замон талабига мос эканлигини таъкидланди.
Мулоқотда тадбиркор ва фермерларнинг саволларига жавоблар қайтарилди ҳамда ЎзЛиДеПнинг кейинги беш йилдаги дастури лойиҳаси ҳамда унинг устувор жиҳатлари ҳақида батафсил маълумот берилди.
Оқдарёлик тадбиркор Шерзод Неъматов ташкил этган хусусий тиббий клиникада бел ва оёқ оғриғи, умуртқа чурраси дардига чалинган беморларни даволашга ихтисослашган. У 180 беморга мўлжалланган. Муассаса замонавий тиббиётнинг илғор ускуналари билан жиҳозланган. Бу ерга Қирғизистон ва Қозоғистон каби қўшни мамлакатлардан ҳам беморлар шифо умидида келмоқда.
ЎзЛиДеП вакиллари ва Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Н. Ризаев маскан мутахассислари ва даволанаётган беморлар билан мулоқотда бўлиб, тиббиёт соҳасидаги ўзгаришлар, давлатимиз раҳбарининг ташаббуслари билан яратилаётган имкониятлар хусусида тўхталиб ўтди.
— Бугун мамлакатимизда қайси соҳада бўлмасин хусусий сектор улуши юксалиб бормоқда, — дейди шифохона раҳбари Шерзод Неъматов. — Бундан 7 йил олдин эски колхоз идорасининг бўш ётган қаровсиз биносини ноль қийматда олиб, иш бошлаган эдик. Берилган имтиёз ва имкониятлардан фойдаланиб, янги бино қуриб, фаолиятимизни кенгайтирдик. Аммо бугунги кунда чет мамлакатларда ишлаб чиқарилган замонавий тиббий ускуналар, айниқса МРТ аппарати нархларининг юқорилиги беморлар учун шу ернинг ўзида ташхис қўйиш имкониятини бермаяпти. Бу муаммони ҳал этишда имтиёзлар яратилса мақсадга мувофиқ бўлар эди.
Шунингдек, мулоқотлар давомида ЎзЛиДеПнинг кейинги беш йилдаги дастури лойиҳаси ҳамда унинг устувор жиҳатлари ҳақида батафсил маълумот берилиб, иштирокчиларнинг таклиф ва мулоҳазалари эшитилди.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистонда 2025 йил 1 апрелдан электр энергияси ва газ нархлари оширилади
- Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Ойгул Халилова вафот этди
- Ҳарбий хизматни ўташ билан боғлиқ тартиблар янгиланади
- Наманганда 3 та йирик институт битта университетга бирлаштирилади
- Тошкент шаҳрида Туркий давлатлар халқаро университети ташкил этилади
- Қорақалпоғистондаги иккита олий таълим муассасаси ўз фаолиятини тугатади, аммо…
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг