Озиқ-овқат хавфсизлиги бошқаруви бўйича Озарбайжон тажрибаси ўрганилди

Шу кунларда замонавий озиқ-овқат хавфсизлиги бошқаруви бўйича тажриба алмашиш мақсадида Президент ҳузуридаги Стратегик ислоҳотлар агентлиги, Соғлиқни сақлаш ва Қишлоқ хўжалиги вазирликлари, Ветеринария қўмитаси, Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги, Давлат божхона қўмитаси, Ҳисоб палатаси раҳбар ходимларидан иборат Ўзбекистон делегацияси Озарбайжонда бўлиб турибди. Ташриф БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО)нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси кўмагида ташкил этилди.
25 август куни Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Нурмат Атабеков бошчилигидаги делегация Озарбайжон Озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги агентлигида қабул қилинди. Учрашув давомида томонлар ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилдилар ҳамда озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги, ўсимликларни ҳимоя қилиш ва ветеринария соҳаларида тажриба алмашдилар.
Озарбайжон Озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги агентлиги раиси ўринбосари Закия Мустафаеванинг таъкидлашича, сўнгги йилларда Озарбайжон ва Ўзбекистон ўртасидаги муносабатлар юқори даражадаги ўзаро ташрифлар, имзоланган келишувлар ва қўшма ташаббуслар орқали изчил ривожланиб бормоқда.
Ўзбекистон делегациясига Озарбайжонда озиқ-овқат хавфсизлиги қонунчилигини такомиллаштириш, хавф-хатарларга асосланган текширув механизмлари, инқирозли вазиятларни бошқариш тизимлари ва тезкор огоҳлантириш механизмларининг жорий этилиши ҳақида батафсил маълумот берилди.
Тақдимотларда, назорат ва инспекция тартиблари, жумладан, хавфларни таҳлил ва назорат қилишнинг муҳим нуқталари тизимининг қўлланилиши, озиқ-овқат маҳсулотларини импорт ва экспорт қилиш талаблари, янги маҳсулот турлари, озиқ-овқат қўшимчалари, пестицидлар, ветеринария дори воситалари ва озуқа қўшимчаларини рўйхатдан ўтказиш тартиби, миллий рақамли тизим – Автоматлаштирилган озиқ-овқат хавфсизлиги ахборот тизими фаолияти, жамоатчилик билан мулоқот, оммавий ахборот воситаларидан фойдаланиш ва ахборот материалларини тайёрлаш каби йўналишларда батафсил маълумот берилди.
Ташриф дастури давомида Озарбайжон Озиқ-овқат хавфсизлиги институтидаги учрашувлар, шунингдек, чегара назорат пунктлари ва лабораторияларга ташрифлар бўлиб ўтди. Ўзбекистонлик мутахассислар озиқ-овқат импорти ва экспорти назоратида «ягона дарча» моделининг амалиёти билан танишди. Таъкидланишича, мазкур ўқув ташриф Ўзбекистонга соҳани ислоҳ қилиш, лабораторияларни мустаҳкамлаш ҳамда манфаатдор томонларни озиқ-овқат хавфсизлиги соҳасига кенгроқ жалб этиш бўйича қимматли тажрибаларни ўрганиш имконини беради.
Ушбу ташаббус ФАО томонидан Ўзбекистонда озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги бошқарувини кучайтириш ва савдони енгиллаштириш йўналишидаги узлуксиз қўллаб-қувватлашнинг мантиқий давоми ҳисобланади.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- «Бунёдкор» мураббийи Сергей Арсланов вафот этди
- Ўзбекистонда доллар курси пастлади
- Қондаги глюкозани пасайтириш учун кечки овқатланишнинг идеал вақти маълум бўлди
- Сардобанинг сири нимада?
- Камчатка соҳилларидаги кучли зилзиладан сўнг Ўзбекистон Консуллиги ватандошларимизга мурожаат қилди
- Бухоролик докторант ниманинг эвазига Президент совғаси – автомобилга эга бўлди?
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг