Ўзбекнинг миллатсевар шоири Рауф Парфи 80 ёшда

21:57 27 Сентябр 2023 Маданият
758 0

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида Ўзбекистон халқ шоири, миллатсевар ижодкор Рауф Парфи таваллудининг 80 йиллигига бағишланган адабий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.

Адабий анжуманда жамоат арбоблари, таниқли ижодкорлар, шоирнинг оила аъзолари, санъаткорлар ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Тадбир аввалида Рауф Парфи билан бир замонда яшаб, ҳамнафас бўлган ижодкорлар, шоирнинг шогирдлари, яқинлари сўзга чиқиб, унинг босиб ўтган ҳаёт йўли, озодлик ишқида битилган оташин шеърлари, шахсияти ҳақида тўхталиб ўтишди.

Дарҳақиқат, Рауф Парфи — нафақат ўзбек, балки туркий адабиёт оламида ҳам мисли кўрилмаган даражадаги шоир. Унинг ҳар қандай башарий кайфият ва ҳолат ичидаги ҳаёти, дарди, ғояси, мақсади — Ватан озодлиги, миллат истиқлоли, қадимий Туркистон бирлиги эди.

— Рауф Парфи адабиётга қандай кириб келганини биз сезмай ҳам қолдик. — деди Ўзбекистон халқ шоири Усмон Азим. — Эсимда, мактабнинг юқори синфида ўқирдим, шоир исмини ўшанда биринчи марта эшитдим. Рауф аканинг шеърлари шундай тез машҳурлашиб, юракларимизга жо бўлиб кетдики, талабалик йилларида бир-биримизга қараб ҳол-аҳвол сўраш ўрнига “Ёмғир ёғар, шиғалаб ёғар” дердик. Рауф Парфи ўзбек адабиётида — катта ҳодиса. Бу адабиётдан баҳраманд бўлганимиз бизнинг бахтимиз деб биламан.

Адабий-маърифий кеча давомида Рауф Парфи шеърлари асосида басталанган куй-қўшиқлар янгради, мухлислар томонидан севиб ўқиладиган шеърлари ижро этилди.

Тадбир якунида тадбир иштирокчиларига Рауф Парфининг янги нашрдан чиққан китоблари туҳфа этилди.

Раҳматжон БОБОЖОНОВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер