Ўзбекистоннинг IT соҳаси имкониятлари Жанубий Кореяда тақдим этилди

19:09 24 Апрель 2024 Жамият
254 0

Жанубий Корея пойтахти Сеул шаҳрида Рақамли технологиялар вазирлиги ва IT Park ҳамкорлигида «Uzbekistan Outsourcing Conference» ўтказилди.

Конференция Ўзбекистоннинг Корея Республикасидаги элчихонаси кўмагида ҳамда Корея маслаҳат фонди ва саноатини интеллектуаллаштириш ассоциацияси билан биргаликда ташкил этилди.

Таъкидлаш керакки, Шарқий Осиё мамлакатларида Ўзбекистоннинг IT соҳасига қизиқиш ортиб бормоқда. Бу Жанубий Кореянинг хорижий IT Park резидент компаниялари фаол ўсиб бораётгани ва IT компаниялар вакилларининг жалб этилган иштирокидан далолат беради. Ўзбекистоннинг кадрлар салоҳияти ва IT ландшафтини батафсил ўрганиш бўйича конференцияда 120 дан ортиқ соҳа мутахассислари ва бизнес делегатлар иштирок этди.

Тадбир рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматовнинг кириш сўзи билан бошланди. Вазир икки давлат ўртасидаги маданий ўхшашлик, меҳнатсеварлик ва ривожланишга доимий интилиш мавжудлиги, бу стратегик шериклик ва узоқ муддатли ҳамкорлик учун қулай замин яратаётганини алоҳида таъкидлади.

2013-2017 йилларда Рақамли технологиялар вазирлигида АКТ бўйича маслаҳатчи бўлиб ишлаган Ким Нам Сок ҳам Ўзбекистондаги тажрибаси ва жадал ривожланаётган IT соҳаси ҳақида гапирди. Ким Нам Сок ўз нутқида икки давлат ўртасидаги мулоқот турли даражаларда давом этаётгани, Корея Республикаси экспертлари Ўзбекистоннинг рақамли трансформацияси муваффақиятли амалга оширилаётганига ва мамлакатимизнинг кучли мутахассислар сифатида майдонга чиқишига ишончи комил эканини алоҳида таъкидлади.

Иштирокчиларга Ўзбекистон ҳукумати томонидан IT компанияларни қўллаб-қувватлаш бўйича яратилган комплекс чора-тадбирлар: аутсорсинг бизнесини очиш ва ривожлантиришни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, кўп тилли бой кадрлар захираси ҳамда солиқ имтиёзлари ва преференциялари тақдим этилди.

Ўзбекистондаги IT иқтидорлар бозори Жанубий Корея компаниялари вакилларини мамлакатимизнинг IT, бизнес бошқаруви, мижозлар тажрибасини бошқариш, молия ва бошқа соҳалардаги малакали мутахассисларига қизиқиш уйғотаётганини алоҳида таъкидлаш лозим. Сабаби юртдошларимизнинг инглиз ва корейс тилларини билиши ҳамда таълим даражаси туфайли уларга талаб катта. Ўзбекистонда кўплаб Жанубий Корея университетлари ва таълим муассасалари мавжуд бўлиб, улар ҳақида Кореянинг INHA университети вакили Кюнг Жин Мин ва Hancom академияси бош директори Ли Кванг Хун батафсил маълумот берди.

«Биз Тошкентда «ақлли» синф хоналарини ташкил қилдик ва энди Урганчга биринчи филиалимизни очиш, қолаверса, маҳаллий аҳолига рақамли кўникмалар ва технологияларни ўргатиш учун қадам қўйдик», — деди Ли Кванг Хун.

IT-Park резидентлари муваффақиятли бизнес намуналари, жумладан, Жанубий Кореянинг «Weayaa» ўйин ишлаб чиқиш компанияси ва «Geo2 IUT Global» логистика компаниясининг Ўзбекистондаги фаолияти ва эришилган натижалари ҳақида сўзлаб беришди.

«Биз Ўзбекистон ёшлари қандай ажойиб ва ижодий дизайнларни яратаётганини кўриб, Тошкент вилоятида компания очишга қарор қилдик. Ўйинларимиз учун график чизадиган ходимларни ёллаймиз», — деди «Weayaa» компанияси вакили Ким Дае Кеун.

Шунингдек, Uzinfocom вакиллари ўзларининг MyID маҳсулоти ва у нафақат Ўзбекистонда, балки Марказий Осиёнинг қўшни давлатларида ҳам давлат хизматлари, ҳам хусусий бизнес жараёнларини рақамлаштиришда қандай ёрдам бериши ҳақида гапириб берди.

«Uzbekistan Outsourcing Conference» Ўзбекистоннинг IT соҳаси ва мамлакатнинг инсон капиталини хорижда тақдим этиш учун мўлжалланган. Конференция якунлари бўйича Ўзбекистон бозорига Жанубий Кореядан камида 15 та IT компаниялар кириб келиши ва бир йил ичида 1000 дан ортиқ иш ўринлари яратилиши кутилмоқда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер