Ўзбекистонлик талабалар қайси чет давлатда кўпроқ ўқишади?

10:47 18 Январь 2025 Жамият
410 0

Ўзбекистон Республикаси Статистика агентлиги маълумотларига кўра, 2024 йилда жами 35,9 минг нафар Ўзбекистон фуқароси ўқиш мақсадида чет элга йўл олган. Бу кўрсаткич халқаро таълимга бўлган қизиқишнинг йилдан-йилга ошиб бораётганини кўрсатади. Талабалар асосан бакалавриат, магистратура ва бошқа академик дастурларда ўқиш учун бошқа мамлакатларга кетишяпти.

Чет элга ўқишга кетганларнинг асосий қисми қўшни давлатларга йўналтирилган. Тожикистон энг кўп талабаларни қабул қилган мамлакат бўлиб, бу ерга 12 минг 809 нафар ўзбекистонлик талабалар борган. Россия эса 8 минг 629 нафар талабани ўқишга қабул қилиб, иккинчи ўринда турибди. Қирғиз Республикасига 3 минг 953 нафар, Туркияга 2 минг 711 нафар, Корея Республикасига эса 2 минг 77 нафар ўзбекистонлик талабалар йўл олган.

Қўшни давлатлардан ташқари, бошқа йирик таълим марказлари ҳам ўзбекистонлик талабаларнинг эътиборини тортган. Буюк Британияга 792 нафар, Хитойга 767 нафар, АҚШга 576 нафар ва БААга 390 нафар талаба ўқишга кетган. Шунингдек, бошқа давлатларда ўқишни танлаганлар сони 1602 нафарни ташкил қилмоқда.

Чет элда ўқишни истаган ўзбекистонлик талабалар орасида қўшни давлатлар тил яқинлиги ва таълимнинг мақбуллиги сабабли етакчилик қиляпти. Шунингдек, бошқа давлатлардаги нуфузли университетлар ва ўқиш шароити ҳам талабалар учун жозибадор бўлиб қолмоқда. Айниқса, Туркия ва Корея Республикасидаги стипендия дастурлари талабаларга қўшимча имкониятлар яратган.

Чет элда таълим олаётган ўзбекистонлик талабаларнинг сони ортиши мамлакатнинг халқаро билим ва кўникмаларга бўлган талабини қондиришга хизмат қилади. Бу жараён натижасида Ўзбекистон келажакда юқори малакали мутахассислар ва халқаро даражадаги кадрларга эга бўлиши мумкин.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?