Ўзбекистонлик спортчилар Жаҳон кубогидан 13та медаль билан қайтди

14:02 22 Декабрь 2020 Спорт
1287 0

Шу йилнинг 16-20 декабрь кунлари Россия Федерациясининг Москва шаҳрида самбо бўйича катталар ва аёллар ўртасида Жаҳон кубоги мусобақалари бўлиб ўтди.

Унда мезбонлардан ташқари Арманистон, Беларус, Молдова, Руминия, Сербия, Хорватия, Винесуэла, Хитой, Бахрейн, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ҳамда Ўзбекистон каби 14та давлатдан 130 нафардан ортиқ спортчи ғолиблик учун кураш олиб боришди. Улар орасида 13 нафар Ўзбекистон миллий терма жамоа аъзолари ҳам бор эди.

Эътиборлиси, 13 кишидан иборат терма жамоамиз жаҳон кубогидан жами 13та медалга сазовор бўлишди. Шундан 3таси олтин, 8таси кумуш ва биттаси бронза медалидир.

Самбочиларимиздан Давлатжон Ҳамроев (-62 кг), Сарбон Эрназаров (-74 кг) ҳамда жанговар самбо бўйича Дилшод Гадоев (-57 кг) ўз вазн тоифаларида олтин медаль билан тақдирланган бўлишса, Феруз Файзуллоев (-62 кг), Улуғбек Раҳмонов (-82 кг), Неъмат Ёқубов (-90 кг), жанговар самбочиларимиздан Лутфулла Сайдаматов (-57 кг), Фурқат Рўзиев (-82 кг), Эрали Абраев (-90 кг) ҳамда Ҳакимжон Исмоилов (+100 кг) кумуш, яна бир самбочимиз Суннат Абдумажидов (-82 кг) бронза медалига сазовор бўлди.

Аёллар ўртасида ўтган мусобақаларда эса Ибодатхон Оғажонова (-60 кг) кумуш, унинг жамоадошлари Мушарраф Ибодуллаева (-48 кг) ҳамда Дилноза Зияева (-52 кг) бронза медалини қўлга киритишди.

Умумжамоа ҳисобида Ўзбекистон миллий терма жамоа аъзолари ҳам эркаклар, ҳам аёллар ўртасида мезбонлар – Россиядан кейин фахрли 2-ўринни қўлга киритишди.

Бугун эрта тонгда Ўзбекистон спорт делегацияси Москва-Тошкент йўналиши бўйича Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортига келиб қўнди. Уларни Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ҳамда Ўзбекистон самбо федерацияси вакиллари, Миллий гвардия ва Ички ишлари вазирлигининг ҳарбий оркестри ҳамда ОАВ ходимлари кутиб олишди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер