Ўзбекистонлик мактаб ўқувчилари ёзги таътилни АҚШда ўтказишмоқда

21:09 01 Август 2022 Жамият
642 0

Ўзбекистоннинг АҚШдаги Элчихонаси ходимлари мамлакатнинг Уилмингтон шаҳридаги Шимолий Каролина университетига (UNCW) ташриф буюриб, мазкур олийгоҳ қошида “Access” дастури доирасида ташкил этилган “UNCW Access Summer Camp 2022» ёзги оромгоҳида таҳсил олаётган 26 нафар Ўзбекистонлик мактаб ва лицей ўқувчилари билан учрашув ташкил этилди.

Барча болаларнинг таъкидлашича, уларга яратилган шароитлар аъло даражада, ҳамда соғлом турмуш тарзининг тарғиботи, доимий қизиқарли маҳорат дарслари, кўнгилочар тадбирлар, бириктирилган маҳаллий ходимларнинг эътиборлилиги, янгиликларни ўрганаётганлиги жуда ҳам маъқул келмоқда.

Хусусан Жиззах шаҳридан ташриф буюрган Эъзоза Бобомуродова ўз таассуротлари билан бўлишар экан “Access” дастури доирасида икки йил давомида инглиз тили ва информатика сабоқларини ўрганганини айтиб ўтди. «Мен бу ерга келганимдан жуда хурсандман ва ўқитувчимга катта миннатдорчилик билдирмоқчиман» - дейди Эъзоза Бобомуродова.

Нукус шаҳрида истиқомат қилувчи Жанзаков Рамазон ушбу дастурдан олган билимлари билан бўлишар экан «биз бир ой давомида инглиз тилини ўрганмоқдамиз, АҚШ маданияти билан танишяпмиз. Ўзбекистондаги тенгдошларимга ҳам яхши таълим олиб шундай дастурларда қатнашишга чақириб қоламан», дейди.

Наманган шаҳридан ташриф буюрган Фарангиз Анварова эса ўз тенгдошларига билимга интилишни, “Access” каби халқаро дастурларда қатнашишини ва олинган илмлар орқали катта ютуқларга эришишни тилади.

Андижон вилоятидан Абдуллоҳ Одилов эса ўз тенгдошларига шундай ўқув курсларида фаол қатнашишга ва инглиз тилини яхши ўрганишга чақирди.

«Бу ерда мен инглиз тилида кўп амалий машғулотлар олиб бормоқдаман. Мен бу университетдаги яратилган имкониятлардан жуда хурсандман. Устозларимга инглиз тилини ўргатгани ва АҚШга бориш учун имконият берганига катта раҳмат айтмоқдаман», дейди Қўқон шаҳридан Солиҳа Абдураззоқова.

Ўз навбатида Хоразм вилоятидан Суннатилло Султонназаров «ёзги ўқув оромгоҳи доирасида таълим олиш учун кенг имкониятлар яратилган ва улардан фаол фойдаланиш кераклигини» айтиб ўтди.

Урганч шаҳридан келган Камрон Раззақов дастурдан олаётган таассуротлари билан бўлишар экан, бошқа иштирокчилар қатори ўз муаллим ва устозларига миннатдорлик билдирди.

Самимий руҳда кечган мулоқотда Элчихонамиз вакиллари ўқувчиларни қизиқтирган саволларга батафсил жавоб беришди.

Қайд этилишича, мазкур лойиҳа давомида ҳафтасига 18 соатлик инглиз тили дарслари, турли экскурсиялар ва маданий тадбирлар ташкил этилмоқда. Бундан ташқари, ўқувчиларнинг кун тартибига компьютер маҳорати, STEM, нутқ маданияти, спорт дарслари, маҳаллий музейларга саёҳатлар киритилган.

“UNCW” маъмурияти билан келишган ҳолда ушбу дастурга ёшларимизнинг Вашингтон шаҳридаги Элчихонамизга ҳам ташрифи киритилди. Шунингдек Ўзбекистонлик ўқувчилар курси давомида америкалик тенгдошлари билан алоқа ўрнатиб улар билан фикр ҳам алмашадилар.

Эслатиб ўтамиз “UNCW Access Summer Camp” дастури иккинчи бор Ўзбекистонлик ёшларни қабул қилмоқда. Ушбу дастур икки йил давомида Ўзбекистонда инглиз тили дарсларида қатнашадиган ўқувчилар учун тил кўникмаларини кенгайтиришга ёрдам беради ва маданиятлараро мулоқот кўникмалари билан таъминлайди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?