Ўзбекистонлик депутатлар Тожикистондаги парламент сайловларини кузатиб боришади

19:50 28 Февраль 2020 Сиёсат
898 0

2020 йилнинг 27 февраль куни МДҲ Парламентлараро ассамблеяси халқаро кузатувчилари гуруҳи мувофиқлаштирувчиси, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари Улуғбек Иноятов, шунингдек, қуйи палата депутати Гулруҳ Аъзамова Тожикистонга ташриф буюришди. Улар Тожикистонда шу йил 1 март куни бўлиб ўтадиган парламент қуйи палатаси сайловларига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш жараёнларини кузатиб боришади.

Кузатувчилар миссияси Тожикистон Республикаси Демократик партияси раиси Саиджаъфар Усмонзода ва Тожикистон Республикаси Социал партияси раиси Абдуҳалим Ғаффоров билан учрашди.

Эътироф этилганидек, сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги икки томонлама алоқалар жадал суръатларда ривожланяпти, стратегик шериклик даражасига чиққан кўп қиррали ҳамкорликда ижобий ўсиш кузатилмоқда.

Президентлар Шавкат Мирзиёев ва Эмомали Раҳмоннинг биргаликдаги саъй-ҳаракатлари натижасида сиёсий ҳамда савдо иқтисодий алоқалар фаоллашгани алоҳида таъкидланди. Давлат чегараларини делимитация ва демаркация қилиш, сув ресурсларини тақсимлаш, чегара олди ўзаро ҳамкорлиги каби муҳим масалалар ўз ечимини топаётир.

Мулоқотда Тожикистон сайлов қонунчилиги, парламент сайлови жараёнида Марказий сайлов комиссияси, шунингдек, мамлакатдаги маҳаллий сайлов комиссиялари фаолиятига тўхталиб ўтилди.

Кузатувчилар миссияси ўз ишини 3 мартгача давом эттиради ва ушбу давлат шаҳар ҳамда туманларида бевосита бўлишади. Бундан ташқари, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари Тожикиcтон сиёсий партиялари етакчилари, ЕХҲТ ДИИҲББ Миссияси раҳбари Эберхард Пол билан учрашишади, МДҲ ПАдан халқаро кузатувчилар гуруҳлари мажлисларида иштирок этишади, Душанбедаги сайлов участкалари очилиши ва сайловларнинг боришини кузатишади. Якунда МДҲдан Кузатувчилар миссиясининг якуний матбуот анжуманида иштирок этишади.

Тожикистон МСК маълумотларига кўра, Тожикистон парламенти қуйи палатаси сайловларида 63 та депутатлик мандати учун 241 номзод кураш олиб боради. Шулардан 176 нафари 41 та бир мандатли сайлов округлари бўйича, 65 нафари ягона умумреспублика сайлов округи партия рўйхати бўйича сайловларда қатнашади.

“Халқ сўзи”

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?