Ўзбекистонда зооноз касалликларга қарши кураш кучайтирилмоқда

11:22 12 Сентябр 2024 Жамият
124 0

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) ва АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) ҳамда Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси билан ҳамкорликда бруцеллёз касаллигига қарши кураш бўйича тренинг ташкил этилди. Ушбу тадбир ФАО/USAID умумжаҳон саломатлик хавфсизлиги ташаббусининг бир қисми сифатида Ўзбекистонда инсон ва ҳайвонлар саломатлигини мустаҳкамлаш, микроблар резистентлигига қарши чораларни кучайтириш ва зооноз касалликларнинг олдини олишга қаратилган.

Тренинг машғулотларида Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси ҳамда Ветеринария илмий-тадқиқот институти ходимлари, лаборатория мутахассислари ва Қорақалпоғистон Республикасидан ташриф буюрган ветеринар-эпидемиологлар иштирок этди. Улар бруцеллёз ҳақида ўз билимларини кенгайтириб, эмлаш орқали ушбу касалликнинг олдини олиш ҳақида керакли маълумотга эга бўлдилар. Семинарнинг амалий қисми Тошкент вилоятида жойлашган чорвачилик фермасида давом этиб, унда иштирокчилар қон намуналари олиш, касалликларга қарши курашиш ва хавфни баҳолаш бўйича амалий кўникмаларни қўлга киритишди.

Маълумот учун, бруцеллёз — ҳайвонлардан одамга овқат ҳазм қилиш ва нафас олиш йўллари, яллиғланган тери орқали юқадиган инфекцион касаллик. Бруцеллёзни қўзғатувчи «Brucella» бактерияси ўта чидамли ҳисобланади. У музлатилган гўштда бир ярим йилгача, хом ва пишмаган гўштда 30 кунгача, айрим пишлоқларда 15—40 кунгача, сутда 3—4 кунгача сақланиши мумкин. Бактериянинг чидамлилиги уни одамларда тез-тез қайд этиладиган касалликка айлантиради.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?