Ўзбекистонда туризм экспорти 1,6 карра ошиб, 3,5 миллиард долларга етди

16:02 09 Апрель 2025 Сиёсат
166 0

Сўнгги йилларда туризм экспорти 1,6 карра ошиб, 3,5 миллиард долларга етди. Бу ҳақда Президент раислигида ўтаётган видеоселектор йиғилишида қайд этилди.

Маълум қилинишича, бу соҳада 2 мингдан ортиқ янги тадбиркор иш бошлади. Муҳими – ўтган йили хорижий сайёҳлар оқими илк бор 10 миллионлик маррадан ўтди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Ҳудудларда туризм ва сервис инфратузилмаси жуда тез ривожланаётгани таъкидланди.

Хусусан, ўтган 8 йилда маҳаллий ва хорижий инвесторлар 6,5 миллиард доллар сармоя киритиб, 130 минг меҳмонхона ўрни яратди. Бу йили улар яна 30 мингга кўпаяди.

Паркентнинг «Олтин бел» чўққисида халқаро даражадаги янги тоғ-чанғи зонаси барпо этиляпти. Франциянинг «Куршавель» тоғ-чанги курорти тоғли ҳудудларимизда Европа стандартига мос туризм масканларини ташкил қилишга катта қизиқиш билдирмоқда.

«Бу билан тўхтаб қолмаймиз. Бой тарихий-маданий меросимиз, гўзал ва бетакрор табиатимиз сайёҳларни 2-3 карра оширишга етади», деди Президент.

Туризмнинг иқтисодиётдаги улушини 7 фоизга, экспортни 10 миллиард долларга етказиш бўйича 2040 йилгача стратегия ишлаб чиқилаётгани таъкидланди.

Йиғилишда кўпчилик ҳокимлар туризм қандай катта йўналиш эканини тушуниб етмаётгани кўрсатиб ўтилди.

Мавсум бошланганига бир ойдан ошгани билан капсулали уйлардан иборат маскан фақат Китобда очилгани қайд этилиб, қолган 35 та туман ва шаҳар ҳокими “мудраб” ўтиргани танқид қилинди.

Капсулали уйларни қуриш ва жиҳозлашга Туризм жамғармасидан 10 миллион сўмгача субсидия ажратилиши белгиланди.

Сайёҳлар Хоразм, Бухоро, Қашқадарё ва Сурхондарёдан ўтган магистрал ва ички йўллар аҳволидан норозилиги қайд этилди.

Мутасаддиларга “туризм ҳалқаси”га кирган йўлларни таъмирлаш бўйича ҳисоб-китоб қилиб, ишларни бошлаш топширилди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?