Ўзбекистонда TALIS тадқиқотларини ўтказиш мактаб ўқитувчилари ва директорларига қандай фойда беради?

13:51 24 Февраль 2021 Жамият
54723 0

Яқинда Таълим инспекцияси раҳбарияти ва Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти (OECD) ташкилоти вакиллари ўртасида Ўзбекистоннинг 2024 йилги Таълим бериш ва ўқитиш сифатини баҳолаш бўйича халқаро тадқиқотлар (TALIS)да қатнашиши масалаларига бағишланган онлайн учрашув бўлиб ўтди.

Унда Таълим инспекцияси бошлиғи Улуғбек Ташкенбаев, инспекциянинг тегишли бошқарма ва бўлим раҳбарлари, шунингдек унинг ҳузуридаги Миллий марказ жамоаси, ҳамда OECD ташкилотининг TALIS бошқармаси бошлиғи ўринбосари Карин Тремблей, TALIS аналитиги, халқаро ҳамкорликлар бошқарувчиси Софи Вайссетт ва Пабло Фрейзерлар иштирок этди.

Таъкидлаш жоизки, TALIS (Teaching and Learning International Survey) ўқитувчилар фаолияти, иш шароити ва мактабдаги таълим муҳитини баҳолашга қаратилган энг йирик халқаро тадқиқот бўлиб, ҳар 6 йилда ўтказилади. Сўнгги марта 2018 йилда ўтказилган TALIS халқаро баҳолаш тадқиқотларида 48 та давлат қатнашган бўлиб, натижалари 2020 йилда июнь ойида эълон қилинган эди.

Унинг мақсади — иштирокчи мамлакатларга самарали ўқитиш ва ўрганиш учун шарт-шароитлар яратишга қаратилган таълим сиёсатини ишлаб чиқишда янги устувор йўналишларни кўриб чиқиш ва аниқлаш имконини берадиган ишончли, долзарб ва қиёсий маълумотлар тақдим этишдан иборат. Тадқиқотлар мактаб ўқитувчилари ва директорларига нафақат миллий, балки халқаро даражада ўз фикрини билдириш имконини беради.

Муҳокамалар аввалида Таълим инспекцияси бошлиғи Улуғбек Ташкенбаев хорижий ҳамкорларга Ўзбекистон таълим тизими ва педагог кадрлар фаолияти бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот бериб ўтди.

— Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси ташкил топган кунлардан бошлаб, тизимда сифат кўрсаткичларини янги босқичга олиб чиқишга ҳаракат қилиб келмоқда, — деди у. — Шу нуқтаи-назардан соҳадаги муаммо ва ютуқларимизни ва шаффоф тарзда аниқлаб олиш биз учун жуда муҳим.

Умуман олганда, TALIS тадқиқотларини мамлакатимизда ўтказиш бўйича бир неча йиллардан буён ҳамкорлик қилиб келмоқдамиз. Шундай экан биз учун бу тизим бегона эмас. Хусусан, сўнгги йилларда умумтаълим мактаблари миллий рейтингини аниқлашда ҳам мазкур тизимга мослаштирилган сўровномалардан мунтазам тарзда фойдаланиб келяпмиз. Бу орқали қатор ютуқ ва камчиликларимизни мамлакат миқёсида аниқлаб келмоқдамиз.

Ушбу тадқиқотнинг халқаро миқёсда ўтказилиши эса мамлакатимиздаги таълим тизимини объектив баҳолаб, муаммо ва камчиликларимизни бошқа мамлакатлар билан солиштиришимизга ва келгусидаги режаларимизни янада аниқроқ белгилаб олишимизга хизмат қилади.

"TALIS тадқиқоти ўқитувчилар ва мактаб директорлари ўртасида олинадиган сўровномалар орқали таълим муассасасидаги бошқарув муҳити баҳоланади. Унда тасодифийлик асосида танлаб олинадиган ўртача 200 та таълим муассасаси, 4000 нафар ўқитувчи ва 200 нафар мактаб директори қатнашиши кўзда тутилган. Халқаро тадқиқотлар натижаларининг ўзаро интеграциясини таъминлаш ва олинадиган таҳлилларнинг қамровини кенгайтириш мақсадида PISA тадқиқоти ўтказиладиган мактаблар билан боғлиқ ҳолда амалга ошириш имкониятлари ҳам мавжуд. Тадқиқотнинг мақсади таълим муассасаларидаги аҳволни, ўқитувчиларнинг фаолиятидаги муаммоларни тизимли таҳлил қилиб, натижаларни индивидуал тарзда эмас, балки репрезентативлик тамойили асосида давлатлар ва халқаро миқёсда солиштирма таҳлиллар олиб борилади.

Шунингдек, 2024 йилдаги тадқиқотларда OECD томонидан фақатгина мактаб ўқитувчи ва директорлари эмас, балки унинг қамров даражасини мактабгача ва олий таълим тизимига ҳам таъминлаш имкониятлари яратилган. Бундан ташқари, ўқитувчиларнинг педагогик салоҳиятини ҳам баҳолаш модуллари танлов асосида киритилганлиги тадқиқотнинг янги даврийлигидаги ўзига хосликларда биридир, лекин бу иштирокчи давлатларнинг танловига боғлиқ" — дейилади OECD вакилининг тақдимотида.

Шуни таъкидлаш лозимки, Ўзбекистон Республикаси умумтаълим муассасаларининг ушбу нуфузли халқаро TALIS тадқиқотида иштирок этиш масаласи ҳукуматнинг 2018 йилдаги қарорида белгиланган бўлиб, ушбу тадқиқотда қатнашиш бўйича Таълим инспекцияси ва OECD ўртасида бир неча марта олиб борилган учрашувлар натижасида, тадқиқотда қатнашиш бўйича дастлабки келишувга эришилган эди. Тадқиқотда иштирок этиш бўйича молиявий масалалар эса инспекция ва Жаҳон банки ҳамкорлигида амалга оширилаётган лойиҳада кўзда тутилган.

Инспекция ва OECD ўртасида бўлиб ўтган навбатдаги учрашув тадқиқотда иштирок этиш йўналишлари ва моделлари борасида олиб борилган муҳокамаларнинг мантиқий давоми бўлиб, томонлар ўртасидаги шартнома лойиҳасини ишлаб чиқиш бўйича келишувга эришилди.

Шунингдек, муҳокамалар якунига кўра, кўтарилган масалалар бўйича амалга ошириладиган ишлар юзасидан ҳамкорлик мунтазам давом эттирилади.

Маълумот учун, Шанхайда TALIS-2013 натижаларига кўра ўқитувчилар ойлик маоши 10 фоизга оширилган. Австралияда ўқитувчиларни олий таълимдан кейинги тайёргарлиги бўйича янги дастурлар жорий этилган, профессионал стандартлар янгиланган. Италияда «Яхши мактаб» лойиҳаси доирасида ўқитувчилар малакасини ошириш учун қўшимча маблағ ажратилиб, ўқитувчиларга ҳақ тўлаш тизимига ўзгартириш киритган бунда асосий эътибор ўқитувчилар фаолият самарадорлигига қаратилди. Англияда мактаблар учун 1 кун (йилига 3 марта) давом этадиган «қисқа текширувлар» жорий этилиб, ушбу ҳолат навбатдаги тадқиқотларда педагоглар томонидан «яхши» деб баҳоланган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?