Ўзбекистонда сунъий интеллект технологияларини жорий этиш ва ривожлантириш масалалари кўриб чиқилди
Самарқанд шаҳрида ЮНEСКО Бош конференциясининг 43-сессияси доирасида Ўзбекистоннинг сунъий интеллектни жорий этишга тайёрлигини баҳолаш бўйича ЮНEСКОнинг тадқиқот лойиҳаси (Readiness Assessment Methodology) натижалари тақдимоти ўтказилди.
Тадбир давомида халқаро ва миллий экспертлар томонидан амалга оширилган тадқиқотнинг асосий натижалари намойиш қилинди. Лойиҳа натижаларини сунъий интеллект этикасини ва уни жорий этишга тайёрлик йўналишини назорат қилувчи ЮНЕСКО халқаро эксперти Марк Антон Дилҳак тақдим этди.
Тақдимотда таъкидланганидек, мамлакатимизда сунъий интеллектни кенг жорий этиш ва ривожлантириш бўйича тизимли ислоҳотлар изчил давом эттирилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Сунъий интеллект технологияларини янада ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони замонавий технологияларни жадал ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш, сунъий интеллектни кенг жорий этиш учун қулай шароитлар яратиш, соҳага қўшимча инвестицияларни жалб қилиш ва малакали мутахассислар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш мақсадида қабул қилинган.

Ушбу ҳужжатга мувофиқ, 2026 йил якунига қадар давлат бошқаруви органлари, ижтимоий соҳа ва иқтисодиёт тармоқларида сунъий интеллект технологияларини жорий этиш бўйича камида 100 та лойиҳа амалга оширилади. 2030 йилга қадар эса сунъий интеллект инфратузилмасини ривожлантиришга 1 миллиард АҚШ долларидан ортиқ хорижий инвестициялар жалб қилинади. Шунингдек, 2026-2027 ўқув йилидан бошлаб умумий ўрта ва олий таълим тизимида сунъий интеллект технологияларини ўқитиш бўйича мавзулар киритилади. 2026 йил якунига қадар олий таълим муассасаларида 15 та сунъий интеллект лабораторияси ишга туширилади.
Фармонга кўра, Рақамли технологиялар вазирлиги ҳузурида давлат органлари, тадбиркорлик субъектлари, хориждаги ватандошлар ва чет эллик мутахассислар иштирокида Маслаҳатлашув кенгаши ташкил этилади.
2025 йил якунига қадар сунъий интеллект соҳасидаги лойиҳалар, дастурлар ва стартаплар ҳақидаги маълумотларни ўз ичига олувчи “ai.gov.uz” миллий портали ишга туширилади.
2026 йилдан бошлаб ёшларда сунъий интеллектга қизиқишни ошириш мақсадида Президент соврини учун “Сунъий интеллект йўналишида энг яхши стартап” (President AI Award) танлови ўтказилади.
Мазкур тадбирга давлат органлари, халқаро ташкилотлар, илмий доиралар ва сунъий интеллект соҳасидаги етакчи мутахассислар таклиф этилган бўлиб, улар тадқиқот хулосаларини муҳокама қилдилар ҳамда Ўзбекистон ва ЮНЕСКО ўртасида сунъий интеллектнинг масъулиятли ва этик ривожланишини янада кучайтириш истиқболларини кўриб чиқдилар.
Абдулазиз ЙЎЛДОШЕВ
(«Халқ сўзи»).
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистонда Касбий таълим агентлиги ташкил этилади
- Рўзиқул Бердиевнинг матбуот анжуманидаги фикрлари юзасидан суриштирув ўтказилади
- АҚШ Россияга босим ўтказишнинг муқобил усулларини ўрганмоқда
- Трамп Корея яриморолидаги можарога якун ясашга ваъда берди
- Ўзбекистоннинг янги траекторияси: Асосий хорижий трансферлар харитаси
- Ҳиндистонда «Монтта» циклони сабабли қарийб 90 минг киши эвакуация қилинди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг