Ўзбекистонда спорт тадбирлари орқали ёшлар қамровини 10 миллион нафарга етказиш режалаштирилмоқда – Нурбек Саломов

17:50 12 Июль 2024 Жамият
935 0

Жорий йил якунига қадар оммавий спорт тадбирлари орқали ёшлар қамровини 10 миллион нафарга ҳамда спорт билан шуғулланишга жалб қилинган аҳоли улушини 26 фоиздан 28 фоизга етказиш режалаштирилган. Бу ҳақда Спорт вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Нурбек Саломов маълум қилинди.

Қайд этилишича, аҳолининг жисмоний тайёргарлигини баҳолаш мақсадида 11 та ёш тоифалари бўйича аҳолидан спорт синовлари қабул қилиш тизими янада такомиллаштирилиб, бу борада алоҳида электрон платформа ишга туширилди.

Шунингдек, бугунга қадар 23 турдаги нормативлар бўйича синовларни топшириш истагини билдирган 4,2 миллион нафар ёшлар электрон рўйхатдан ўтди ва уларнинг 3,2 миллион нафаридан спорт синовлари қабул қилинди. Жорий йил умумтаълим мактаблари ўқувчилари ва олий таълим муассасалари талабаларидан спорт синовларини қабул қилиш жараёнларига старт берилди.

Бундан ташқари, спорт мактабларида спорт гуруҳларини тўлдириш меъёрлари қайта кўриб чиқилиб, спорт турларининг хусусияти, спорт иншоотларининг сиғими ва санитария талабларини инобатга олиб, гуруҳларга спортчиларни қабул қилишнинг минимал, оптимал ва максимал миқдорлари белгиланди. Бу борада жойлардаги спорт мактабларида доимий шуғулланувчилар контингенти жорий йил бошидаги 370 минг нафардан 570 минг нафарга етказилди.

Шу сабабли ушбу ёшлар спорт мактабининг махсус гуруҳларида 8 ойгача малакали тренерлар томонидан бепул шуғуллантирилиб, жисмоний тайёргарлик даражаси ва разрядига қараб, кейинги босқичга ўтказилади. Махсус гуруҳлардаги профессионал спортга салоҳияти бор ёшлар йўналишига кўра ҳудудлардаги 4 та ихтисослаштирилган спорт мактаблари ёки 15 та Олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказларига қабул қилинади.

«Йил якунига қадар спорт билан мунтазам шуғулланувчилар сонини 1 миллион нафарга етказиш бўйича барча чоралар кўрилмоқда», деган Нурбек Саломов.

Аввалроқ, ўзбекистонлик спортчи Рустам Қосимжонов «Рустам Қосимжонов кубоги»да кучли учликка ҳам кира олмагани ҳақида хабар берган эдик.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?