Ўзбекистонда «Silk Avia» авиакомпанияси ташкил этилади

19:13 25 Ноябрь 2021 Жамият
1543 0

Фото: «Uzbekistan Airports» АЖ

«Uzbekistan Airports» АЖ Ўзбекистон Транспорт вазирлиги ташаббуси билан «Silk Avia» минтақавий шуба авиакомпаниясини ташкил этмоқда. Янги авиаташувчи парвозларни келгуси йилдан бошлашни режалаштирмоқда.

«Silk Avia» авиакомпанияси Дубай шаҳрида 14 — 18 ноябрь кунлари бўлиб ўтган «Dubay Airports-2021» халқаро авиасалон доирасида жорий йилнинг сентябрь ойида рўйхатдан ўтган. Унда «Uzbekistan Airports» ҳамда «HAS Aviation GT LLC» компанияси минтақавий авиакомпания ташкил этиш Стратегиясини ишлаб чиқиш бўйича шартнома имзолаган.

Минтақавий авиакомпаниянинг ташкил этилиши Ўзбекистонда ишбилармонлик фаоллигини рағбатлантириш ва ички туризмни ривожлантириш йўлидаги шарт-шароитларни яратиш учун муҳим аҳамиятга эга бўлиб, бу ўз навбатида аҳолининг авиация ҳаракатчанлиги коэффициентининг ортишига таъсир қилади.

«Биз бозорда ўзбекистонликлар учун арзон нархларда ички авиаташувларни таъминлайдиган авиакомпания ташкил этишни мақсад қилиб қўйдик. Яқин вақтгача Ўзбекистон шаҳарларини боғлайдиган тўғридан-тўғри қатновларнинг йўқлиги катта муаммо эди. Самарқанддан Хоразмга бориш учун йўловчилар Тошкент орқали учишлари керак эди. Бизнинг вазифамиз — ички ташувларни нафақат «point to hub» (пойтахтдан ҳудудларга), балки «point to point» (минтақалар орасида) модели асосида ҳам ташкил этишдир. 40 га яқин йўналишлар ва 70 кишига қадар йўловчи ташиш қувватига эга минтақавий самолётларни сотиб олиш режалаштирилган. Тарифлар темир йўл тарифларига мувофиқлаштирилади. Бу ички туризмни ривожлантиришга ва истеъмолчи учун авиачипталарнинг якуний қийматига ижобий таъсир кўрсатади», — дейди «Uzbekistan Airports» АЖ Бошқаруви раиси Раъно Жўраева.

Янги авиакомпания минтақавий аэропортларни ривожлантириш учун ҳам зарур. Шу боис, уни биринчи босқичда «Uzbekistan Airports» бошқарув компанияси яратмоқда. Келгусида авиакомпания хусусий секторга ўтказилиши режалаштирилган. Таъкидлаш жоизки, «Silk Avia» ўзини «Uzbekistan Airways» миллий авиаташувчисининг рақиби сифатида намоён қилмайди, балки ички ташувларни ташкил этиш бўйича ҳамкор сифатида фаолият юритади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?