Ўзбекистонда озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлигини таъминловчи марказ фаолият бошлади

16:37 07 Март 2024 Иқтисодиёт
259 0

Фото: "Халқ сўзи"

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий маркази ҳудудида Ўзбекистон ва Ўмон султонлиги ҳамкорлигидаги қишлоқ хўжалигида қўшимча қиймат занжирини яратиш ва озиқ-овқат саноатида сифат назоратини таъминлаш бўйича лаборатория тизимини ҳам қамраб олган йирик янги агрохизмат марказининг очилиш маросими бўлиб ўтди.

Унинг очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари Алишер Шукуров, Ўмон султонлиги вакиллари, дипломатлар, Агрохизматлар марказлари раҳбарлари ва тадбиркорлар ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди.

Мазкур марказнинг асосий мақсади бугунги кунда Ўзбекистонда етиштирилаётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш жараёнидаги сифат назоратини таъминлашдан иборат. Бундан ташқари, у маҳсулот етиштириш жараёни, яъни, сув, тупроқ таҳлиллари ва қайта ишлашда турли қўшиладиган кимёвий моддалар ҳамда ингредиентлар халқаро стандартларга жавоб бериши назоратини амалга оширадиган лаборатория ҳам ҳисобланади. Таъкидлаш ўринлики, у озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлигини таъминлашда Ўзбекистонда дастлабки аккредитациядан ўтган халқаро марказ ҳисобланади. Бу ерда “Organik”, “Globalgap ”, “Halol”, “ISO” каби халқаро сертификатлари ҳам берилади.

Марказ бош офиси Ўмонда жойлашган “Atyab International Services” ташкилотининг Ўзбекистондаги филиали сифатида ташкил этилди. “Atyab International Services” қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат саноатида юзга яқин турдаги хизматларни кўрсатади. Ташкилот лабораториялари халқаро аккредитациядан ўтказилган бўлиб, уларнинг имкониятлари қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотларининг таркибидаги барча моддаларни аниқлай олади. Демак, Ўзбекистонга импорт ёки экспорт қилинаётган маҳсулотларнинг сифат даражасини юқори аниқликда таҳлил қилиш имкони яратилмоқда.

Ушбу марказда тадбиркорлар учун катта қулайлик яратилган. Эндиликда экспорт билан шуғулланадиган тадбиркорлар ўз маҳсулотлари учун жаҳон бозорида талаб қилинадиган сертификатларни шу ердан олишлари мумкин.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?