Ўзбекистонда мактаб битирувчиларини олий таълимга қамраб олиш даражаси сўнгги 7 йилда 4 карра ошди

Фото: Президент матбуот хизмати
Ўтган даврда илгари эътибордан четда қолган йўналишлар, хусусан, педагогик таълимга, унинг илмий, назарий ва амалий асосларига эътибор кучайтирилди. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёев таълим-тарбия соҳаси вакиллари билан ўтган мулоқотда маълум қилди.
Кадрлар етишмовчилигини бартараф этиш учун олийгоҳларда сиртқи таълим шакли тикланди.
Ўқитувчиларга маҳорати ва эришган ютуқларига қараб тўланадиган устамалар сони 3 тадан 17 тага оширилди.
Ўз устида астойдил ишлаган, хорижий сертификат олган 6 минг ўқитувчи 10 миллион сўмдан зиёд маош олмоқда. 2020 йилда бундай ўқитувчилар 102 нафар бўлган.
Албатта, бу ҳали етарли эмаслиги, лекин ушбу рақам кейинги икки йилда 5,3 баробар ошгани таъкидланди.
Ўтган 5 йилда мактаб таълимида, таъбир жоиз бўлса, локомотив вазифасини бажарадиган 14 та Президент мактаби, 9 та ижод мактаби фаолияти йўлга қўйилди.
Ана шу мактаблар дастурлари асосида табиий ва аниқ фанлар бўйича замонавий дарсликлар яратилмоқда.
Энг муҳими, бу мактаблар аниқ самара бера бошлади. Ушбу мактабларни битирган 100 нафар йигит-қиз дунёнинг ТОП-100 олийгоҳларида таҳсил олмоқда.
Президент мактабларидаги баҳолаш тизими ҳозир 500 та умумтаълим мактабида қўлланмоқда. Баҳолашни самарали йўлга қўйган 66 та мактаб жамоасига 40 фоизгача устама тўланмоқда.
Мамлакатимизда иқтидорли ёшларни селекция йўли билан танлаб олиш бўйича илгари бўлмаган янги тизим йўлга қўйилди.
Натижада бу йилнинг ўзида халқаро фан олимпиадаларида ўқувчиларимиз 122 та медални қўлга киритди.
Мактаб битирувчиларини олий таълимга қамраб олиш даражаси сўнгги 7 йилда 4 карра ошди.
Бу йил 310 минг нафар ўғил-қизларимиз олийгоҳ талабалари бўлди. Ана шу ёшларнинг қарийб ярми қизлардир.
Бундай натижа илгари ҳеч қачон бўлмаган.
“Яна бир бор айтаман: қанча ислоҳот қилмайлик, биринчи навбатда ўқитувчининг билими ва касб маҳоратини оширмас эканмиз, сифатли таълимни таъминлай олмаймиз”, деди Президент.
Бугунги кунда давлат таълим муассасаларида 46 минг нафар, хусусий ташкилотларда эса 38 минг нафар педагог 5 йил давомида малака оширмагани афсус билан қайд этилди.
Бу йил аттестация жараёнлари шаффоф бўлиши учун сунъий интеллект ва рақамли технологиялар қўлланди. Натижада 198 минг ўқитувчидан 21 минг нафари малака бўйича етарли балл тўплай олмади.
Бу барчамизни ташвишга солиши керак бўлган ҳолат экани кўрсатиб ўтилди.
“Бугунги очиқ мулоқотимиз салкам бир асрлик тарихга эга бўлган Абдулла Авлоний номидаги малака ошириш институтида ўтаётгани албатта бежиз эмас.
Мен йиғилишдан олдин ҳозирги кунда мутлақо янгича қиёфага эга бўлган институтда яратилган шароитлар, ўқитувчилар малакасини ошириш бўйича янги тизим тақдимоти билан танишдим.
Бундан буён таълим сифатини янги босқичга кўтариш учун ишни 7 та йўналишда ташкил этамиз”, деди Президент.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистонда доимий аҳоли сони ҳар куни неча кишига ошяпти?
- Шаҳрам Ғиёсов тажрибали рақибини муддатдан олдин мағлуб этди
- Яна бир бозор аукционга қўйилди
- Ўзбекистон паспорти халқаро индексда паст натижа қайд этди
- Абдулазиз Комилов Италиянинг энг юқори давлат мукофоти билан тақдирланди
- Самарқанд яна бир нуфузли форумга мезбонлик қилади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг