Ўзбекистонда лотин ёзувидаги ўзбек имо-ишора алифбоси ишлаб чиқилади

17:24 02 Декабрь 2020 Жамият
1884 0

«Шахслар ўртасида мулоқот воситаси сифатида ишлатиладиган имо-ишора тилини янада ривожлантириш тўғрисида»ги Ҳукумат қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Унга кўра, Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳар ва вилоятлар, шунингдек туманлар (шаҳарлар) марказларида умумий ўрта таълим муассасалари негизида имо-ишора тили ва Брайл алифбосини ўргатиш бўйича махсус курслар ташкил этилади.

Ҳужжат лойиҳасида белгиланишича, ўзбек имо-ишора тили эшитиши ва нутқида оғир нуқсони бўлган шахслар ҳамда улар билан соғлом шахслар ўртасида мулоқот тили сифатида Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида тан олинади.

Мулкчилик шакли ва идоравий мансублигидан қатъи назар, барча корхоналар, ташкилотлар ва муассасаларда ўзбек имо-ишора тилидан мулоқот тили сифатида фойдаланиш учун шарт-шароитлар яратилади.

Лойиҳада Халқ таълими вазирлиги уч ой муддатда лотин ёзувидаги ўзбек имо-ишора алифбосини ишлаб чиқиши ҳамда 2021/2022 ўқув йилидан бошлаб имконияти чекланган болалар учун таълим муассасаларининг ўқув жараёнига жорий этиши лозимлиги назарда тутилган.

Халқ таълими вазирлиги Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан биргаликда 2021/2022 ўқув йилидан бошлаб:

коррекцион педагогика ва дефектология соҳасида педагог кадрларга бўлган реал эҳтиёжлардан келиб чиқиб, зарур таълим йўналишлари

ва мутахассисликлари (сурдопедагогика, тифлопедагогика, олигофренопедагогика, логопедия) бўйича қабул квоталарини ошириш;

ҳудудларнинг дефектология соҳасида педагог кадрларга бўлган эҳтиёжларини таъминлаш мақсадида дефектология таълим йўналишларига давлат грантлари асосидаги қабул квоталари улушини ошириш орқали мақсадли қабулни ташкил этиш юзасидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига асосланган таклифлар киритади.

Молия вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Адлия вазирлиги, Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги, Марказий банк, "Uzbekistan Airways" ва «Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамиятлари идоравий бўйсунувидаги жисмоний ва юридик шахслар томонидан энг кўп мурожаат қилинадиган давлат органлари ва ташкилотларда:

ногиронлиги бўлган шахслар билан мулоқот қилиш учун қулай

шарт-шароитлар яратиш, жумладан ўзбек имо-ишора тилида мулоқот қилишда кўмаклашувчи воситалар (таржимонлар, ўзбек имо-ишора тили ва Брайл алифбосида маълумот берувчи ёзувлар, видео ва фотосуратлар, эшиттирувчи, электрон маълумотлар табло) билан таъминлаш;

расмий веб-сайтларда ногиронлиги бўлган шахслар учун жойлаштирилган маълумотлар билан эркин танишиш ва хизматлардан фойдаланишга оид қўшимча имкониятлар жорий этиш, ўзбек имо-ишора тилида намойиш этиш шаклидаги рукнлар жойлаштириш чоралари кўрилади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?