Ўзбекистонда Халқаро хаттотлик ва китобат санъати мактаби ташкил этилмоқда

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази тасарруфида Халқаро хаттотлик ва китобат санъати мактаби ташкил этилмоқда. Мактабни ташкил қилиш ва унинг фаолияти юзасидан тафсилотлар Ислом цивилизацияси марказида ўтказилган навбатдаги илмий кенгаш йиғилишида тақдим этилди.
Ушбу мактабда 6 ёшдан 60 ёшгача бўлган ўқувчилар танлов асосида қабул қилинади. Ёшлар 6-12 ёшлилар (бошланғич), 13-24 ёшлилар (давомчилар) ва 25 ёшдан юқори (маҳорат ва соҳа мутахассислари) гуруҳларига бўлинади. Ҳар бир гуруҳда 12 нафаргача ўқувчи таҳсил олиши кўзда тутилган.
Ўқувчилар нафақат хаттотлик билан шуғулланади, балки ёзув тарихи, ўзбек, араб, форс тиллари ва ёзуви, ҳуснихат, Ғарб мамлакатларида ҳуснихат (лотин ёзуви), Шарқ мамлакатларида ҳуснихат (араб, лотин, кирилл ёзувлари), китобат санъати каби фанларни ҳам ўрганади. Шунингдек, дарсларнинг амалий қўлланишига катта эътибор қаратилади.
Мактаб фаолияти халқаро ҳамкорлик асосида олиб борилади. Жумладан, Буюк Британия қироллик жамғармаси ҳузуридаги Анъанавий санъат турлари мактаби, UNESCO, Ислом ҳамкорлик ташкилоти, Туркиянинг IRCICA маркази, Эрондаги Теҳрон Хаттотлик маркази, Саудия Арабистонидаги Муҳаммад ибн Салмон маркази ва БААнинг Шаржа маркази билан ҳамкорлик қилиш режалаштирилган.
Маълумот учун, китобат санъати юртимизда қадимдан юксак қадрланган. Аждодларимиз томонидан кўчирилган қўлёзмалар, улардаги бетакрор ҳуснихат ва ислимий нақшлар, тилла суви билан сайқалланган безаклар қарийб 1000 йил аввал ҳам дунё аҳли ҳайратига сабаб бўлган. Ҳозирги кунда эса босмахоналарда китоблар миллионлаб нусхада нашр этилса-да, хаттотлик санъати ўз аҳамиятини йўқотмаган.
Халқаро мактабни ташкил этишдан мақсад — маданий меросимизни асраш, ёш авлодни маънавий руҳда тарбиялаш, хаттотлик ва китобат санъатини халқаро даражада кенг тарғиб этиш ҳамда Ўзбекистоннинг жаҳон маданий марказларидан бири сифатида нуфузини мустаҳкамлашдир.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистонда доллар курси пастлади
- «Бунёдкор» мураббийи Сергей Арсланов вафот этди
- Қондаги глюкозани пасайтириш учун кечки овқатланишнинг идеал вақти маълум бўлди
- Сардобанинг сири нимада?
- Камчатка соҳилларидаги кучли зилзиладан сўнг Ўзбекистон Консуллиги ватандошларимизга мурожаат қилди
- Бухоролик докторант ниманинг эвазига Президент совғаси – автомобилга эга бўлди?
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг