Ўзбекистонда йўлларни қуриш ва таъмирлашга 61 триллион сўм ажратилди

15:18 09 Июль 2025 Сиёсат
124 0

Иллюстратив фото

Президент раислигида йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш ва тирбандликни камайтириш бўйича видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтмоқда.

Фото: Президент матбуот хизмати

Охирги 7 йилда бу борада кўп ишлар қилингани таъкидланди. Йўлларни қуриш ва таъмирлашга 61 триллион сўм ажратилди. Бу 2017 йилгача берилган маблағлардан 3,5 баробар кўп.

Онлайн мурожаат тизими ишга тушиб, йўл ҳаракати хавфсизлиги бўлинмаларига келиш 50 фоизга камайди.

Шунингдек, 3 минг 365 нафар ЙҲХХ ходимига электрон планшет ва бодикамера олиб берилди. Қоидабузарликларни сунъий интеллект асосида саралаш ва қарор чиқариш амалиёти жорий қилинди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Ҳайдовчилик ҳуқуқига имтиҳон, йўл чизиқлари чизиш, техник кўрик каби 8 та хизмат тадбиркорларга аутсорсингга берилди.

Шаҳарларда жамоат транспорти учун махсус йўлаклар ташкил қилинди.

Ўтган ойда ҳам ҳайдовчиларга қатор енгилликлар берилди:

  • Биринчи бор ҳуқуқбузарлик қилганларни жазолаш эмас, огоҳлантириш йўлга қўйилди.
  • Йўл чизиқларини босиш ҳолатларини камера орқали фиксация қилиш бекор қилинди.
  • Жамоат транспорти учун мўлжалланган тасмаларда кечқурун бошқа ҳайдовчилар ҳам юришига рухсат берилди.
  • Шаҳарларда йўлларни кундузи таъмирлаш тақиқланди.
  • Радар бор жойда йўл белгисини ўрнатиш мажбурий бўлди.

Шу билан бирга, давлатимиз раҳбари соҳада ўз ечимини кутаётган масалалар кўплигини қайд этди.

Мамлакатимизда йўл-транспорт ҳодисалари оқибатидаги зарар ялпи ички маҳсулотга нисбатан ўртача 0,4 фоизни ташкил қилаётгани кўрсатиб ўтилди.

Ўтган йили 9 минг 364 та йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлган. Ушбу мудҳиш ҳодисаларда қарийб 9 минг фуқаро жароҳат олган.

Энг ачинарлиси, авариялар туфайли 2 минг 203 нафар одам ҳалок бўлган. Энг кўп ўлим ҳолатлари Самарқанд, Тошкент ва Фарғона вилоятларида.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?