Ўзбекистонда кўз касалликларини даволашга ихтисослашган инновацион кластерлар ташкил этилади
Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳамда DMC Инновацион клиникаси ҳамкорлигида ташкил этилган Ўзбекистон офтальмологлар ассоциацияси аҳоли орасида кўз касалликларини ташхислаш, даволаш ва олдини олиш чора-тадбирларини яхшилашда ёрдам беришни ўз олдига мақсад қилган. Мазкур ассоциация соҳа мутахассисларининг назарий билимлари ва амалий кўникмалари, ҳамда, уларнинг илмий салоҳиятини оширишга, илмий дастурларни яратиш ва ривожлантиришга кўмаклашади. Шу билан бирга, соҳадаги маҳаллий инновацион лойиҳалар учун чет эл инвестицияларини жалб қилиш, халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш, ассоциация аъзоларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш ҳам асосий йўналишларидан ҳисобланади.
Ҳозирда Ўзбекистон офтальмологлар ассоциацияси томонидан XXI аср клиникасини яратиш учун зарур бўлган бир қатор тиббий инновацион технологиялар ва энг янги тиббий ускуналар жалб қилиш устида қатор ишлар олиб борилмоқда. Ўтган йил мобайнида айнан шу соҳа ривожи учун фаолият юритаётган "DMC инновацион клиника»си ва Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги билан биргаликда “EYESI VRMagic” симуляцион мосламалари Германиядан сотиб олинди ва ўқув-симуляцион марказни (ЎСМ) яратиш бўйича стартап лойиҳа амалга оширилди. Бугунга қадар DMC Инновацион клиникаси қошидаги кўз микрожарроҳлиги бўйича инновацион ўқув симуляцион марказида «Катаракта факоэмулсификацияси», «Витреоретинал жарроҳлик», «Оптометрия ва кўзнинг рефракцион бузилишини коррекция қилишнинг замонавий жиҳатлари» каби қатор ўқув дастурлари ишлаб чиқилди.
Ўзбекистон офтальмологлар ассоциацияси кўз касалликларини даволашга қаратилган инновацион тиббий кластерларни яратиш бўйича ишлар олиб бормоқда. Тиббий кластер беморларни профилига қараб саралаш, даволаш, кузатувга олиш, диспансеризациялашга қаратилган тиббий хизмат жараёнларни ташкил этишнинг инновацион модели бўлиб, бошқа тизимлардан кенг қамровлилиги билан фарқ қилади. Тиббий кластер мавжуд соҳалар, ўқув муассасалари, транспорт коммуникацияларга тегишли тиббий инфратузилмаларни мослаштириш орқали ташкил этилади.
Ассоциация жарроҳларни тайёрлаш ва малакасини ошириш, уларнинг малакасини холисона баҳолаш, офтальмологнинг жарроҳлик маҳорати ва даражасини таҳлил қилиш, кўз микрохирургиясига тегишли синовлар, имтиҳонларни ўтказишга имконият яратмоқда. Шу билан бирга, онлайн лекцияларни ўтказиш учун чет элнинг етакчи клиника профессорларини жалб қилиш йўлга қўйилган. Ҳозирги кунда ассоциация офтальмология соҳасида илмий, статистик, эпидемиологик тадқиқотлар ўтказилишини ташкил этиш, тиббий таълим сифатини оширишга ёрдам бериш, малакали кадрлар тайёрлаш дастурини ишлаб чиқиш каби ишларни амалга ошириб келмоқда.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Шавкат Мирзиёев аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартиришга оид муҳим қарорни имзолади
- Ўзбекистонда 2025 йил 1 апрелдан электр энергияси ва газ нархлари оширилади
- “Энг яхши мақолалар” танлови ғолиблари аниқланди
- Ҳарбий хизматни ўташ билан боғлиқ тартиблар янгиланади
- Вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизими такомиллаштирилмоқда
- Наманганда 3 та йирик институт битта университетга бирлаштирилади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг