Ўзбекистонда илк бор ёғ-мой комбинатлари чиқиндисидан қурилиш битуми яратилди

15:14 24 Октябр 2019 Жамият
1332 0

Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан ўз харажатларини ўзи қоплаш асосида молиялаштириладиган стартап лойиҳаларидан бири “Госсипол смоласидан нефтсиз қурилиш битуми олиш технологиясини ишлаб чиқаришга татбиқ қилиш” бўлиб, мазкур лойиҳа Хоразм вилоятидаги “Коррозияга қарши изоляция илмий маркази” хусусий корхонаси томонидан амалга оширилмоқда.

Лойиҳа доирасида бугунгача модель ускунада нефтсиз битумлар ишлаб чиқаришнинг технологик параметрлари тўлиқ ўрганилди. Тажриба-саноат намуналари ишлаб чиқарилиб, уларнинг физик-механик хоссаларини “ГОСТ” талаблари асосида аниқланди. Шунингдек, тегишли лабораторияларида синовдан ўтказилди ҳамда юртимизнинг турли саноат объектларида қўлланилиб, янги тур маҳсулотга халқаро ISO 9001 мувофиқлик сертификати олинди. Натижада маҳаллий истеъмолчиларга дастлабки маҳсулотлар етказиб берила бошланди.

Шундай қилиб, госсипол смоласидан жаҳон миқёсида аналоги йўқ янги турдаги нефтсиз битумларнинг технологияси илк бор Ўзбекистонда яратилди. Ушбу лойиҳани бажариш орқали саноат чиқиндиси бўлмиш госсипол смоласи ҳамда иккиламчи маҳаллий ресурсларни қайта ишлаш инновацион технологияси амалиётга жорий этилади ва рақобатбардош нефтсиз битумлар кенг кўламли ишлаб чиқаришга қўйилиб, жаҳон бозорларида сотишга эришилади.

Масаланинг иккинчи томони шундаки, ҳозирги кунларда госсипол смоласи республикамиз ёғ-мой комбинатларида чиқинди бўлиб, қўшимча экологик муаммоларни туғдирмоқда. Эндиликда ушбу чиқиндидан халқаро даражадаги битум маҳсулотлари олинади ва бу чиқинди билан боғлиқ экологик масалаларга ўз-ўзидан барҳам беради.

Нефтсиз битумларнинг тажриба — саноат намуналари Осиё, Европа, Америка ва МДҲ давлатларида ўтказилган халқаро ярмаркаларда намойиш этилди.

Лойиҳа доирасидаги илмий ҳажмдор маҳсулот — битумнинг таннархи тоннасига 2 500 000 — 2 600 000 сўм атрофида. Бугунги кундаги сотилиш баҳоси ички бозорга 3 500 000 сўмни, чет элларга 600 АҚШ долларини ташкил этмоқда. Айни кунларда нефтдан ишлаб чиқарилаётган битумларнинг таннархи баланд бўлгани боис, биржада сотилиш баҳоси тоннасига тахминан 4 500 000 — 5 000 000 сўмни ташкил этмоқда.

Бугунги кунда мамлакатимизга 700 000 тонна битум валюта ҳисобига импорт қилинаётганига эътибор қаратмоқчимиз. Мазкур лойиҳа доирасида эса 2020-2021 йилларга мўлжалланган йиллик ишлаб чиқариш ҳажми 500 тоннани ташкил этиши кутилмоқда. Кенг миқёсда ишлаб чиқариш ташкил этилса, республика бўйича йилига 30 000 тоннадан ортиқ нефтсиз битум ишлаб чиқариш имконияти мавжуд. Бу ўз навбатида мамлакатимизнинг ушбу маҳсулотга бўлган тақчиллигини таъминлайди ва экспорт қилишга замин яратади.

Назокат АБДУҚУНДУЗОВА, 

Инновацион ривожланиш вазирлиги
Матбуот хизмати раҳбари.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер