Ўзбекистонда илк бор UNWTO Бош Ассамблеяси сессияси ўтказилади
Самарқанд шаҳрида 16–20-октабр кунлари Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Бутунжаҳон Туризм Ташкилоти (UNWTO) Бош Ассамблеясининг 25-юбилей сессияси ўтказилиши кутилмоқда. Таъкидлаш лозимки, Ўзбекистон ўз тарихида биринчи марта БМТ оиласига кирувчи ташкилотнинг энг муҳим тадбири ҳисобланган ва икки йилда бир марта ўтказиладиган Бош ассамблеяга мезбонлик қилади.
Тадбир 160 га яқин давлатдан туризм йўналишида фаолият юритувчи давлат идоралари раҳбарлари, халқаро ташкилотлар ва сайёҳлик бизнеси вакилларини бирлаштиради.
Бугунга келиб, Саудия Арабистони, Албания, Озарбайжон, Багама, Баҳрайн, Гватемала, Гаити, Кот-дЪИвуар, Индонезия, Монако, Нигер, Панама, Португалия, Серра-Леоне, Украина, Уругвай, Яман каби мамлакатларнинг туризм идоралари раҳбарлари Самарқандга келиши кутилмоқда.
Қайд этиш жоизки, Ўзбекистон кейинги 2023–2027 йиллар учун UNWTO Ижроя кенгашининг Ваколатлар бўйича қўмитаси аъзолигига қабул қилинди. Бу УНWТО Ижроия кенгаши томонидан қабул қилинадиган муҳим қарор ва ҳужжатлар, уларда аъзо давлатлар иштирокининг ҳаққонийлиги ва тамойилларга мослигини назорат қилиш ваколати Ўзбекистонга ишониб топширилганини билдиради.
Мамлакатимизга халқаро миқёсда билдирилган бундай ишонч юртимизнинг нафақат жаҳон туризм бозоридаги позицияси мустаҳкамлигини, балки халқаро муносабатлардаги фаолиятининг ҳам нечоғли самарали эканини намоён қилади.
Бош Ассамблеянинг Ўзбекистонда ўтказилиши мамлакатимизнинг халқаро майдондаги нуфузини ошириш, халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик кўламини янада кенгайтириш, маданий ва туризм салоҳиятини тарғиб қилишда янги имкониятларни тақдим этади.
Бош Ассамблеянинг 25-сессияси доирасида туризм соҳасидаги халқаро ҳамкорлик масалалари ялпи сессиялар ва бошқа қатор кенг миқёсли анжуманларда муҳокама қилинади.
Жумладан, UNWTO доирасида ташкиллаштирилиши режалаштирилаётган Инвестиция форуми Ўзбекистоннинг барча ҳудудларидаги инвестициявий салоҳияти юқори бўлган объектлар, ҳудудлар, лойиҳалар йирик хорижий инвесторларга тақдим этилиши, юртимизга фаол мақсадли ва манзилли сармоялар жалб этилиши бўйича кўплаб муҳим бизнес келишувларига эришилиши кўзда тутилмоқда.
Форум туризм секторидаги имкониятларни ўрганиш учун глобал манфаатдор томонларни, саноат раҳбарларини ва инвесторларни бирлаштиради. Ушбу тадбир мамлакатимизда яратилган қулай инвестицион муҳит ҳамда хорижий инвестицияларни жалб этишнинг мустаҳкам ҳуқуқий асосларини намойиш этиш, шунингдек, иштирокчилар ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган.
Инвестфорумдаги асосий сессиялар давомида мамлакатимизнинг сармоявий муҳити ҳақида жаҳон жамоатчилигида ижобий фикрни шакллантириш, йирик хорижий инвесторларда Ўзбекистонга сармоя киритишга қизиқишни ошириш мақсади кўзланган. Тадбир якунига кўра, юртимизга киритиладиган инвестициялар кўламини ошириш орқали барқарор ривожланишга кўмаклашиш, Ўзбекистоннинг сармоявий салоҳиятини янада ошириш ва глобал миқёсда секторлар бўйлаб ҳамкорликни кучайтиришга эришиш кутилмоқда.
Шу билан бирга, Ўзбекистоннинг бой маданий мероси ва табиий ресурсларини сақлаб қолган ҳолда, мамлакатимизнинг иқтисодий ўсишига ҳисса қўшадиган инвестицияларни жалб қилиш кўзланмоқда.
Бош Ассамблея доирасида ўтказилиши кутилаётган Таълим форуми туризм соҳасидаги таълимнинг бугунги кундаги ҳолатини намоён этиш, малака ошириш ва барча учун инклюзив имкониятлар яратишга сармоя киритиш нақадар муҳим эканини намоён қилади.
Тадбирда UNWTO томонидан ўрта, олий ва бошқарувчи таълим бўйича етакчи академик ҳамкорлар билан ишлаб чиқилган қўшимча ташаббуслар, инновацион таълим воситалари тўплами, Халқаро барқарор туризм бўйича янги фанлар бўйича ўқитиш ҳар бир соҳадаги сўнгги ютуқлар намойиш этилади. Форумнинг кенг қамровли дастури манфаатдор томонлар, сиёсатчилар, профессорлар ва саноат раҳбарларини жамоавий ҳаракатларга илҳомлантириш ва сафарбар этишга интилади.
Бундан ташқари, тадбир доирасида UNWTOтомонидан йилнинг энг яхши сайёҳлик қишлоқлари (Best Tourism Villages) эълон қилинади. Бунинг учун ҳудуднинг иқтисодий, ижтимоий ва экологик жиҳатдан барқарорлигини таъминлашга қаратилган, аҳолининг анъанавий ҳаёт тарзи ва қадриятларини сақлаб қолган ҳолда, тараққиёт ва фаровонликни таъминлайдиган илғор туризм соҳаларига эга бутун дунёдаги туризм қишлоқлари танлаб олинади. Мазкур танловда мамлакатимиздан ҳам қатор қишлоқлар иштирок этаётгани барчамиз учун қувонарли.
Бутунжаҳон Туризм Ташкилоти (UNWTO) Бош Ассамблеяси 25-юбилей сессиясининг қадимий Самарқанд шаҳрида ўтказилиши мамлакатимизнинг маданий, туризм, инвестиция ва интеллектуал салоҳиятини дунёга танитиши баробарида, жаҳон ҳамжамияти билан олиб бориладиган савдо-иқтисодий, туризм ва маданий соҳалардаги халқаро алоқаларининг янада мустаҳкамланиши йўлида хизмат қилади.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- G20 саммитининг Жанубий Африкада ўтказилиши шармандали ҳолат – Трамп
- АҚШ ва Британия Сурия муваққат президенти Ахмад аш-Шаръани «қора рўйхат»дан чиқарди
- Ўзбекистон U-17 терма жамоаси Жаҳон чемпионатидаги иккинчи ўйинида мағлуб бўлди
- Машинада хавфсизлик камарини тақиш мумкин бўлмаган касалликлар рўйхати тасдиқланади
- Ўзбекистон миллий терма жамоасининг халқаро мусобақа учун қайдномаси эълон қилинди
- “Доҳа — Қатарнинг юраги, тунги ритмда уриб турган шаҳар”
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг